Ўғирла, ишлат, қайтар: лавозим эгаларининг қабиҳ ўйини
Таҳлил
−
14 Апрель 10891 14 дақиқа
Ҳоким ўринбосари 50 минг доллар порани ўз уйида олаётган вақтда ушланди. Университет ректори, бош ҳисобчиси ва яна 11 киши 53 млрд сўм давлат маблағларини талон-торож қилгани аниқланди. Вилоят хазинасидаги 63 млрд сўмни йўқ қилиб юборган шаҳар ҳокими ва прокурори ва яна 45 киши судланди. 4 млрд сўмлик зарар бўйича судга даъво киритмаслик ва текширувларни тўхтатиш эвазига фермердан 10 сотихли дала ҳовлисини талаб қилган экология бошқармаси раҳбари қўлга олинди. Қамоқ муддатини камайтиришни ваъда қилиб, 30 минг АҚШ доллари олган судьянинг ўзи судланди. “Ия” деб юборишга мажбур қиладиган ва катта рақамлар айланган бу жиноятларни нима боғлаб туради деб ўйлайсиз? Уларнинг барчаси Андижонда, шу яқин бир неча йил ичида содир бўлган. Бугун вилоятдаги коррупцион жиноятларнинг айримлари ҳақида гаплашамиз.
Пора эмас “қарз”
Андижон вилояти ҳокимининг тўрт ой аввал тайинланган ўринбосари Исомиддин Исманов жорий йилнинг 4 апрелида ўз уйида 50 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда қўлга олинди. У ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишини битириб беришни ваъда қилган.
Аниқроғи Бобур шаҳри ҳудудидаги давлат захирасида бўлган 20 сотих ер майдонини ваколатли мансабдор танишлари орқали аукционга қўйдириб, сўнгра ютиб бериш ҳамда мазкур фуқаро номига расмийлаштириб, келгусида бу жойда қурилиш ишларини амалга ошириши учун рухсатнома олиб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Яширин камера орқали ёзиб олинган кадрлардан кўриш мумкинки, собиқ амалдор пулларни қабул қилиб олгач, тадбиркорга ҳаммаси жойида бўлишини айтиб, aйрим “нозик” жиҳатларни эслатади.
“Бундай нарсалар қарз дейилади, биласиз-а?” — деган собиқ ҳоким ўринбосари.
Зўр-а…? Қарз деб қўйилар экан бу нарса. Бу даражада ўзини хотиржам тутиши “бундай ишларда тажрибаси катта шекилли” деган хулосани сизда ҳам пайдо қилгандир. Ростдан ҳам агар аввал пора олди-берди жараёнини кўрмаган одам, қандай қилиб бу ишлар “қарз” деб аталиб қўйилишини биларкин? Яхши гумонда бўламиз. Балки кимдандир эшитгандир. Қизиқарли томони Исмонов ўтган йилнинг 9 декабрида ўз лавозимига тайинланган, яъни ишга ўтганига ҳали 4 ой ҳам бўлмаган. Шу вақтнинг ўзида иштаҳа карнай. Ишонч эса баланд. Бу даражада хотиржамлик сабаби эҳтимол бақувватроқ шерикларнинг борлигидадир. Буни билмаймиз.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, собиқ ҳоким ўринбосари бу тизимга ўтгунга қадар жиноятларга қарши курашган. У 2006 йилда Ички ишлар вазирлигининг Тошкент олий ҳарбий техника билим юртини тамомлаган. 2022–2025 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, 2025 йил май ойидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тезкор-қидирув департаменти, тезкор вазиятни таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб, 2025 йил декабрь ойида кадрларнинг амалдаги захирасига ўтказилиб, Андижон вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.
Ажойиб-а? 4 йил ичида жиноятчиларга қарши тизимдан чиқиб, энди шу соҳа ходимлари томонидан қўлга олинди. Аммо “тез орада у ҳам жазодан қутулиб қолмасмикин?” деган савол бугун фаолларни ўйлантираётган бўлиши мумкин. Чунки, Андижон тажрибасида 7 йилга қамалган собиқ ҳоким ўринбосари муддатидан аввал озодликка чиққанини кузатганмиз.
