Ўзбекистонда 602 км узунликдаги электр линиялари ўтказилади
Жамият
−
23 Февраль 5285 4 дақиқа
Ўзбекистонда яқин йилларда жами 602 км узунликдаги электр линиялари қурилади. Бу ҳақда бугун, 23 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йирик энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, энергия тизими барқарорлигини таъминлаш ва энергия самарадорлигини ошириш масалалари бўйича йиғилишда маълум қилинди.
Танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилишда қайд этилишича, мамлакатда электр энергияси бўйича жами генерация қувватлари 25,8 минг мегаваттга етган. Шундан қуёш, шамол ва гидроэнергетика 8 минг мегаваттни, яъни умумий ҳажмнинг 31 фоизини ташкил этмоқда. 2026 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 90 миллиард киловатт-соатга етказиш режалаштирилган бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 40 фоиз ўсиш демак.
Жорий йилда иқтисодий ўсиш ҳамда тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошиши ҳисобига электр истеъмоли яна 1 миллиард киловатт-соатга ортиши кутилмоқда. Шу муносабат билан аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжларига мос равишда энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш, тармоқларни янгилаш, инвестицияларни кўпайтириб, йирик лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш биринчи навбатдаги вазифа сифатида белгиланган.
Бугунги кун ҳолатига кўра, ёқилғи-энергетика мажмуидаги инвестиция портфели 133 та лойиҳани қамраб олган бўлиб, умумий қиймати 51,4 миллиард долларни ташкил этмоқда. Шундан 43 миллиард долларлик 73 та йирик лойиҳа бўйича тизимли ёндашув қилиб, йил якунига қадар 6 минг 770 мегаватт янги қувватларни ишга тушириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган. Бу 2,8 минг мегаватт қуёш, 2,5 минг мегаватт иссиқлик, 470 мегаватт шамол, 68 мегаватт гидроэнергетика қувватлари ҳамда 884 мегаватт энергия сақлаш тизимларидир.
Бироқ, айрим лойиҳаларни келишиш ва ер ажратиш билан боғлиқ жараёнларда турли сусткашликларга йўл қўйилаётгани оқибатида мавжуд лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда янгиларини бошлаш орқага сурилаётгани танқид қилинган. Мутасаддиларга ер ажратиш ва тоифасини ўзгартириш ишларини тезлаштириш топширилган.
Умуман, жойларда энергетикани ривожлантириш ва энерготежамкорликни таъминлашда Энергетика вазирлиги ҳамда ҳокимликлар яқин ҳамкорлик ва мувофиқлашув асосида ишлаши зарурлиги қайд этилган.
Лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва маҳсулотлар иштирокини янада кенгайтириш муҳим экани таъкидланган. 2025 йилда инвестиция лойиҳаларида маҳаллий компонент улуши 737 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткични 1 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган.
Жумладан, ўтган йили трансформатор ишлаб чиқариш заводи ишга тушган. Жорий йилда янги турдаги кабель ва муфталарни, шамол электр станциялари миноралари ва парракларини маҳаллийлаштириш лойиҳаларини ишга тушириш, энергия сақлаш тизимларини маҳаллийлаштириш лойиҳасини бошлаш режалаштирилган.
Электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми ортаётган шароитда уни истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш масаласи долзарб экани, лекин қўшимча юқори кучланишли магистраль тармоқлари қурилмаса, генерация қувватларининг истеъмол ҳажмидан ошиб кетиши хавфи мавжудлиги кўрсатиб ўтилган. Ўтган йили электр тармоқларини ривожлантиришга ажратилган маблағларни ўзлаштириш суръати етарли эмаслиги қайд этилган.
Шу муносабат билан яқин йилларда жами 602 километр узунликдаги “Толимаржон – Сўғдиёна”, “Сирдарё – Ҳалқа” ва “Қоракўл – Нуробод” линияларини, 2030 йилга қадар “Янги Ангрен – Наманган” тармоғи ҳамда “Наманган” нимстанциясини қуриш режалари ҳақида ахборот берилган. Тошкент шаҳрида 75 километр юқори кучланишли тармоқлар ва 5 та нимстанция қуриш, 69 километр тармоқ ҳамда 18 та нимстанцияни модернизация қилиш, 638 километр паст кучланишли тармоқлар ва 161 та трансформатор шохобчаларини модернизация қилиш топширилган.
Қўшни давлатлар билан энергетика тизимларини интеграция қилиш ҳисобига водий вилоятларида электр таъминотини яхшилаш режалари ҳам муҳокама қилинган. “Сурхон – Пули-Хумри” юқори кучланишли тармоғи ва унинг нимстанциялари қурилишини жадаллаштириш вазифаси қўйилган.
Энергия самарадорлиги борасида ҳали кўп ишлар қилиниши шартлиги қайд этилган.
Соҳа ва тармоқларда 2026 йилда электр 4 миллиард 378 миллион киловатт-соат электр энергияси, 2 миллиард 840 миллион куб метр табиий газ тежаш учун тизимли ва манзилли чоралар кўриш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Йирик корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажмини ўзгартирмасдан энергия сарфини камида 10 фоизга камайтириш, тармоқлар ва ижтимоий объектларда энергия самарадорлигини ошириш учун 200 миллион доллар ресурс жалб этиш чоралари белгиланган.
Республика ҳудудларида иссиқлик ва когенерация марказларини қуриш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш топширилган. Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан когенерация марказини ташкил этиш ишлари давом эттирилади, Юнусобод тажрибаси асосида ҳудудларда 7 та когенерация марказлари қурилади. Иссиқлик станциялари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида улар учун суюлтирилган газни сақлаш инфратузилмасини барпо этиш масаласини ўрганиб, таклифлар киритиш топширилган.
Йиғилиш якунида Президент стратегик лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, магистраль ва тақсимловчи тармоқларни жадал ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча топшириқлар берган.
Live
Барчаси