Туркманистон Европага газ етказиб бермоқчи
Олам
−
08 Март
4581Туркманистон Европа Иттифоқи (ЕИ) билан энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш учун катта салоҳиятга эга бўлиб, минтақага ўз газини етказиб беришга тайёр. Бу ҳақда Туркманистоннинг собиқ президенти, туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов “Euronews” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Энергетика соҳасида улкан салоҳият мавжуд бўлиб, бугунги кунда унга бўлган ўзаро қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бунинг сабаби шундаки, Европа энергия ресурслари бозори дунёдаги энг йирик бозорлардан биридир. Ҳозирги шароитда Европа иқтисодиётининг барқарор ривожланиши учун энергия хомашёси узлуксиз ва катта ҳажмда етказиб берилишини талаб қилади. Туркманистон табиий газ етказиб бериш масаласида Европа ҳамкорлари билан яқиндан ишлашга тайёр”, деди у.
Бердимуҳамедовнинг фикрича, газ етказиб бериш йўлларидан бири транс-Каспий йўналиши бўлиши мумкин.
“Биз ҳар доим Каспийда тўлақонли энергетик ҳамкорликни йўлга қўйиш тарафдори бўлиб келганмиз, жумладан, ғарб йўналишида денгиз остидан қувурлар ётқизиш ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Бу бизнинг қонуний ҳуқуқимиз бўлиб, у Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги Конвенцияда мустаҳкамлаб қўйилган”, дея таъкидлади у.
Бердимуҳамедовнинг қўшимча қилишича, Каспий денгизида сувости инфратузилмасини яратиш қирғоқбўйи давлатларининг иқтисодий манфаатларига мос келади, бу эса, ўз навбатида, энергия ресурслари ишлаб чиқарувчилари, истеъмолчилари ва транзит давлатлар манфаатларини тенг ҳисобга олишни англатади.
“Натижада буларнинг барчаси Евроосиёда энергетик хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилига айланади”, дея хулоса қилади у.
Бундан ташқари, Президент Туркманистон ЕИга электр энергия етказиб беришга, “яшил” ва водород энергетикаси ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилган.
LiveБарчаси
Қашқадарёнинг Ғелон қишлоғига қор ёғди.
19 Апрель