Трампга суиқасд, Россиянинг ҳужуми ва қотил ёшлар - Weekend
Таҳлил
−
26 Апрель 7839 20 дақиқа
Бугун инсоният маънавий ва сиёсий таназзулнинг энг хавфли нуқтасига етиб келди. Дунё харитаси “кучлилар”нинг ўзаро нифоқлари, “қўрқит ва бошқар” тамойили асосидаги геосиёсий ўйинлар майдонига айланган. Халқаро ҳуқуқ, жазо муқаррарлиги ва инсон қадри каби тушунчалар шунчаки қоғоздаги безакка айланиб қолди. Ким нима деса десин. БМТ ҳам аввалги мақомида эмас. Энг даҳшатлиси шундаки, катталар дунёсидаги ушбу тартибсизлик, шафқатсизлик ва адолатсизлик ўсиб келаётган авлод онгига жуда осон ва табиий равишда сингиб боряпти.
Агар давлатлар даражасида қуроли кўпроғи кучлироқ экани, халқаро даражадаги ҳуқуқларга тупуриши мумкинлигини кўрсатса, дунёни бошқараётган тузилмалар жиноятни жазолаш ўрнига уни “манфаат” юзасидан оқласа ёки ечим сифатида баҳоласа, мана шу воқеаларни ўз кўзи билан кўраётган ўсмирдан раҳм-шафқат кутиш – қанчалик мантиқий? Бу ҳафта дунёнинг турли нуқталаридан келган хабарлар битта ҳақиқатни тасдиқлади: ёшлар дунёсида ваҳшийлик оддий ҳолга айланяпти.
Масалан, Озарбайжонда 16 ёшли бола синфдошини тириклайин ёқиб юборди. Ҳолат Боку шаҳридаги 286-сонли ўрта мактабда кузатилган. 9-синф ўқувчиси 20 апрель куни ақлни шошириб қўядиган даражадаги ишни амалга оширди. У ўз синфдошининг устига аввал спирт сепиб, кейин ёндиргич билан ўт қўйган. Бу ҳаракатидан сўнг уни эмоцияда эмас, аниқ режа билан иш тутганини тахмин қилишимиз мумкин.
Жабрланувчининг боши, юзи, бўйни, кўкракнинг олд ва ён қисмлари ҳамда қўллари II–III даражада куйган. Ҳозирда бемор жонлантириш бўлимида даволанмоқда ва аҳволи оғир деб баҳоланган. Ҳолат юзасидан тергов олиб борилмоқда. 16 ёшли ўсмирнинг онгида бундай совуққонлик қаердан пайдо бўлди? Жавобингиз аллақачон бўлса керак. Ҳа, бу ўша биз яшаётган дунёда таклиф қилинаётган “муаммони ечиш” усулининг – агрессия ва жисмоний йўқ қилишнинг кичрайтирилган моделидир.
Марказий Осиё ҳудуди ҳам бундай ваҳшийлик тўлқинидан четда қолаётгани йўқ. Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги Гулдала қишлоғида 20 ёшли йигит 10 дан ортиқ шахс томонидан қуршовга олинган ва пичоқлаб ўлдирилган. Дастлаб ресторанда йигитлар ўртасида жанжал юзага келган. Сўнг, 10 нафардан ортиқ эркаклар 20 ёшли йигитга пичоқ билан ҳужум қилган.
“Унга 10 дан ортиқ кишидан иборат гуруҳ ҳужум қилди. Бу тасодифий тўқнашув эмас эди. Бу совуққонлик билан қилинган гуруҳ ҳужуми. У қуршаб олинган ва ўзини ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум қилинган. У пичоқдан олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этди. Бизда нима бўлганини кўрсатувчи видеодалиллар мавжуд. 30 дан ортиқ гувоҳлар ҳам бор. Аммо шунга қарамай, фақат битта одам ҳибсда”, дейди марҳумнинг оиласи.
Қайд этилишича, Олмаота вилояти полиция бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 20 ёшли гумондор ҳибсга олинган. Бундан ташқари, яна учта гумонланувчи безориликда айбланган. Уларга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Маълум қилинишича, суд уларнинг иккитасини уй қамоғига олган. Жиноят иши доирасида ҳодисанинг барча гувоҳлари аниқланган ва сўроқ қилинган. Ҳозирда ҳодисанинг барча ҳолатларини тўлиқ, ҳар томонлама ва холис текширишни таъминлаш учун барча зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Марҳумнинг яқинлари 30 дан ортиқ гувоҳ бўлишига қарамай, бошида фақат бир киши ҳибсга олинганига нисбатан шубҳа билан қарамоқда.
Ўлчовлар ўзгарди. Фақат атрофимиздаги жамиятда эмас, умуман ҳар ерда. Ҳар ҳолда “бир минг тўққиз юз” деб бошланадиган йилларда ўн киши бир йигитга қарши чиқишини оқлаб бўлмас, ҳазм қилинмас, йигитчиликка мос келмас эди. Бундан ташқари пичоқ, каскет ва шунга ўхшаш совуқ қуроллар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Аммо бир ҳақиқат бор. Қандай кўринишда бўлмасин, зўравонликни ҳеч қачон оқлаб бўлмайди.
19 апрель куни АҚШнинг Айова штати марказидаги Айова университети яқинида ҳам отишма содир бўлди. Оқибатда беш киши жароҳат олди. Уларнинг 3 нафари талаба бўлган. Терговчилар отишма билан боғлиқ тўрт кишининг кузатув камерасидаги фотосуратларини эълон қилган ва уларнинг шахсини аниқлашда жамоатчиликдан ёрдам сўраган.
“Кевин ва мен бугун эрталаб Айова штатидаги отишма жабрланувчилари ва уларнинг оилалари билан бирга ибодат қиламиз. Бу бемаъни зўравонлик ҳаракати университет жамоасини ва штатимизни вайрон қилди. Мен Айова университети президенти Барбара Уилсон ва Режентс кенгаши раиси Роберт Крамер билан гаплашдим ва уларга штатнинг барча ресурслари терговга ёрдам беришини айтдим. Жамоат хавфсизлиги департаменти ўз ёрдамини таклиф қилиб, Айова шаҳар полиция департаменти билан боғланди”, деб ёзган Айова штати губернатори Ким Рейнольдс X тармоғида.
Кейинги қонли хабар асоси ва болаларнинг қурбон бўлиши ҳам демократия “ўчоғи” ҳисобланган Америкада содир бўлган. АҚШнинг Луизиана штатидаги Шривпорт шаҳрида 19 апрель тонгида содир бўлган оммавий отишма оқибатида саккиз нафар бола ҳалок бўлди.
Аммо бу вазият бўйича дастлаб полицияга хонадондаги кичик маиший можаро дея чақирув келиб тушган. Ходимлар етиб боргач, аслида бу қуролли ҳужум экани маълум бўлган. Ҳодиса оқибатида жами 10 киши жабрланган, улардан саккиз нафари вафот этган. Ачинарлиси, жабрланганларнинг ёши 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган. Яна ҳам даҳшатлиси эса, оммавий қирғин бўлган уйдаги болаларнинг айримлари қотилнинг фарзандлари бўлган.
Полиция маълумотига кўра, жиноятчи воқеа жойидан қочишга уринган. Қувиб бориш жараёнида ҳуқуқ-тартибот ходимлари гумонланувчини отиб ўлдирган. Бироқ гумонланувчи ҳақида батафсил маълумот берилмаган. Отишма сабаблари ҳам ҳозирча аниқланмаган. Исталган даврда президентлари дунё етакчиси эканини исботлашга уринаверадиган давлатда ёшлар ўз келажагини ўқлар билан чизмоқда. Бу жиддий сигнал бўлиши керак!
Агар юқоридаги ҳолатлар жамиятнинг ички чириши бўлиб кўринса, Туркиядаги сўнгги воқеалар ваҳшийликнинг янада қўрқинчли — тизимли бошқариладиган қиёфасини очиб берган эди. Ўтган ҳафтада турк ёшларининг ваҳшийликларини бутун дунё муҳокама қилди. 14 апрель куни Сиверекдаги Касб-ҳунар лицейида ўсмир ўқувчи қуролли ҳужум уюштириб, 16 кишини яралаб, сўнг ўзини ҳам отиб ташлаган эди.
15 апрелда бўлса, Измирдаги Эге университетида талабаларга катта пичоқ билан ҳужум қилинди. Натижада 2 киши жароҳатланди. Худди шу куни Қаҳрамонмарашда 8-синф ўқувчиси ёнида 5 та тўппонча билан мактабга кириб, 9 кишини ўлдирди ва ўз жонига қасд қилди. Қурбонларнинг 8 нафари ўқувчи, биттаси ўқитувчи бўлган.
Кейинчалик бу жиноят шунчаки боланинг ваҳшийлиги эмас, аксинча унинг онасининг эътиборсизлиги экани маълум бўлди. Қаҳрамонмараш Бош прокуратураси баёнотида она ўғлини психиатрик даволатиш зарурлиги ҳақидаги шифокорлар тавсияларини эътиборсиз қолдиргани ва бу ҳолат фожиага олиб келгани сабаб ҳибсга олингани айтилган. Ўқитувчи бўлиб ишлаган Пинар Пейман Мерсинли суд томонидан “эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш” айби билан ҳибсга олиниб, қамоқхонага жўнатилган. Ҳодиса юзасидан кенг кўламли тергов давом этаётгани хабар қилинган.
“Жиноят содир этган Исо Арас Мерсинлининг соғлиғидаги муаммоларни аниқлашга қаратилган ва иш материалларига қўшилган барча маълумот ва ҳужжатлар тегишли тиббиёт муассасаларидан олинди. Ушбу ҳужжатларни ўрганиш натижасида маълум бўлдики, ҳодиса санасидан аввал икки хил муассасадан – давлат ва хусусий шифохонадан икки нафар психолог ташхис қўйиб, Исо Арас Мерсинлининг болалар психиатрия поликлиникасида даволанишга муҳтожлигини тавсия қилганига қарамай, онаси шифокорлар тавсияларини эътиборга олмаган, тегишли тиббий ёрдам олиш учун кўрсатилган психиатрия клиникаларига мурожаат қилмаган ва шу тариқа жиноятчининг ўлим ва жароҳатларга олиб келган ҳаракатларни содир этишига сабаб бўлган деб тахмин қилинаётган руҳий касалликларини даволаш вазифасига бепарволик қилган”, дейилади расмий баёнотда.
Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари ўсмирларнинг кетма-кет жинояти тасодиф эмаслигини исботлаганини аввалги таҳлилда айтиб ўтган эдик. Маълум бўлишича, ўспиринларнинг онгига ташқи кучлар — хусусан, Исроил байроғи остида фаолият юритувчи, 100 мингга яқин аъзоси бор “S31K” номли гуруҳ таъсир кўрсатган. Ушбу гуруҳ ижтимоий тармоқлар орқали ўсмирларни оммавий отишмаларга йўналтирган, ҳужум саналари ва манзилларини белгилаб берган. Бу шунчаки жиноят эмас, бу — ёшлар онгини қуролга айлантириш орқали давлат ичида тартибсизлик чиқаришга қаратилган “гибрид уруш”дир. Вазиятнинг жиддийлигини англаган Туркия парламенти 23 апрель куни инқилобий қонунни қабул қилди. Улар 15 ёшгача болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқлади.
Қолаверса, ижтимоий тармоқ провайдерларига фойдаланувчининг ёшини аниқлаш механизмини жорий этиш мажбурияти қўйилди. Бу орқали 15 ёшга тўлмаганларга хизмат қилинмаслиги таъминланади. Ота-она назоратига ҳам алоҳида эътибор берилади. 15 ёшдан ошмаганлар учун пуллик хизматлар ва вақтни чеклаш фақат ота-она тасдиғи билан амалга оширилади. Кучайтирилган жазолар ҳам бор албатта. Мажбуриятни бажармаган платформаларга 30 миллион лирагача жарима, реклама тақиқи ва энг кескин чора — интернет трафигини 90 фоизгача торайтириш, яъни платформани амалда ишдан чиқариш чоралари кўрилади.
Туркия бу борада ёлғиз эмас. 2025 йилда Австралия, 2026 йил бошида Малайзия ва Франция ҳам вояга етмаганлар учун ижтимоий тармоқларни чеклашга киришди. Дания, Испания, Норвегия ва Германия ҳам шу йўлдан кетмоқда. Хўш, сиз нима деб ўйлайсиз? Ўзбекистонда ҳам болаларга ижтимоий тармоқдан фойдаланишни тақиқлаш керакми? Агар ҳа бўлса, неччи ёшгача? фикрингизни ёзиб кетинг!
Хулоса шуки, Дунё раҳбарлари геосиёсий ўйинлар билан банд бўлган бир пайтда, рақамли дунё назоратсиз қолган "ваҳший авлод"ни вояга етказяпти. Туркиянинг бу қарори — ёшлар онгини ташқи провокация ва маънавий чиришдан ҳимоя қилиш йўлидаги сўнгги чора, эҳтимолки, ягона нажот йўли сифатида кўрилаётгандир. Чунки ваҳшийлик чегарани бузиб ўтганда, эркинликдан кўра, хавфсизлик устун туриши шарт.