“Ўғирла, ишлат, тутиб олишса, қайтар ва озод бўл”
2024 йилнинг кузида бюджет маблағларини талон-торож ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича қамоққа олинган Андижон вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Ботиржон Ҳамроев 2025 йилнинг охирида озодликка чиққани кенг муҳокама қилинганди. Апелляция суди унинг озод этилишини “етказилган зарар қоплангани учун” дея изоҳлаган.
Ўзи нима бўлганди? Ботиржон Ҳамроев маҳаллий ҳокимлик идораси мансабдор шахси сифатида тадбиркорларга ажратилаётган имтиёзли кредит маблағларини фақатгина муайян бир жамиятга йўналтириш ҳамда кредит ажратилишини жадаллаштириш борасида банкнинг мансабдор шахсларига кўрсатмалар бериб борган. ЖИБ Юнусобод туман судининг 2025 йил 8 июлдаги ҳукми билан Ботиржон Ҳамроев Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а,в” бандлари билан айбли деб топилган ҳамда 3 йил маҳаллий ҳокимият органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган. У билан бирга яна 28 нафар шахс судланган.
Суд ҳукмига нисбатан туман прокурорининг протести ва судланувчиларнинг шикоятларига асосан жиноят иши Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясида кўрилиб, ҳукмнинг 24 нафар судланувчига тегишли қисмлари ўзгартирилган. 2025 йил 26 декабрда Ботиржон Ҳамроевга тайинланган жазо жиноят оқибатида етказилган зарар қоплангани муносабати билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириб бориш шарти билан 2,5 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ўзгартирилган. Унинг 2024 йил 12 октябрдан 2025 йил 26 декабргача қамоқда сақланган кунларининг ҳар бир куни ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштирилган ҳолда чегирилиб, тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ўталган, деб ҳисобланган. Шу тариқа, Ботиржон Ҳамроевга нисбатан қўлланган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан дарҳол озод қилинган. Шу ерда бир савол туғилади. Бу ҳолат коррупционерларга “ўғирла, ишлат, агар тутиб олишса, суммани қайтариб, яна давом этавер” деган сигнални бермайдими? Ҳукмни ўзгартирган судья қарор қилишдан олдин мана шуни ҳам ҳисобга олганмикан?
Университет ичидаги “жиноий гуруҳ”
Андижонда катта сумма айланган жиноятлар ва оммавий судланишлар ҳам кам эмас. Андижон давлат университетида 53,6 млрд сўм давлат бюджети маблағларини талон-торож қилган 13 киши ўтган йили судланган эди.
Суд ҳужжатида 25 йилдан буён бош ҳисобчи лавозимида ишлаб келган шахс, ректор ва яна 11 киши жиноий режа тузгани айтилган. Қўйилган айбловлар эса стипендия, контракт, рағбатлантириш, ётоқхона пуллари ва бошқа маблағларни ўзлаштириш билан боғлиқ. Бунинг учун ҳатто талабаларнинг имзоси, бошқа ҳужжатлар қалбакилаштирилгани ҳам аниқланган. Жиноятлар эса йиллар давомида турли кўринишда амалга оширилган.
Масалан, 2019-2023 йиллар давомида 8 та ҳолатда стипендия олувчи талабалар сони сунъий равишда оширилган. Стипендия нақд пул кўринишида тўлаб берилгани ҳақида талабалар имзоси қалбакилаштирилган. Бу орқали талабаларга тарқатилмасдан 32 млрд 94 млн сўм ими-жимида бўлишиб олинган;
2021-2023 йиллар давомида эса рағбатлантирилувчи талабалар сонини сунъий равишда ошириб, талабаларнинг имзоларини қалбакилаштириш орқали такроран сохта тўлов варақалари тузилиб, берилган пулларни контракт ҳисоб рақамига топшириб қўйган ҳолда 2 млрд 697 млн сўм чўнтакка урилган;
2019-2023 йиллар давомида 14 млрд 408 млн сўм тўлов-контракт пули нақд пул шаклида қабул қилиб олинган. Бироқ уюшган гуруҳ ушбу тўлов-контракт пуллари тўланганлиги тўғрисида сохта маълумотларни базага киритиш орқали уларни ҳам шахсий манфаати йўлида ишлатган;
2019-2023 йиллар давомида талабалар турар жой ижараси учун тўлаган 2 млрд 663 млн сўм “еб юборилган”. Улар қалбаки ҳужжатлар билан университетга кирим қилингани кўрсатилган;
Шу йиллар оралиғида давлат харидлари билан боғлиқ 545 млн сўмлик камомад ҳам аниқланган.
