Тошкентда яшил ҳудуд яратган фуқаро жавобгарликка тортилгани бўйича изоҳ берилди (видео)

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида яшил ҳудуд яратгани учун бир фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, қўмита ҳолатни воқеа жойига чиқиб ўрганган. Ўрганиш давомида кўрсатилган майдон, яъни 36 сотих ерда бир фуқаронинг ташаббуси билан кичик боғ барпо этилгани, ушбу ҳудуд аллақачон Қўмитанинг Тошкент шаҳар бошқармаси назорати остида бўлгани ва бу ерда мунтазам мониторинг олиб борилгани маълум бўлган. Шунингдек, илгари бу жой тартибсиз чиқинди тўпланган ҳудуд бўлган, бироқ фуқаролар ташаббуси билан тозаланиб, маҳаллий аҳоли учун обод масканга айлантирилган.

Бугунги кунда бу ерга 246 туп манзарали, мевали дарахтлар ва буталар экилган. Барча кўчатлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги электрон платформага киритилган ва Қўмита назоратида турибди.

“Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 199-сонли фармонига кўра, жисмоний ва юридик шахслар автомобиль ва темир йўллар бўйлаб ҳамда бўш ҳудудларда боғлар яратишга ҳақли. Бундан ташқари, мазкур ҳужжат бундай ташаббускор фуқароларга ер участкасини 10 йилгача бевосита фойдаланиш учун бериш имконини ҳам назарда тутади”, дейилади хабарда.

Қўмитага кўра, мазкур ҳолатда боғ яратиш аввалги чиқиндихонани ободонлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлган. Ташаббускор фуқаро аввалдан маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилиб, ҳудудни тозалаш таклифини берган, шундан сўнг 300 га яқин аҳоли бу ғояни қўллаб-қувватлаб, ҳашарда иштирок этган.

“Тошкентда атмосферани яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар фонида бундай ташаббуслар алоҳида экологик аҳамиятга эга. Яшил ҳудудлар кислород миқдорини кўпайтиради, аҳолининг дам олиши учун қулай ва соғлом шароит яратади. Бугун бу жой тўлақонли дам олиш масканига айланган бўлиб, уни бемалол яшил жамоат боғи деб аташ мумкин. Қўмита яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этади”, дейилади хабар сўнгида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоийда экология инспекторига куч ишлатган браконьерлар ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент жавобгарлик яшил ҳудуд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг