Ўзбекистон жамияти тўй ислоҳотига тайёрми?
Жамият
−
12 Июль 26073 8 дақиқа
Ўзбекистонда тўй харажатларининг ҳаддан ташқари ошиб кетишини ҳал қилиш учун маърифат, жамоатчилик босими ва соғлом одатларни рағбатлантирувчи тизимли ёндашув зарур. Жамият ўзгаришларга тайёр, энди эса уларни амалга ошириш учун аниқ ҳаракатлар керак. “Юксалиш” ҳаракати 2025 йил 19 июндан 3 июлгача аҳоли ўртасида “Ўзбекистонда тўйлар” мавзусида ўтказган сўровномадан шундай хулосага келган.
Сўровнома онлайн шаклда, ижтимоий тармоқлар ва айрим платформалар орқали Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан бўлган 1247 киши иштирокида ўтказилган.
Сўровномада қатнашган респондентларнинг аксарияти (71,13%) турмуш қурган бўлиб, бу уларнинг тўй анъаналари ва харажатлари мавзусидан бевосита хабардор эканлигини кўрсатади. Иштирокчиларнинг 24,38 фоизи турмуш қурмаган, 4,49 фоизи эса бу борадаги саволга жавоб бермаган.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, кўпчилик оилаларнинг даромад даражаси билан тўй учун қилинаётган ёки режалаштирилган харажатлар ўртасида сезиларли тафовут кузатилмоқда.
Респондентларнинг оила бюджети бўйича ўртача ойлик даромад тақсимоти қуйидагича кўринишда:
Даромадлар: Респондентларнинг катта қисми – 81,24% (айниқса, вилоятларда яшовчилар) – ўз оиласининг ўртача ойлик даромадини 5 миллион сўмдан 12 миллион сўмгача деб кўрсатган.
“Тўйга тахминан қанча пул сарфлагансиз (ёки сарфлашни режалаштиряпсиз)?” деган саволга эса респондентлар қуйидаги жавобларни берган:
- 30 миллион сўмгача – 31,28%
- 50 миллион сўмгача – 23,98%
- 70 миллион сўмгача – 15,72%
- 100 миллион сўмгача – 15,88%
- 100 миллион сўмдан ортиқ – 9,62%
Харажатлар: режалаштирилган ёки амалда сарфланган маблағлар кўпинча (умумий респондентларнинг 65,2%) 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача ёки ундан ҳам кўпроқни ташкил қилади. Бу кўрсаткич кўплаб оилалар учун бир йиллик даромадга тенг ёки ундан ҳам юқори бўлиши мумкин.
1. Молиялаштириш манбалари:
Аксарият респондентлар тўй харажатларини шахсий жамғармалари ҳисобидан эмас, бошқа манбалар орқали қоплаганликларини билдирган. Асосий молиявий манбалар қуйидагилар бўлган:
- “Ўзим ва яқинларим ёрдамида” – бу жавобни 55,17% респондент танлаган. Бу натижа тўй харажатларининг жамоавий молиялаштирилаётганини кўрсатади – яъни, оғирлик фақат келин-куёв эмас, балки уларнинг ота-оналари ва қариндошларига ҳам тушади.
- “Қарз олганман / оламан” – деган жавобни 25,1% респондент берган. Бу эса аҳоли ўртасида тўй туфайли юзага келган қарздорлик даражасининг юқорилигини англатади.
- “Даромадим етарли” – деб ҳисоблаганлар 14,11%.
- Жавоб бермаганлар – 5,62%.
Бу рақамлар шуни кўрсатадики, тўй – кўплаб оилалар учун улкан молиявий юк, уларнинг мавжуд даромадларига мутлақо мос келмайди ва қарзга ботиради, бу эса янги турмуш бошлаётган оилалар ёки уларнинг ота-оналари учун молиявий барқарорликка жиддий хавф туғдиради.
2. Харажатларнинг асосий ҳаракатлантирувчи омили – ижтимоий ва ота-онавий босим
“Тўйга катта харажат қилишга нима сабаб бўлади?” деган саволда респондентларга бир нечта вариантни танлаш имконияти берилган бўлиб, улар кўпинча шахсий истаклардан кўра ташқи омилларни кўрсатган.
- “Жамият босими / элга тўй беришим керак деган мажбурият” – 46,11% респондент айнан шу жавобни танлаган.
Бу энг етакчи сабаб бўлиб, тўй жамият назарида баҳоланадиган оммавий тадбир сифатида қаралиши маданиятимизда чуқур илдиз отганини кўрсатади. "Уят"дан қўрқиш ва "юзимиз ерга қарамасин" деган истак оилаларни ўз имкониятларидан ортиқча харажатларга мажбур қилмоқда.
