Трамп Кубани “дўстона” эгаллаб олишга тайёрлигини маълум қилди
Олам
−
10 Март 2718 2 дақиқа
Агар Куба расмийлари Вашингтон билан келишув тузишдан бош тортса, АҚШ мамлакатни “дўстона” тарзда эгаллаб олиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 9 март куни АҚШ Президенти Дональд Трамп журналистлар билан мулоқотда сўз очди.
“Бу дўстона эгаллаш бўлиши мумкин. Ёки аксинча. Бунинг аҳамияти йўқ, чунки улар, таъбир жоиз бўлса, “сўнгги нафасини олмоқда”. Уларда энергия йўқ. Уларда пул йўқ. Улар чуқур гуманитар инқироз ҳолатида”, дейди Трамп.
Унинг сўзларига кўра, Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио Куба билан келишув устида ишламоқда, бироқ унинг мазмуни нималардан иборатлигига аниқлик киритмаган.
Бундан олдин Оқ уйдаги “The Atlantic” манбалари ушбу Лотин Америкаси давлати Эрон ва Венесуэладан кейин Трампнинг навбатдаги нишонига айланиши мумкинлигини айтган.
“The Wall Street Journal” (WSJ) маълумотларига кўра, АҚШ Президенти маъмурияти Куба ҳукумати ичидан Вашингтонга амалдаги режимни алмаштиришда ёрдам берадиган одамларни қидиришни бошлаган. Нашрнинг Америка мулозимлари орасидаги суҳбатдошлари Оқ уйга “воқеалар ривожи қаерга қараб кетаётганини тушунадиган ва келишувга рози бўладиган кимдир” кераклигини таъкидлаган. Ўз навбатида, USA Today манбалари АҚШ расмийлари яқин орада Куба билан келишув ҳақида эълон қилиши мумкинлигини, Гавана билан муҳокама қилинаётган масалалар эса Президент Мигель Диас-Канелнинг ҳокимиятдан кетиш сценарийси, Фидель Кастро оиласининг оролдаги мақоми ҳамда энергетика, туризм ва порт хўжалиги соҳасидаги келишувларни ўз ичига олишини даъво қилмоқда. Келишув доирасида Вашингтон Кубага нисбатан баъзи санкцияларни бекор қилиши ҳам мумкин.
АҚШ 2025 йил август ойида Кариб ҳавзасида ҳарбий иштирокини оширишни бошлаган эди, сентябрдан эса наркотрафикка алоқадор деб ҳисобланган кемаларга ҳужум қила бошлади. Жорий йилнинг январь ойида Америка ҳарбийлари Венесуэла президенти Николас Мадурони ўғирлаб кетди. Бунинг ортидан Трамп Кубага Венесуэла нефти етказиб беришни тўхтатиб қўйди ва оролда ёнилғи инқирозини келтириб чиқарди. Январь ойи охирида Оқ уй раҳбари Куба томонидан миллий хавфсизликка таҳдид туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Вашингтон босими фонида Куба Президенти Диас-Канель мамлакат ҳимояланишга тайёрлигини билдириб, огоҳлантириш берган эди.
Live
Барчаси