Жиноятда айбланганлар орасида 1998 йилдан бери университетда бош ҳисобчи лавозимида ишлаб келган Алимжон Маҳмудов шахсияти алоҳида эътиборга тушганди. У суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдирган. У 7 та турли русумдаги машиналарни яқин қариндошлари номига расмийлаштириб, жиноий фаолиятидан олинган даромадларни мулкка айлантириш йўли билан легаллаштирган. Машиналар орасида 2023 йилда ўғлининг номига расмийлаштирган 2 млрд 64 млн сўмлик BMW X7 машинаси ҳам бор. Шунингдек, у 2023 йил октябрь ойида жиноий фаолияти натижасида қўлга киритган 6 млрд 621 млн сўм пул маблағини ўғлининг таниши бўлган шахснинг банк пластик картасига ўтказиб, гўёки унинг номидан омонатга қўйган. Бундан ташқари, суд ҳужжатида бош ҳисобчи ва ректор ходимларнинг устама, рағбатлантириш пулларини ҳам қалбаки ҳужжатлар орқали ўзлаштиришгани келтирилган.
Университет ректори лавозимида ишлаган Акром Йўлдошев эса бу айбловларни рад этган.
“Биология йўналиши бўйича педагогман. Раҳбар бўлиб ишлаган даврда бухгалтерия соҳасини яхши тушунмаганим сабабли университетнинг молиявий иқтисодий йўналишларини назорат қила олмадим. Асосан таълимни ривожлантириш, ёшлар ишлари бўйича ишлаб, маҳаллий ҳокимият топшириқларини бажариб келдим. Ўзим иқтисодчи бўлмаганим учун бош ҳисобчи Алимжон Маҳмудовга ишонгандим. Ўзлаштириш ва растрата қилинган маблағлардан умуман манфаатдор бўлмаганман. Университетда молиявий ишлар бўйича проректор, ички аудит, молия режа бўлимлари фаолият юритиб келган. Уларнинг ҳам ишларини назорат қила олмаганман. Айбим, қўл остимдаги ходимларнинг ишларини назорат қила олмаганим”, деган собиқ ректор ўз кўрсатмасида.
12 нафар судланувчи Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилган ҳамда турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Жиноят иши бўйича Андижон давлат университетига етказилган 53 млрд 698 млн сўм зарарни қоплаш учун ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси депозит ҳисоб рақамига бош ҳисобчи Алимжон Маҳмудов 31 млрд 78 млн сўм, ҳисобчи Искандар Исроилов 5 млрд 175 млн сўм, ректор Акром Йўлдошев 1 млрд 168 млн сўм, бош аудитор Дилшод Абдимўминов 442 млн сўм, молия-режа бўлим бошлиғи Лутфулло Солиев 145 млн сўм, ғазначи Шуҳрат Мамажонов 120 млн сўм топширган. Бундан ташқари, хатланган 7 та машина, битта меҳмонхона, 3 та уй, тилла тақинчоқлар сотилиб, сотувдан тушган пуллар ҳам зарарни қоплашга қаратилиши белгиланган.
Рақамларга эътибор бердингиз-а? Йиллар давомида бу жиноят аниқланмагани, ғазнага тушмаган пуллар сезилмай қолгани, шунча камомад борлиги ўша пайтни ўзидаёқ билинмагани турли саволларни келтириб чиқаради!
Қамалган шаҳар ҳокими ва прокурори
2022 йилнинг декабрида камдан-кам учрайдиган ҳолат юз берганди. Бу сафар ҳоким ўринбосари эмас, ҳозирда собиқ деб айтиладиган Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров қамалганди, 10 йилга! Қолаверса, собиқ прокурор Қурбонали Асқаров ҳам 10,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Улар ва яна 43 нафар шахс вилоятда 63 млрд сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштиришда айбланган. Бу иш доирасида Андижон вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фарҳод Муллажонов, вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бўлим собиқ бошлиғи Шавкат Ҳошимов, вилоят халқ таълими бошқармасининг собиқ раҳбари Азизбек Миркомилов ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.
5,5 ой давом этган суд ҳужжатларига кўра, Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими ва Андижон вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармасининг собиқ бошлиғи Баҳром Ҳайдаров ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб сохтакорлиги, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби жиноятларда айбли деб топилган. Унга 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 350 баравари, яъни 85 750 000 сўм жарима жазоси тайинланганди.
Собиқ шаҳар прокурори Қурбонали Асқаров ҳам юқоридаги жиноятлар ва пора беришда айбли деб топилиб, 10 йил 6 ойга қамалганди. Энди Шаҳар ва вилоят даражасидан тушиб, туман доирасидаги порахўрликларни ҳам кўриб чиқамиз.
“Ёпди-ёпди” эвазига дала ҳовли
Жалақудуқ тумани ҳокими ўринбосари осонгина 10 сотихли дала ҳовлига эга чиқишни хоҳлаб, фермер хўжалигида аниқланган 4,1 млрд сўмлик зарар бўйича судга даъво киритилмаслигини таъминлашга ваъда берган. Ҳатто, текширувларни тўхтатишга ҳам қурби етишини айтган. Бу қилмишига эса Андижон вилояти Экология бошқармаси раҳбарларидан бирини шерик қилган. Фермерни ишонтирган ҳам. Кейин ҳаммаси силлиқ кечиши учун ҳоким ўринбосари ишга ўзининг укаси ва келинини ҳам жалб қилган. Ақлли юриш! Қаранг нима қилган улар: ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги учун ҳоким ўринбосарининг ўзи эмас, укаси ҳовлини ўз турмуш ўртоғининг номига ўтказиш мақсадида нотариусга борган. Бироқ, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан туман ҳокими ўринбосари ҳамда вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мансабдорига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
$15 000 эвазига “беминнат” ёрдам берган “замҳоким”
Ўтган йилнинг октябрь ойида Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари ҳам пора олаётган пайтида ушланганди. У мансаб мавқеидан фойдаланиб, туман ҳудудидан ўтган катта йўл бўйида 400 метр узунликдаги зовурни ёпиқ тизимга ўтказган ҳолда, бунинг ҳисобига юзага келадиган 60 сотих ер майдонида ҳар бири 30 кв метр бўлган жами 8 та савдо дўкони қуриш учун ер ажратиш ва тегишли ҳужжатларни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Текинга эмас тушунганингиздек. Фуқародан 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 200 АҚШ долларини олган. Қолган 14 800 АҚШ долларини олаётган вақтида эса ашёвий далиллар билан ушланган.
Ер керакми? Унда $20 000 беринг!
Хонобод шаҳар ҳокими ўринбосари ҳам ҳамкасбларидан қолиб кетишини, шундоқ “ёғли” лавозимидан фойдаланмасликни хоҳламаган. У ўзига шерик сифатида спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖнинг муқаддам судланган раҳбарини танлаган. Улар тил бириктириб, маҳаллий тадбиркорга ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиши учун ҳокимлик захирасида бўлган 4 гектар ер майдонини осонгина олиб беришни ваъда қилган. Режалари эса қуйидагича: ерни алоҳида лот сифатида аукцион савдога қўйдириш, ўзлари 2 млрд сўмга уни ютиш, тадбиркор номига расмийлаштириб бериш. “Пешона териси”нинг нархи эса 20 минг АҚШ доллари. Бу пулни нима қилиш бўйича режа ҳам тузишган бўлса керак. Аммо қўлларига тутилган айни АҚШ долларида махсус суюқликда ёзилган “пора” сўзи бор эди. Улар жиноятга далил сифатида рўйхатга олинган.
$600 000 лик “иш”
Андижон тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари ҳам, осонгина йўл билан ер олиб бериш ваъдаси орқали чўнтагини қаппайтирмоқчи бўлган. Унга бу режада Андижон шаҳар статистика бўлими бошлиғи ва 2 нафар шахс ёрдам берган. Улар ҳам ишлаб чиқариш учун завод қурмоқчи бўлган тадбиркорга эркин иқтисодий зона ҳудудидан 6 гектар ер майдонини аукцион савдо орқали олиб беришни айтишган. Эвазига сўралган пулни эшитгач уларнинг иштаҳаси карнайлигини англашингиз мумкин: 600 минг АҚШ доллари! Олдиндан 150 минг АҚШ долларини олган вақтларида эса тезкор ходимлар воқеа жойига кириб келишган.
