Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров вафот этди

Жамият

image

Бугун, 6 июнь куни ёзувчи ва таржимон, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.

Маълумот учун, Иброҳим Ғофуров – 1937 йил 27 декабрда Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, 1956-1961-йиллара САГУ (ҳозирги ЎзМУ) нинг филология факультетида ўқиган. 1961-1982 йилларда Давлат бадиий адабиёт нашриётида кичик муҳаррир, таҳририят мудири, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2025 йил Огаҳий номидаги Халқаро бадиий таржимонлик танловида жаҳон насридан ўзбек тилига таржима йўналиши бўйича тақдирланган.

Мумтоз адабиёт, фольклор, адабий танқид, бадиий таржима, кўп томлик асарларнинг нашр этилишида муносиб ҳиссасини қўшган. 1982-1995 йилларда “Ўзбекистон адабиёт ва санъати” газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган. 1995 йилда “Миллий тикланиш” демократик партиясини ташкил этган. У мазкур партиянинг раиси (1996 йилдан), “Миллий тикланиш” газетасининг бош муҳаррири бўлган.

Иброҳим Ғофуров “Гўзалликнинг олмос қирралари” (1964) “Унутилмаган боғ” (1965), “Жозиба” (1970), “Ёнар сўз” (1973), “Ям-яшил дарахт” (1976), “Юрак-аланга” (1980). “Лириканинг юраги” (1982), “Шеърият – изланиш демак” (1984), “Ўттиз йил изҳори” (1987), “Дил эркинлиги” (1998) сингари адабий танқидий, бадиа китоблар муаллифи. У “Дарвоза”, “Ҳумо қушим”, “Қалдирғочим” сингари шеърий насрлар ёхуд мансуралари билан эътибор қозонган. “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан муаллифнинг 20 жилдлик асарлари нашр этиш режалаштирилиб, ҳозиргача 8 жилди чоп этилган.

Иброҳим Ғофуров жаҳон адабиётидан Мопассаннинг “Азизим” асари билан таржимонлик оламига кириб келади. Кейинчалик “Жиноят ва жазо”, “Телба”, “Қиморбоз”, ,“Ака-ука Карамазовлар”, “Иблислар”, “Айрилмас эр” (Ф. Достоевский), “Алвидо, қурол”, “Чол ва денгиз” (Э.Хемингуэй), “Қиёмат”, “Чингизхоннинг оқ булути” (Ч. Айтматов), “Ёнғин” (В. Распутин), “Бузрукнинг кузи” (Г. Г. Маркес) сингари асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Энг машҳур таржимаси Жеймс Жойснинг “Улисс” шох асаридир.

Иброҳим Ғофуров филология фанлари номзоди (1973), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти (1989) лауреати, “Дўстлик” ордени соҳиби (1995). 1996 йилдан у I ва II чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати. Парламентда “Миллий тикланиш” фракцияси раҳбари, 2000 йилдан Олий Мажлис матбуот ва ахборот қўмитаси раиси ўринбосари. 2021 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.

Жаноза намози эртага, 7 июн куни бомдод намозидан сўнг Ҳазрати имом (Ҳастимом) жоме масжидида ўқилади. Марҳум Тешик қопқоқ қабристонига қўйилади.

QALAMPIR.UZ марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларга ҳамдардлик билдиради.


Мақола муаллифи

Теглар

Иброҳим Ғафуров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар