Туркияда футбол можароси: 8 киши ҳибсга олинди, 1024 футболчи четлатилди

Спорт

image

Туркия ҳукумати футбол ўйинларига ноқонуний пул тикишда айбланган саккиз кишини, жумладан, юқори даражадаги клуб раҳбарини ҳибсга олди. Шу билан бирга, Туркия футбол федерацияси (ТФФ) 1024 нафар футболчини тергов якунига қадар вақтинча футбол фаолиятидан четлатганини маълум қилди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.


Манбага кўра, суд тергови доирасида “Эюпспор” клуби раҳбари Мурат Озкая ҳамда яна 7 киши ҳибсга олинган. Клуб вакиллари бу борада изоҳ беришдан бош тортган.

Федерация баёнотига кўра, 1024 нафар футболчи Профессионал футбол интизом кенгашига (PFDK) юборилган бўлиб, улар орасида Суперлиганинг энг юқори даражадаги клубларидан “Галатасарай” ва “Бешиктош” футболчилари ҳам бор.

Шунингдек, ТФФ  клубларга таркибдаги бўшлиқларни тўлдириш имконини бериш мақсадида FIFA билан 15 кунлик қўшимча ички трансфер ойнасини очиш бўйича музокаралар бошланганини билдирди.

Иккинчи ва учинчи даражали лигалардаги ўйинлар эса икки ҳафтага тўхтатилди. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, ТФФ кенгаши бугун, 11 ноябрь куни вазиятни муҳокама қилиш учун навбатдан ташқари йиғилиш ўтказади.

ТФФ президенти Иброҳим Ҳажиосмонўғли бу ҳолатни “турк футболидаги маънавий инқироз” деб атади. Унинг сўзларига кўра, федерация ўтказган текширув натижасида мамлакатдаги 571 фаол ҳакамдан 371 нафарида қимор ҳисоблари мавжудлиги, 152 нафари эса фаол равишда пул тикишда қатнашгани аниқланган.

Қизиғи шундаки, баъзи ҳакамлар минглаб ўйинларга гаров тиккан. Улардан бири 18 227 маротаба, 42 нафар ҳакам эса ҳар бири 1000 тадан ортиқ ўйинга пул тиккан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия футбол федерацияси (ТФФ) мамлакат профессионал лигаларида фаолият юритувчи амалдорлар футбол ўйинларига пул тикаётганини аниқлаган текширувдан сўнг, 149 нафар ҳакам ва ёрдамчи ҳакамни четлатган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия 1024 нафар футболчи Мурат Озкая “Эюпспор”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг