Трамп Абу-Дабига етиб борди (видео)
Олам
−
15 Май
4159Бугун, 15 май куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп расмий давлат ташрифи билан Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрига етиб борди. Бу ҳақда “Sky News Arabia” хабар берди.
Қайд этилишича, Президент Трамп ва унинг ҳамроҳлигидаги делегацияни Абу-Даби аэропортида БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён кутиб олган.
Шунингдек, уни кутиб олганлар қаторида Абу-Даби валиаҳди, миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи шайх Таҳнун бин Зоид Ол Наҳаён, Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири шайх Абдуллоҳ бин Зоид Ол Наҳаён, Президент маслаҳатчиси шайх Муҳаммад бин Ҳамад бин Таҳнун Ол Наҳаён, Президент идорасининг стратегик масалалар бўйича раҳбари, доктор Аҳмад Муборак ал-Мазруи, БААнинг АҚШдаги элчиси Юсуф ал-Утайба ва бошқа юқори мартабали амалдорлар бўлган.
Ташриф давомида Трамп Абу-Дабидаги Шайх Зойид масжидини зиёрат қилади, шундан сўнг у Президент саройи Қаср ал-Ватан ҳовлисида расмий қабул маросими ва тантанали кечки овқатда иштирок этиши режалаштирилган.
Эртага, 16 май куни АҚШ Президенти Абу-Дабидаги Америка элчихонаси ходимлари билан учрашади. Шунингдек, у америка-амирликлар ишбилармонлар форумига ташриф буюради.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда Трамп Яқин Шарққа ташриф буюрган. АҚШ Президенти ҳозиргача мазкур ташриф давомида Саудия Арабистони билан АҚШ иқтисодиётига 600 млрд доллар сармоя киритиш бўйича битим имзолади.
Шунингдек, Трамп ва Қатар ҳукумати ўртасида 1,2 триллион доллардан ортиқ қийматга эга иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Мазкур шартнома Boeing компанияси Қатарга 200 млрд долларлик 160 дан ортиқ самолёт етказиб бериши тўғрисида келишувни ҳам ўз ичига олади.
Бундан ташқари, Саудия Арабистонида бўлиб турган пайтда Трамп Сурияга қарши барча АҚШ санкцияларини бекор қилишини эълон қилди. Бу қарор ижтимоий ва дипломатик доираларда катта резонансга сабаб бўлди. Трамп, шунингдек, Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашди ва уни Исроилни тан олиш ва Иброҳим келишувларига қўшилишга даъват этди.