- “Ёшларнинг орзу-ҳаваси” – 31,36% респондентлар бу вариантни танлаган.
- “Ота-онанинг орзу-ҳаваси” – 29,03%. Бу иккинчи муҳим омил ҳисобланади. Кўпинча катта авлод ҳашаматли тўй ўтказишда қатъий туриб олади, бу орқали улар ўз амбицияларини рўёбга чиқариб, қариндошлар ҳамда жамият олдидаги “бурчини” адо этаётганини ҳис қилади.
- “Қуда томоннинг талаби” – 16,6% респондент бу ҳолатни муҳим деб ҳисоблаган. Бу икки оиланинг кимўзарга ҳаракат қилишга ундовчи омил сифатида таърифланган.
Шундай қилиб, юқори тўй харажатлари кўпроқ ёшларнинг шахсий танловидан эмас, балки катта ижтимоий босим ва ота-оналар ҳамда жамият кутган умидлар натижасида юзага келаётган ҳолатдир.
“Сизнингча, атрофдагилар босими оилаларни қимматбаҳо тўй ўтказишга мажбур қиладими?” деган саволга берилган жавоблар жамиятдаги фикрлар бўлинишини, аммо босим мавжудлигини тан олганлар кўпчиликни ташкил қилишини кўрсатди.
- “Йўқ, бу ҳар бир оиланинг шахсий иши” – деб ҳисоблаганлар 34%
- “Ҳа, албатта” – деб жавоб берганлар 30,05%
- “Кўпроқ ҳа, деб ўйлайман” – 19,95%
- “Кўпроқ йўқ, деб ўйлайман” – 11,54%
- Жавоб бермаганлар – 3,76%
Гарчи энг катта гуруҳ тўй харажатларини шахсий танлов деб ҳисобласа-да, респондентларнинг қарийб ярми тўғридан тўғри ёки билвосита жамият босимини тан олган. Бу жамиятда ички зиддият мавжудлигини кўрсатади: бир томондан – эркин танловга интилиш, бошқа томондан эса – анъаналар ва ижтимоий кутишларнинг кучли таъсири.
Натижалар босим ҳақидаги қарашлар турлича бўлса-да, унинг мавжудлиги аҳолининг муҳим қисмига тааллуқли долзарб муаммо эканини таъкидлайди.
3. Идеал ва ҳақиқат ўртасидаги тафовут: камтароналик истаги ва исрофгарчилик амалиёти
Сўровнома натижалари жамиятда ички қарама-қаршилик мавжудлигини очиб беради.
Идеал тўй формати: “Тўй қандай бўлиши керак?” деган саволга респондентларнинг аксарияти – 39,62% – “Камтарона” ёки “Ўртача, яқинлар даврасида” каби вариантларни танлаган. “Дабдабали, ҳашаматли” вариантини эса атиги 6,66% респондент афзал кўрган.
Дабдабали тўйлар борасидаги муносабат: Кўплаб респондентлар дабдабали тўйлар – бу “кераксиз стресс ва қарзларга сабаб” деган фикрни маъқуллаган ва кўп маблағ сарфланганларидан афсусланишларини билдирганлар – респондентларнинг 44,51% ини ташкил этади.
Бу жамиятда дабдабали тўйларнинг самарасизлиги ҳақида аниқ тушунча мавжудлигини ва кўпроқ камтарона тўйлар ўтказишга бўлган кучли истак борлигини англатади. Бироқ бу рационал ёндашув ижтимоий меъёрлар ва анъаналар тўсиғини енга олмаяпти. Одамлар икки ўт ўртасида қолган: сарфлашни истамайдилар, аммо мажбур бўлишмоқда.
Афзал кўрилган муқобил вариантлар: агар танлов имкони бўлса, респондентлар маблағни қуйидаги йўналишларга сарфлашни афзал кўрган бўлардилар:
- таълим олишга,
- уй-жой сотиб олишга,
- саёҳатларга,
- соғлиғини тиклашга,
- бизнесга сармоя киритишга.
Сўров натижалари шуни кўрсатадики, Ўзбекистон аҳолиси дабдабали тўйлар ўрнига маблағни келажакка йўналтиришга тайёр – бу таълим, уй-жой хариди, соғлиқни тиклаш ёки бизнесни ривожлантириш каби йўналишларни ўз ичига олади. Бу эса аҳолининг молиявий саводхонликка интилиши ва узоқ муддатли режалаштиришга бўлган эҳтиёжи борлигини англатади.
4. Ислоҳотларга тайёрлик ва аниқ таклифлар
Респондентлар тўй анъаналарини оптималлаштиришга қаратилган аниқ ўзгаришларга юқори даражадаги тайёрликни намойиш этишди.
