Тошкентдаги “Бродвей” ҳудуди янгиланади

Жамият

image

Тошкент шаҳридаги энг машҳур жойларидан бири – “Бродвей” номи билан танилган Сайилгоҳ кўчаси ва унга туташ ҳудудлар комплекс тарзда янгиланади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, кўчанинг пиёдалар йўлаклари, ўтиш жойлари, ёритиш тизими, ирригация, хавфсизлик ва ташқи кўринишни замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. Шунингдек, пешлавҳалар ва рекламалар ягона дизайн-код асосида тартибга солинади, ноқонуний қурилмалар демонтаж қилинади, савдо фаолияти белгиланган меъёрларга мослаштирилади ҳамда жамоат жойларида видеокузатув тизимлари жорий этилади.

Ҳокимлик берган хабарда айтилишича, ҳудуднинг очиқ ва ижодий муҳити сақлаб қолинади. Кўча рассомлари ва ижодий жамоа вакилларига реконструкциядан сўнг фаолият юритиши мумкин бўлади. Тайёргарлик жараёнида аҳоли ва мутахассислар фикр-мулоҳазалари ҳам инобатга олинади.

Шу билан бирга, мавжуд дарахтлар мутахассислар назорати остида кўрикдан ўтказилмоқда, яна қўшимча равишда камида 1000 туп дарахт, буталар ва манзарали ўсимликлар экилиши режалаштирилган. 

Маълумот учун, мазкур ҳудудга Сайилгоҳ кўчаси, унга туташ хиёбонлар, яшил майдонлар, пиёдалар йўлаклари ва бошқа шаҳар инфратузилмаси элементлари киради. “Бродвей” тарихан рассомлар, мусиқачилар ва шаҳар аҳолиси тўпланадиган жонли маданий макон сифатида шакллангани билан алоҳида аҳамиятга эга ҳудуд ҳисобланади.

Ойбек Рустамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Тошкент Бродвей Сайилгоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг