Ўзбекистон орқали транзит: Қирғизистон суғурта ва “тонировка” тўловларини бекор қилишни сўради
Олам
−
29 Январь 4635 2 дақиқа
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ҳудуди орқали ҳаракатланаётган Қирғизистон фуқароларидан автомобиль суғуртаси ва ойналарни қорайтириш (“тонировка”) учун тўлов ундириш қоидаларини бекор қилиш масаласида музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев Жогорку Кенеш йиғилишида маълум қилди.
Депутатларнинг саволларига жавобан у ҳозирда мазкур масала ҳал этиш босқичида эканини билдирган.
“Қирғизистоннинг бир ҳудудидан бошқасига ўтиш учун, асосан мамлакат жанубида, Ўзбекистон орқали транзитда ҳаракатланганда муаммо юзага келади – ҳайдовчиларимиздан суғурта сотиб олиш ва агар автомобиль ойналари қорайтирилган бўлса, бунинг учун тўлов қилиш талаб этилади. Биз томондан бундай талаб йўқ. Балки қўшнилардан бу талабни бекор қилишни сўрармиз?” дейди депутат Достон Бекешев.
Алмаз Имангазиевнинг сўзларига кўра, бундай илтимос Ўзбекистон томонига аллақачон етказилган ва ҳозирда улар ички тартиб-таомилларни амалга оширмоқда.
“Агар Ўзбекистон томони яқин вақт ичида ушбу тарифларни бекор қилмаса, Қирғизистон ҳам Ўзбекистон фуқароларига нисбатан худди шундай тарифларни қўллайди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тадбиркорлар томонидан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида бож масаласидаги муаммо кўтарилган эди. Хусусан, Тожикистон ўзбекистонлик экспортчиларга юқори қийматда бож қўлламоқда. Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев элчилар ва тадбиркорлар ўртасидаги учрашувда агар мазкур масалада қўшни давлат билан келишувга эришилмаса, Ўзбекистон жавоб қайтаришини билдирганди.