Туркиядан қувилаётган ўзбеклар

Таҳлил

Жорий йилнинг март ойида Москвадаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида содир этилган ва 145 кишининг умрига зомин бўлган теракт ортидан халқаро майдонда шундоқ ҳам марказий осиёликларга нисбатан мавжуд бўлган ишончсизлик янада ортди, айниқса, Россияда меҳмон бўлган ёки яшаган марказий осиёликларга. Бу ҳолат ўзимизга қардош, қондош, тилдош, диндош ва замонавий дунёнинг турли халқаро ташкилотлари доирасида ҳамкор бўлган, доим оға-иниликни даъво қиладиган Туркияда ҳам кузатилмоқда. Қандай қилиб дейсизми? 

Туркия ичида ва мамлакат сарҳадларида, жумладан аэропортларда хавфсизлик аввалгига нисбатан анча кучайтирилган. Марказий осиёликлар учун ҳам нарх, ҳам дин, ҳам урф-одатлар, ҳам таомномаси билан жуда яқин ва денгизни кўриш орзусидагилар учун мақбул нархлари билан асосий туризм ўлкасига айланган Туркияга кириш бугун айнан европаликлардан кўра кўпроқ марказий осиёликлар учун қийинлашган. 

Йилига юз минглаб ўзбекистонликлар асосан тижорат ва туризм мақсадида Туркияга йўл олади. Бугун Ўзбекистоннинг 5 та шаҳри – Тошкент, Бухоро, Урганч, Самарқанд ва Фарғонадан Туркия шаҳарларига мунтазам қатновлар мавжуд. Бироқ ўзаро ёки Туркий давлатлар ташкилоти доирасида мунтазам ишончли ҳамкорлик қилиб келаётган Ўзбекистоннинг фуқаролари айни вақтда Туркия аэропортларидан мамлакатга киритилмай, ортига қайтариб юборилаётганлар рўйхатининг бошида турибди. 

20-35 ёш оралиғидаги хорижликларга нисбатан назорат тадбирлари кучайтирилиши оқибатида биргина жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида 163 нафар Ўзбекистон фуқаролари Туркия ҳудудига киритилмаган. Албатта, улар орасида 54 нафар муқаддам қонунбузарлик содир этиб, киришга тақиқ қўйилганлар ҳам бор. Аммо ўрмонга ўт кетса ҳўл-қуруқ бирдек ёнади, деганларидек, шунчаки ташқи кўринишида шубҳа уйғотгани, соқоли ёки диний атрибутлари, сумкасининг катталиги ва ёнида етарли миқдорда пул билан келмагани, аввалдан меҳмонхона бронь қилмагани сабаб мамлакатдан қайтариб юборилаётганлар йўқ эмас. QALAMPIR.UZ’га бундай шикоятлар кўплаб келиб тушмоқда. 

1 май куни Туркия Республикаси вице-президенти Жавдат Йилмаз Ўзбекистонга келди. Биз у билан учрашув баҳонасида айни вақтда долзарб бўлиб турган саволларга жавоб олдик. 

“Бугун масъул ҳамкасбларимиз билан бу масалани ҳам муҳокама қилдик. Айтганингиздек, ҳар бир мамлакат хавфсизликка жиддий эътибор қаратиши керак, лекин хавфсизлик чоралари кўрилар экан, оддий аҳоли бундан жабр кўрмаслиги лозим. Умид қиламизки, бу масалада ташкилотларимиз янада яқин мулоқот қиладилар ва муаммолар, шикоятларни биргаликда кўриб чиқадилар”, дейди Жавдат Йилмаз.

Маълумки, 2010 йилдан кейин Ўзбекистон-Туркия муносабатларига дарз кетди. Каримов даври сиёсати табиатига кўра, мамлакат телеканалларида Туркия фильмлари, радиоларида қўшиқлари тақиқланди. Бу мамлакат билан алоқалар ўта паст даражага тушиб кетди. Лекин Туркияда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ортгандан ортди. Лалели бозори ўзбекистонликларга тўлди. 2016 йил. Каримов вафотидан кейин Туркия раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг янги саҳифасини очиб берди. Бунинг ортидан Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлди. Туркия билан стратегик ҳамкорлик ўрнатди. Бироқ ўзаро ва халқаро ташкилотлар доирасида сиёсий ҳамкорликлар оддий одамларнинг Туркияга саёҳатида ҳамиша ҳам ўз аксини топмаётгани, ўзбекистонликларга муносабат ўзгармаётгани стол устида кўндаланглигича қолмоқда. Ўзбекистонда-чи? Туркиядан келганлар ҳурмату иззатда!


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Туркия теракт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made