Трамп Ҳиндистонга Россиядан нефть сотиб олгани учун 25 фоизлик бож жорий қилди
Олам
−
06 Август 3590 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳиндистон Россиядан нефть харид қилгани сабабли бу мамлакатга нисбатан 25 фоизлик бож жорий этилиши тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Трампга кўра, Ҳиндистон ҳукумати ҳозирда тўғридан тўғри ёки билвосита Россиядан нефть импорт қилмоқда. Шу боис, АҚШ божхонасига келаётган Ҳиндистон маҳсулотларига қўшимча 25 фоиз адвалор (яъни товар қийматига нисбатан ҳисобланадиган) бож солинади. Бу божлар фармон имзоланган кундан 21 кун ўтиб кучга киради.
Қайд этиш жоиз, янги божлар туфайли Ҳиндистондан АҚШга олиб кириладиган товарларга жами бож ставкаси 50 фоизга етади.
1 август куни АҚШ ҳукумати Ҳиндистондан олиб кириладиган товарларга 25 фоиз бож жорий этилишини эълон қилганди. Бу чора АҚШнинг Ҳиндистон билан савдо балансидаги камомадни камайтириш мақсадида кўрилган. Тарифлар 7 август куни кучга кириши режалаштирилганди.
Трамп Ҳиндистон Россиядан ҳарбий техника ва энергия манбаларини харид қилгани учун ҳам “жазоланиши” кераклигини айтди. У Ҳиндистон нафақат катта миқдорда Россия нефтини сотиб олаётгани, балки бу нефтни очиқ бозорда қайта сотиб, катта фойда олаётганини таъкидлади.
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги бу танқидларни асоссиз деб атади.
“Ҳиндистон Россиядан нефть сотиб олишга мажбур. Бизни танқид қилаётган мамлакатларнинг ўзлари ҳам Россия билан савдони давом эттирмоқда. Бироқ уларнинг бундай ҳаракатлари ҳаётий миллий заруратдан келиб чиқмайди”, дейилади Ҳиндистон томонининг жавобида.
Ҳиндистон вакилларининг тушунтиришича, Украина уруши бошланганидан кейин анъанавий нефть етказиб берувчилар Европага йўналган, АҚШ эса ўзи ҳам Ҳиндистонга Россия нефтини сотиб олишни маъқуллаган, бу глобал энергия бозоридаги барқарорлик учун керак бўлган.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Кремль бошқа давлатларни Россия билан савдони тўхтатишга мажбурлаш уринишларини ноқонуний деб ҳисоблайди.
Live
Барчаси