“Сизнингча, яшаб турган ҳудудингизда тўй харажатларига муносабатни қандай ўзгартириш мумкин?” деган саволга кўпчилик қуйидагиларни ечим сифатида кўрсатди:
- Маъмурий чоралар жорий этиш,
- Аҳоли ўртасида тарғибот ва маърифий ишларни кучайтириш,
- Молиявий саводхонликни ошириш.
- Бу таклифлар ижтимоий онгда муқобил ёндашувлар учун тайёрлик борлигини ҳамда анъаналарни қайта кўриб чиқишга эҳтиёж ортиб бораётганини кўрсатади.
Қуйидаги ўзгаришлар кўпроқ қўллаб-қувватланган:
- “Меҳмонлар сони ва маросим кўламини қисқартириш” – бу таклифни 35,69% респондент илгари сурган.
- “Тўйдан кейинги айрим маросимларни камайтириш” – деб ҳисоблаганлар 31,44%.
- “Тўйдан олдинги айрим маросимларни қисқартириш” – бу фикрни 37,61% респондент қўллаб-қувватлаган.
Энг кам қўллаб-қувватланган позиция эса:
- “Ҳеч қандай ўзгариш керак эмас” – бу фикрни атиги 7,14% респондент билдирган.
Бу рақамлар аҳолининг аксар қисми тўй маросимларини соддалаштиришга тайёрлигини ва жамиятда ўзгаришларга ижтимоий буюртма шаклланаётганини тасдиқлайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда тўй анъаналарини ислоҳ қилиш ва соддалаштириш бўйича кучли ижтимоий буюртма мавжуд. Аҳоли энг қиммат ва чарчатадиган маросимлардан воз кечишга тайёрлигини билдирган.
Сўровнома асосидаги умумий хулосалар эса қуйидагича:
- Ўзбекистондаги замонавий тўй харажатлари кўплаб оилаларни қарзга ботираётган бўлиб, бу уларнинг турмушни бошлаш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
- Исрофгарчиликнинг асосий сабаби шахсий истаклар эмас, балки ижтимоий босим, “кўз-кўз қилиш” маданияти ва катта авлоднинг кутишлари ҳисобланади.
- Жамиятда рационал фикрлаш (харажатларни камайтириш зарурати) билан анъанавий иррационал хатти-ҳаракатлар (одамлар нима дейди деган қўрқув) ўртасида ички зиддият мавжуд.
- Кўпчилик аҳолининг фикрича, тўй маросимларини соддалаштириш, ҳажмини камайтириш ва ортиқча одатлардан воз кечиш зарур ва қўллаб-қувватланади.
“Юксалиш” ҳаракати сўровнома натижаларига кўра қуйидаги тавсияларни берган:
1. Давлат ва жамоатчилик даражасида:
• Ахборот-маърифий кампания:
ОАВ (ТВ, интернет, ижтимоий тармоқлар) орқали “дабдабабозлик – стресс ва қарз” деган ғоя асосида умумхалқ кампанияси олиб бориш. Кампания молиявий саводхонлик ва руҳий босим мавзуларига урғу беради.
• Машҳур шахсларни жалб қилиш:
Актёрлар, қўшиқчилар, блогерлар, спортчилар, дин арбоблари каби таъсирга эга шахслар орқали камтарин тўй ғоясини тарғиб қилиш. Уларнинг шахсий намунаси жамоатчилик фикрига кучли таъсир кўрсатади.
• Маҳалла ва оқсоқолларга ваколат бериш:
Тўй режалаштираётган оилалар билан тушунтириш ишларини олиб бориш, соддароқ тўй қилганларни моддий ва маънавий рағбатлантириш.
• Меҳмонлар сони ва вақтни чеклаш бўйича қонун ижросини назорат қилиш:
Шаҳарлик ҳокимликлар билан ҳамкорликда тавсия этиладиган тартиб ва меъёрларни ишлаб чиқиш.
2. Таълим муассасалари ва молиявий ташкилотлар учун:
• Мактаб ва ОТМ дастурларига махсус курслар киритиш:
Оила бюджети, молиявий режалаштириш, истеъмол кредитларининг хавфи ҳақида дарслар ўтказиш.
• Ёш оилалар учун махсус жамғарма ҳисобларини яратиш:
Масалан: “Уй учун”, “Таълим учун” — бу тўй кредитларига соғлом муқобил бўлиши мумкин.
3. Оилалар ва янги турмуш қураётганлар учун:
• Ота-оналар ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқотни рағбатлантириш:
Ёшлар ўз истакларини (уй, бизнес, таълимга сармоя) очиқ айтишга журъат этсин, ота-оналар эса уларни эшитсин.
• Тўй – томоша эмас, янги оиланинг бошланиши деган ғояни илгари суриш:
Байрам ўзлари учун бўлиши керак, юзлаб таниш-бегоналар учун эмас.
Live
Барчаси