Ўзбекистонда илк бор рэп йўналишида фестивал ўтказилади
Маданият-санъат 15 Май 14:35 2335
image

Жорий йилнинг 22 июль куни Тошкент шаҳридаги “Анҳор-Локомотив” истироҳат боғида рэп йўналишида  фестиваль ўтказилади. Бу ҳақда  кеча, 14 май куни “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан рэперлар билан ўтказилган учрашувда маълум қилинди.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси келгусида рэп ижрочиларини саралаш, уларнинг ижодини баҳолаш, мастер-класслар ўтказиш, оригинал қўшиқлар яратишларига кўмаклашиш каби тизимли ишларни ҳам йўлга қўйишни режалаштирмоқда. 

Бундан ташқари, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан ижтимоий тармоқларда “Рэп йўналиши” бўйича лебель, телеграм бот, инстаграм тармоқларида янги рукн очиш ва уларни янгиликлар билан тўлдириб бориш, яхши ижро маҳоратига эга рэп ижодкорларини саралаш ҳамда улар орқали Ватанни улуғловчи қўшиқлар тайёрлаш ва унга клип суратга олиш, телеканалларда намойиш этиш ҳамда уларни концерт дастурларига тавсия этиш каби кўплаб имкониятлар ҳам яратилади. Шунингдек, рэп ижодкорларига ижтимоий тармоқларда лицензиясиз фаолият юритиш ва лицензия олишда имтиёзли нарх белгилаш маълум қилинди.

Мазкур давра суҳбатида иштирокчи ижодкорлар билан фикр алмашилиб, рэп йўналишининг истиқболдаги режалари белгилаб олинди. Эндиликда рэп йўналишида миллийликни, урф-одат ва  қадриятларни тараннум этувчи қўшиқлар ижро этилади. 

Тадбирда рэп ва шу каби йўналишларни ривожлантириш, бу йўналишларда ижод қилаётган ижодкорлар билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда айрим рэперлар давлат ташкилотлари томонидан уюштирилаётган байрам тадбирларида уларнинг иштироки таъминланмаётганлиги, бир сўз билан айтганда, бу соҳа қўллаб-қувватланишига етарлича эътибор қаратилмаётганидан норозликларини билдирдилар. 

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, жорий йилнинг 16-17-18 август кунлари Тошкент шаҳрида рэп ва диджейларнинг Халқаро фестивалини ўтказиш белгиланган.

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 25
Рейтинг: 2.9