Шу ҳоким ёрдамчилари пора билан ушланавериши аллақачон халқ орасида турли кесатиқли мемларга сабаб бўлган. Мантиқан қараб, кўпчилик булар шунчаки “олувчи қўл”, тепароқда бу режани тузган “миялар бор” дейди. Аммо судда мантиқий тахминлар эмас, фақат исбот “гапиради”. Нима ҳам деймиз.
“Ҳа мана пора олганлар ушланган экан-ку, энди суд қилиниб жазосини олишади-да” деб хотиржам бўлади одам хабарларнинг якунини эшитгач. Аммо бу иллат манзил, мавсум ва соҳа танламаслиги исботини топган. Шу сабаб жазони ўташ масаласи ҳам баъзида сўроқли бўлади.
Табибнинг ўзи ҳам бемор
Одил судлов бу энг муҳим масала. Ҳеч қачон айбсиз одам жазо олмаслиги, қонунбузар эса жазосиз қолмаслиги керак. Бу жамиятда қарашлар, ўлчовлар ва аҳоли розилиги каби масалаларни ўзгартириб юбора оладиган даражада муҳим. Бироқ жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар судининг раиси жиноятда айбланган ва ҳукми ҳам аллақачон эълон қилинган одамнинг “оғирини енгил қилиш” учун пора талаб қилган. У муқаддам бошқа суд томонидан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазо муддатини камайтиришни ваъда қилиб, судланган шахснинг онасидан 30 минг АҚШ доллари миқдордаги пулларни олган вақтда ушланган. Ҳа, адолатнинг нархи у учун шундай бўлган.
Бу жиноятлар яқин йилларда содир бўлгани ва оммага ошкор қилингани холос. Ҳали биз билмаган қанчадан-қанча ҳолатлар бўлиши ҳам мумкин. Уларни кузата туриб “коррупция Андижонда шунчаки пора олиш эмас, тизимга сингиб кетган, одатий турмуш тарзидек бўлиб қолмаганми?” деган савол пайдо бўлади. Давлат амалдори бўлган ҳоким ўринбосарлари лавозимни масъулият эмас, тила тилагингни дейдиган “жин” деб ўйласа, адолат рамзи бўлган судья озодликни нархласа, илм даргоҳидагилар фақат ошқозонини ўйласа, ҳар қандай имкониятдан фақат “соққа қилиб қолиш” дардида яшалса, қўпол қилиб айтганда ўз ҳожатини ҳамма хоҳлаганича чиқараверса, атрофда шахсий манфаат учун исталган ишни битириб берадиган “ҳожатбарорлар” кўпайса, жамият мана шу сўзнинг ўзаги бир бўлган, охири “хона” билан тугайдиган манзилга айланиб қолмайдими? Энг даҳшатлиси, бу “очкўзлик ўйинлари” ҳозир ҳам давом этяпти. Бу “таом”дан еганлар ҳеч қачон тўймайди, чунки уларнинг иштаҳаси мансаб билан бирга ўсади.
Жиноят содир этганларнинг лавозими, айланган пулларнинг миқдорига қараб бу жиноятлар силсиласи шунчаки кадрлар хатоси эмас, бу — назоратнинг йўқлиги ёки пастлиги келтириб чиқарган фожиа дейиш мумкин. Токи пора бериш ва олиш “тиш тозалаш”дек оддий, “озодликка чиқиш” эса “товон тўлаш”дек осон бўлар экан, бу “занжир” узилмайди. Демак, тез-тез муҳокамалар марказига чиқиб турадиган вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг кадрлар масаласи ва коррупцияга қарши курашишда қиладиган ишлари ҳали жуда кўп! Аммо ҳоким хоҳласа ҳар қандай ишни уддалаши мумкин. Ҳар ҳолда “Андижон” футбол клубини чемпион қилиш учун ҳокимият даражасида пул ажратиш каби ташаббусларни ҳам айнан у кўрсатган!
Live
Барчаси