Бу 7 кунда ҳам дунё харитаси шунчаки “манфаатлар бозорига” айланганини кўрдик. Ҳормуз бўғозида кемалар гаровга олинаётган, Ливан осмонида ракеталар учаётган бир пайтда, “халқаро ҳуқуқ” тушунчаси шунчаки ўлик матнга айланди. Агар давлатлар бир-бирининг суверенитетини, чегарасини ва инсон ҳаётини поймол қилишни “миллий манфаат” деб атаса, ўсмир бола ўз синфдошини ёқиб юборишини “шахсий манфаат” деб билиши табиий эмасми? Ҳа, энди ҳамма мавзунинг, ҳар бир жиноятнинг, исталган тажовузнинг ўзаги, томири сифатида дунёдаги беқарорликни кўрсатаверамиз. Чунки, кўпчиликнинг онггига бу жараёнлар, куч билан эришилаётган бошқарув ва жавобгарликдан қутулишлар бошқача таъсир қиляпти.
Биз "пост-адолат" даврига аллақачон кирдик. Балки, гапимга қўшилмассиз. Аммо “кучли бўлсанг — ҳақлисан” деган ғояни ҳамма зимдан тан олиб бўлди-ку. Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари ёки йирик давлатларнинг ўзаро нифоқлари сизга ҳам “жазо фақат кучсизлар учун” деган сигнални бермаяптими? Мана шу глобал адолатсизлик ўспиринлар онгида “қонун йўқ, фақат куч бор” деган фикрни шакллантирди. Бокудаги ёндиргич ҳам, Ақшдаги милтиқ ҳам аслида БМТ минбаридан айтилган, айтилаётган расмий ёлғонларнинг акс-садосидир.
Хўп, энг кўп ёритилаётган АҚШ—Эрон, Исроил—Ливан мавзуларига қисқа тўхталамиз. Бу ҳафтда бу давлатларга алоқадор қандай воқеалар бўлди?
Ким кўпроқ зарар кўрмоқда?
Ҳафта давомида Яқин Шарқдаги кескинлик янги босқичга кўтарилди. АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон иқтисодиёти таназзул ёқасида эканини иддао қилаётган бир пайтда, денгиздаги реал кузатувлар бутунлай бошқача манзарани кўрсатмоқда.
Президент Дональд Трамп шу йилнинг 21 апрелида ўзининг Truth Social саҳифасида Эрон иқтисодий жиҳатдан улкан йўқотишларга учраётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Эрон ҳар куни тахминан 500 миллион долларни "ҳавога совурмоқда". Ҳормуз бўғозидаги отишмалар ва АҚШ томонидан ўрнатилган блокада фақат Теҳроннинг ўзига зарар келтирмоқда. Трамп агар Эрон "адолатли ва оқилона" келишувга рози бўлмаса, мамлакатнинг электр станциялари ва кўприклари нишонга олиниши мумкинлигидан огоҳлантирди.
АҚШ раҳбари бу вазиятни Вашингтон учун "мутлақ ғалаба" ва "улкан муваффақият" деб атади. Бироқ, расмий Оқ уйнинг бу манипуляцияси ва қатъий оҳангдаги баёнотлари ортида Эроннинг иқтисодий чекловларни четлаб ўтиш бўйича муваффақиятли юришлари яширингани маълум бўлди.
АҚШнинг "сув ўтказмас" блокада ҳақидаги даъволарига қарамай, Эрон нефть экспортини давом эттириш йўлини топган. "Financial Times" нашрининг хабар беришича, Эрон иқтисодиёти Трамп айтганидек тўхтаб қолгани йўқ.
Эронга алоқадор камида 34 та кема АҚШ ҳарбий кемалари ёнидан сузиб ўтган. Блокадани ёриб ўтган танкерлар орасида қарийб 1 миллиард долларлик нефть юкланган кемалар бор. Марказий қўмондонлик маълумотига кўра, блокада бошидан бери фақат 28 та кема ортга қайтарилган.
АҚШнинг иқтисодий босим ва "улкан муваффақият" ҳақидаги баёнотларига жавобан, Эрон расмийлари 21 апрель куни Вашингтон билан мулоқот қилиш ниятида эмасликларини кескин тарзда билдиришди. “Тасним” агентлиги хабарига кўра, Теҳрон АҚШ Президентидан ўт очишни тўхтатиш режимини узайтиришни сўрамаган ва буни режалаштирмаяпти ҳам. Эрон позициясининг асосий жиҳатлари шундаки, Теҳрон Трамп маъмуриятини "урушда ютқазган томон" деб ҳисоблайди. Эронлик расмийларнинг фикрича, Вашингтон ҳарбий йўл билан натижага эриша олмаслигини англаб етган ва можародан чиқиш учун баҳона қидирмоқда.
21 апрель куни Эрон АҚШ билан музокараларнинг янги босқичи учун Покистонга боришни рад этди. Бунга сабаб сифатида Вашингтоннинг сулҳ шартларини бузгани ва "ҳаддан ташқари юқори" талаблар қўйгани кўрсатилди.
Эрон парламенти спикери маслаҳатчиси Маҳдий Муҳаммад АҚШнинг денгиз блокадасини давом эттиришини тўғридан-тўғри бомбардимон билан тенглаштирди. Унинг сўзларига кўра, “ютқазган томон шарт қўйиши мумкин эмас” ва блокадага ҳарбий жавоб қайтарилиши керак.
Вазиятнинг қизиқ томони шундаки, Эрон музокараларни рад этган бўлса-да, Дональд Трамп сулҳни муддатсиз узайтирганини эълон қилди. Оқ уй раҳбарининг таъкидлашича, бу қарор Покистон расмийларининг илтимосига кўра қабул қилинган. Бироқ Теҳрон буни шунчаки "вақтни бой бериш" ва "террористик ҳужумлар учун тайёргарлик" деб баҳоламоқда. Эрон томони сулҳ узайтирилган тақдирда ҳам, АҚШ ва Исроил томонидан эҳтимолий хавфи сақланиб қолаётганидан огоҳлантирди.
Шундай қилиб, Ҳормуз бўғозидаги блокада нафақат иқтисодий, балки йирик сиёсий қарама-қаршиликка айланди. АҚШ сулҳ ва блокадани ўз назоратида ушлаб турганини даъво қилаётган бўлса, Эрон бу "ўйин"ни ҳарбий куч билан якунлашга тайёрлигини намойиш этмоқда.
Бунинг исботи 22 апрель куни расман эълон қилинди. Вашингтон блокада орқали Эронни молия манбаларидан узиб қўйишга уринаётган бир пайтда, Теҳрон Ҳормуз бўғозини ҳақиқий "даромад дарвозаси"га айлантирди. Эрон Марказий банки стратегик сув йўлидан ўтиш учун жорий этилган божлардан илк маблағларни қабул қилиб олганини расман тасдиқлади.
Эрон парламенти раиси ўринбосари Ҳожи Бобийнинг маълум қилишича, бўғоздан ўтаётган кемалардан олинган дастлабки тўловлар аллақачон давлат ҳисоб рақамларига келиб тушган. Шу йилнинг 22 мартидан кучга кирган ушбу "янги суверен режим" доирасида Эрон халқаро сув йўли устидан ўз назоратини молиявий жиҳатдан мустаҳкамлади.
Эрон нефть, газ ва нефть-кимё маҳсулотлари экспортчилари иттифоқи вакили Ҳамид Ҳусайнийнинг сўзларига кўра, Теҳрон бўғоздан ўтаётган ҳар бир баррель нефть учун 1 доллардан ҳақ ундирмоқда. Бу дунё бўйлаб ташиладиган нефть ҳажмини ҳисобга олганда, АҚШ блокадасига қарамай Эрон ғазнасига миллиардлаб доллар оқиб келишини англатади.
"Financial Times" нашрининг ёзишича, Теҳрон транзакцияларни АҚШ назоратидан яшириш учун замонавий усуллардан фойдаланмоқда. Кема қатнови компанияларидан тўловларни биткоин (криптовалюта) кўринишида амалга оширишни талаб қилмоқда, бу эса, Вашингтоннинг доллар тизими орқали ўрнатган чекловларини самарадорликдан маҳрум этади.
Эрон расмийлари, хусусан, парламент аъзоси Алоуддин Боружердийнинг таъкидлашича, ушбу чора-тадбирлар АҚШнинг иқтисодий босимига берилган муносиб жавобдир. Шундай қилиб, Трамп маъмурияти "Эрон кунига 500 миллион доллар йўқотмоқда" деб ҳисоблаётган бир пайтда, Теҳрон дунёнинг энг муҳим нефть артериясидан фойдаланган ҳолда ўз бюджетини тўлдиришнинг янги ва санкциялардан холи механизмини муваффақиятли ишга туширган деб айтиш мумкин.
Иқтисодий ва дипломатик қарама-қаршиликлар фонида Вашингтон минтақадаги ҳарбий иштирокини рекорд даражага етказмоқда. АҚШ ҳарбий идораси маълумотларига кўра, “Нимиц” туридаги Жорж Буш авиаташувчиси Ҳинд океанига етиб келди.
Минглаб ҳарбий хизматчилар ва ўнлаб замонавий қирувчи самолётларни ташийдиган ушбу кема Дональд Трамп ихтиёридаги ҳарбий имкониятларни Эрон соҳиллари яқинида сезиларли даражада оширади.
CNN манбаларига кўра, Пентагонда Эрон инфратузилмасига зарба беришнинг янги махфий режалари ишлаб чиқилмоқда. Агар сулҳ расман бузилса, ушбу зарба гуруҳлари дарҳол жанговар ҳаракатларни бошлашга шай ҳолатга келтирилган. Қизиқарли жиҳати шундаки, авиаташувчи Араб денгизига етиб келиш учун Қизил денгиз ва Баб ал-Мандаб бўғозидан ўтишдан бош тортган. Яман ҳусийларининг ракета ҳужумларидан хавотирланган АҚШ қўмондонлиги кемани Африканинг жанубидан айланиб ўтишга мажбур қилган. Ҳозирда Эрон атрофида АҚШнинг улкан денгиз флоти тўпланмоқда. Эрон иқтисодий санкцияларни криптовалюта ва божлар орқали четлаб ўтаётган бўлса, АҚШ бунга жавобан минтақани ҳарбий техника билан тўлдириб, "психологик ва ҳарбий қамал"ни кучайтирмоқда. Хуллас, вазият исталган дақиқада дипломатик тилдан қурол тилига ўтиб кетиш арафасида турибди.
Бироқ, АҚШ Президенти Дональд Трамп кутилмаган, аммо қатъий баёнот билан чиқди. 24 апрель куни Оқ уйда журналистлар билан бўлиб ўтган мулоқотда у Эронга қарши ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолини мутлақо рад этди.
Трамп ядро қуролини қўллаш ҳақидаги саволни "аҳмоқона" деб атади. Унинг фикрича, АҚШ оддий ҳарбий воситалар ва иқтисодий босим орқали ҳам ўз мақсадига эришиб бўлган.
"Нима учун мен ядро қуролидан фойдаланишим керак? Биз усиз ҳам оддий воситалар билан уларни бутунлай тор-мор этдик. Ядро қуролини қўллаш мумкин эмас деб ҳисоблайман ва ҳеч кимга бундай қуролни ишлатишга рухсат берилмаслик керак” деди Трамп.
Исроил ва Ливан: 3 ҳафталик сулҳ ва оғир талофатлар
Минтақадаги кескинликнинг яна бир ўчоғи — Исроил-Ливан йўналишида ҳам кутилмаган дипломатик ўзгаришлар юз берди. АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social тармоғида Исроил ва Ливан ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш режими яна уч ҳафтага узайтирилишини эълон қилди.
Оқ уйда ўтган "жуда самарали" дея тарифланган учрашувда Жей Ди Венс, Марко Рубио ҳамда Исроил ва Ливан элчилари иштирок этди. Трамп яқин орада Бош вазир Нетаньяху ва Ливан Президенти Жозеф Аунни қабул қилишни интиқлик билан кутаётганини билдирди.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроил ва Ливанни "бир хил террор ташкилоти" қурбонлари деб атади, Ҳизбуллоҳга ишора қилган ҳолда. АҚШ элчиси Хаккаби эса, гуруҳнинг ҳаракатларини кескин қоралади.
Трамп "Ҳизбуллоҳ" ҳужумларни давом эттириши мумкинлигидан огоҳлантирди ва бундай ҳолатда Исроил ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлишини таъкидлади.
Сулҳ узайтирилганига қарамай, сўнгги икки ой ичида юз берган тўқнашувларнинг инсоний талофатлари даҳшатли рақамларда акс этмоқда. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, 2 мартдан 24 апрелгача бўлган даврда Исроил ҳужумлари оқибатида 2 491 киши ҳалок бўлди, 7 719 киши турли даражадаги жароҳатлар олди.
Ушбу қонли статистика фонида эълон қилинган уч ҳафталик сулҳ минтақага вақтинчалик бўлса-да тинчлик бериши умид қилинмоқда. Бироқ, Эрон билан давом этаётган денгиз блокадаси ва Ливан чегарасидаги ракета ҳужумлари Яқин Шарқдаги вазият ҳамон "порохли бочка" устида турганидан далолат беради.
Шимолда — Украина фронтида ҳам вазият ниҳоятда оғир. Шу йили 23 апрелга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Днепр шаҳрига кенг кўламли дрон ҳужумини уюштирди.
Днепр вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжанинг маълум қилишича, дронлардан бири 13 қаватли тураржой биносига келиб урилган. Оқибатда бир нечта хонадон бутунлай ёниб кетган. Шунингдек, дўконлар, маъмурий бинолар ва фуқароларнинг шахсий автомобиллари жиддий зарар кўрган.
Бир кечанинг ўзида минтақа осмонида жами 40 та дрон йўқ қилинган бўлса-да, улар шаҳарлардаги объектларга зарар етказишга улгурган. Бир кун олдин Запорожье вилоятидаги темир йўлга берилган зарба оқибатида поезд машинисти ҳалок бўлган. Одессадаги стратегик порт инфратузилмаси ҳам навбатдаги ҳужумлар нишонига айланди. 21 апрель куни эса, Суми шаҳридаги кўп қаватли бинолар ва тиббиёт муассасаси зарбага учради. Оқибатда 15 киши, жумладан, уч нафар ёш бола жароҳатланиб, шифохонага ётқизилди.
Дунёнинг икки нуқтасида — ҳам Ҳормуз бўғозида, ҳам Украина шаҳарларида вазият бирдек таранглигича қолмоқда. АҚШ ўз авиаташувчиларини Эрон соҳилларига йўналтираётган бўлса, Россия Украина шаҳарларига дрон ҳужумларини кучайтирмоқда. Бу эса халқаро хавфсизлик тизимининг бир вақтнинг ўзида бир нечта глобал инқирозларга қарши курашишига тўғри келаётганини кўрсатади. Аниқроқ айтганда уларни тийиб қўядиган куч йўқдек!
Путин ва Жапаров учрашуви
Ғарб билан муносабатлар кескинлашган пайтда, Россия Марказий Осиёдаги стратегик иттифоқчилари билан алоқаларни мустаҳкамлашда давом этмоқда. 23 апрель куни Москвада Россия Президенти Владимир Путин ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Владимир Путин икки давлат ўртасидаги келишувлар тўлиқ бажарилаётганини ва бу Қирғизистоннинг иқтисодий ўсиш суръатларида ўз аксини топаётганини таъкидлади. Россия етакчиси жамоаларнинг "фаол ва жадал" ишлаётганини юқори баҳолади.
Жапаров жорий йилнинг 31 август ва 1 сентябрь кунлари Бишкекда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этиш учун Путинни расман таклиф қилди.
Шундай қилиб, глобал ўйинчилар янги альянслар тузиш ва ўз таъсир доираларини ҳимоя қилиш орқали мавжуд вазиятга мослашмоқда. Дипломатия ва ҳарбий куч ўртасидаги мувозанат ҳозирча ўта нозик бўлиб қолмоқда.
Нега Путин ва Жапаров учрашуви дунёда "геосиёсий ёрилиш" чўққисига чиққан пайтда юз бермоқда? Чунки, Россия Украина билан банд бўлган бир пайтда, унинг доимий таъсир доирасида ушлаб туришга интиладиган нуқтаси — Марказий Осиёда АҚШ ва Европанинг дипломатик фаоллиги масалан, C5+1 форматлари кескин ошди. Путин бу учрашув орқали минтақа ҳали ҳам Россия назоратида эканини
Ғарбга кўрсатиб қўймоқчидек.
Қирғизистон ва минтақанинг бошқа давлатлари Россия учун "параллель импорт" ва ташқи дунёга чиқиш дарвозаси бўлиб хизмат қилади. Путин "иқтисодий ўсиш суръатлари" ҳақида гапирганда, айнан шу "яширин савдо" ва Россия инвестициялари эвазига ўсаётган Қирғизистон иқтисодиётига шама қилган.
Бу учрашув нима беради? Россия учун ўзининг яккаланиб қолмаганини исботлаш. Бишкекда ўтадиган ШҲТ саммитига таклифни қабул қилиш орқали Путин халқаро майдонга (айниқса, Ғарбга) "Менинг ҳали ҳам кучли иттифоқчиларим ва блокларим бор" деган сигнални йўллайди.
Қирғизистон учун эса, Хавфсизлик ва иқтисодий кафолат. Жапаров Россиядан энергия ресурслари, миграция имтиёзлари ва ҳарбий ёрдам (айниқса, фуқаролар беқарорлик шароитида) кўмак олишда давом этишни кўзлаган. Чунки, мамлакат ичкарисида Ташиев тарафдорлари ва уни президентликка муносиб дегувчи фуқаролар ҳам ҳали тўлиқ тинчлангани йўқ.
Россия ҳозирда Марказий Осиёни "геосиёсий қалъа"га айлантиришга уринмоқда. Жапаровнинг Путинни саммитга таклиф қилиши — бу минтақанинг Ғарбга берган рад жавоби эмас, балки "биз барча томонлар билан савдолашамиз" деган прагматик позициясидир.
Ўзбекистон учун асосий вазифа — Россия ва Қирғизистоннинг бу қадар яқинлашувидан минтақавий лойиҳалар транспорт, сув-энергетика учун фойдаланиш, лекин шу билан бирга Ғарб санкциялари гирдобига тушиб қолмаслик учун масофани сақлашдир. Чунки Россия билан "жадал ва фаол" ишлаётган иттифоқчилар Ғарбнинг санкцияларига тушиши эҳтимоли юқори.
Ғарбнинг кескин реакцияси узоқ куттирмади. "The Guardian" нашрининг хабар беришича, Британиянинг 20 дан ортиқ депутат ва лордлари Қирғизистоннинг уч нафар юқори лавозимли амалдорига қарши шахсий санкциялар жорий этишни талаб қилмоқда.
Нишондаги амалдорлар: Марказий банк раҳбари - Мелис Турғунбоев, Бош прокурор Мақсад Асаналиев ва Молиявий назорат раҳбари Марат Пирназаров.
Британиялик депутатларнинг даъвосига кўра, айнан шу амалдорлар Россияга қўйилган халқаро санкцияларни четлаб ўтиш учун улкан тизим яратган. Ушбу тизимнинг марказида A7A5 деб номланган стейблкоин (қиймати рублга боғланган криптовалюта) турибди. Ҳозиргача ушбу криптовалюта орқали 100 миллиард доллардан ортиқ транзакциялар амалга оширилган.
A7A5 санкция остидаги Россиянинг “Промсвязьбанк” банки билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, асосан уруш харажатларини яширин молиялаштиришга хизмат қилиши айтилмоқда.
Маълумот учун, АҚШ ва ЕИ санкцияларига қарамай, Қирғизистондаги “Grinex” ва “Meer” каби криптобиржалар орқали ушбу валютани нақд пулга айлантириш имконияти яратилган.
Украина учун 90 миллиард евро ва 20-санкциялар пакети
23 апрель куни Европа Иттифоқи (ЕИ) Россияни заифлаштириш ва Украинани қўллаб-қувватлашга қаратилган икки томонлама стратегиясининг янги босқичини эълон қилди. Европа Кенгаши раҳбари Антониу Кошта бу қадамни "адолатли тинчлик сари олға силжиш" деб атади.
Европа Комиссияси Украина учун 2026–2027 йилларга мўлжалланган улкан молиявий пакетни блокдан чиқарди. Бу маблағлар мамлакатнинг энг долзарб бюджет эҳтиёжларини қоплаш ва мудофаа-саноат салоҳиятини тиклашга йўналтирилади. Тўловлар 2026 йилнинг иккинчи чорагидан бошланиши кутилмоқда.
Мазкур қарор ЕИга аъзо барча 24 та давлат томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Бу Россия билан зиддият кучайган шароитда Европанинг ички бирлиги сақланиб қолаётганидан далолат беради.
Янги санкциялар нафақат Россиянинг ички ресурсларини, балки юқорида кўрганимиздек, Марказий Осиё ва бошқа минтақалардаги Россияга кўмаклашаётган "воситачи" компанияларни ҳам қатъий жиловлашга қаратилган.
Ҳафта воқеалари шуни кўрсатадики, дунё геосиёсати "ким кучлироқ" деган саволга жавоб қидирмоқда: Аниқроқ айтганда, глобал ўйинчилар ўртасидаги "тийиб қўядиган куч йўқдек" кўринаётган бу курашда Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ўзининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш учун ҳар қачонгидан ҳам эҳтиёткорроқ ва шаффофроқ ташқи сиёсатни юритишга мажбур.
Live
Барчаси