Туркияда кучли зилзила содир бўлди. Жароҳатланганлар бор (видео)
Олам
−
28 Октябрь 13007 2 дақиқа
Кеча, 27 октябрь куни Туркиянинг ғарбида 6,1 магнитудали зилзила содир бўлди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (AFAD) хабар берди.
Маълум қилинишича, ер тебранишининг магнитудаси 6,1 ни ташкил этган, эпицентри Баликесир вилояти яқинида жойлашган. Зилзила маркази 5,9 километр чуқурликда бўлган.
Зилзилалар Истанбулнинг ғарбида ҳам камида 30 сония давомида сезилган. Уйлардаги чироқлар, дераза ва ромлар силкингани яққол сезилган.
Шунингдек, смартфонларда ўрнатилган иловалар ер силкинишидан бир неча сония олдин огоҳлантирган.
Зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар ҳақида хабар берилмаган. Аммо расмий маълумотларга кўра, Баликесирда учта уй ва бир дўкон қулаган. Ер силкиниши оқибатида 22 киши жароҳатланган, уларнинг 18 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. Зилзиладан сўнг Баликесирда 102 та афтершок (зилзиладан кейинги тебранишлар) қайд этилган.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған X ижтимоий тармоғида тебранишлар қўшни вилоятларда ҳам сезилганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, зарарланган ҳудудларда мутахассислар аллақачон иш олиб бормоқда.
“Бизнинг тегишли идораларимиз, айниқса, AFAD, тергов ва назорат ишларини эътибор билан давом эттирмоқда. Биз ҳам жараённи диққат билан кузатиб борамиз”, деган давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Туркиянинг шимоли-ғарбида 6,1 магнитудали зилзила содир бўлганди. Зилзила Баликесир вилоятининг Синдирги туманида қайд этилган. Зилзила эпимаркази 11 км чуқурликда жойлашган.
Live
Барчаси