Тошкентдаги хусусий боғчада 3 ёшли боланинг елкаси синди

3-саҳифа

image

QALAMPIR.UZ’га Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги “Magnat” хусусий боғчасида 4 ойдан бери тарбияланиб келаётган боланинг елкаси сингани ҳақида маълумот келиб тушди. Боланинг онаси таҳририятга мурожаат қилиб, жорий йилнинг 21 октябрь куни боғчада 3 ёшли ўғлининг елкаси сингани, бироқ унга ўз вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатилмагани, ҳолат ҳақида эса фақат ўзи боғчага келганидан сўнг хабар топганини маълум қилди.

“21 октябрь куни соат 17:00 ларда боғчага бордим. Фарзандим ҳовлида ғамгин турган эди. Ҳар сафар “ойижон” деб кулиб, югуриб келадиган фарзандим бу сафар секин, суст қадамлар билан чиқди. Эшик олдида турган боғча опа унга тезроқ юр деди. Эшикдан чиққач, уни кўтарганимда фарзандим дод солиб йиғлаб юборди. Ерга қўйдим, балки нотўғри ушладимми деб, лекин кийимини ечиб, қўлини текширганимда у қўлини умуман кўтармасди, менга ҳам теккизмасдан қаттиқ йиғларди. Нима бўлганини сўрасам, гапира олмади, фақат йиғлади. Сал ўзига келгач, устози қаттиқ босиб олганини айтди”, дейди мурожаатчи.

Онанинг айтишича, у воқеадан сўнг тарбиячига қўнғироқ қилган, бироқ жавоб ололмаган. Telegram мессенжерида ҳолат ҳақида сўралганда, боғча ходими “кўрпа йиғилаётганда бошқа болалар унинг устидан босиб олган, ҳеч нарса бўлмаган”, деб жавоб қайтарган.

Бола шифохонада рентген текширувидан ўтказилганда, ўнг ўмров суякнинг ёпиқ, пўстлоқости синиши, яъни елкаси сингани аниқланган.

“Гипс қўйиш учун навбатда турганимизда боғча опага ёздим, рентген суратларини юбордим. Мана, синган экан. Нега ҳеч ким қарамади, болам неча соатдан бери қийналган десам, у ўзингизни босиб олинг деди. Мен 3 ёшли боланинг елкаси синганини айтсам, синганида йиғларди, биз билардик деб жавоб берди. Боғчанинг Telegram канали бор, унда директор ва ота-оналар ҳам бор. Шу ерга овозли хабар орқали ҳолатни тўлиқ тушунтириб, рентген суратларини юбордим. Бироқ икки дақиқа ўтмай барча хабарларим ўчирилди ва ёзиш имконияти ёпилди”, дея қўшимча қилади она.

QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида боғча маъмурияти билан боғланди. Ташкилот раҳбари болани тарбиячи эмас, балки бошқа тарбияланувчилар кўрпа остида ўйнаш пайтида босиб олганини билдирди. Тарбиячи эса болани кўрпа остидан олганида, бола бу ҳолатни “тарбиячи босиб олди” деб ўйлаган бўлиши мумкинлиги айтилди. Тарбиячига нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўллангани, МЧЖ раҳбари боланинг соғлиғи тикланиши учун барча харажатларни қоплашга тайёр эканини, бироқ боланинг оиласи буни рад этганини маълум қилди. 

Ҳодиса юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳозирча расмий муносабат билдирмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Юнусобод боғча

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг