Ўзбекистондаги қурилиш корхоналари огоҳлантирилди

Жамият

image

Рақобат қўмитаси қурилиш соҳасидаги қонунбузилишлар бўйича мурожаатларнинг кескин ортиши фонида фуқароларни уй олди-сотдисида хушёр бўлишга чақириб, қурувчи корхоналарга огоҳлантириш берди. Бу ҳақда қўмитанинг Telegram-каналида хабар берилди.

Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда, масалан, 2025 йилда соҳага доир 1 706 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чорагидаёқ уларнинг сони қарийб мингтага етган. Хусусан, сўнгги вақтларда қурилиш соҳасида шартнома шартларининг бажарилмаслиги, муддатларнинг кечикиши ва рухсат олинмасдан уйлар учун олдиндан тўлов олиш ҳолатлари юзасидан мурожаатлар кўпайган.

Қўмитага кўра, ушбу мурожаатларда асосан:

  • қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилиши;
  • кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундирилиши;
  • шартнома шартларига риоя қилинмаслиги;
  • уй-жойларни белгиланган муддатда топширмаслик;
  • техник талабларга жавоб бермайдиган материаллардан фойдаланиш ҳамда рекламада ваъда қилинган лойиҳаларнинг амалда бажарилмаслиги каби ҳолатлар қайд этилмоқда.

Юқоридагиларга асосан, Рақобат қўмитаси фуқароларга хонадон сотиб олиш жараёнларида, айниқса, улуш киритиш асосида уй-жой сотиб олишда (ҳали қурилмаган уй-жой учун пул тўлашда) ёки янги қурилган кўп қаватли уй-жойлардан хонадон сотиб олишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишни тавсия этган:

  • шартнома шартлари билан батафсил танишиб чиқиш, шартноманинг асосий жиҳатларига эътибор қаратиш, хусусан, қурувчи ва истеъмолчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига ҳамда уларнинг ўзаро мутаносиблигига;
  • қурилиш ва фойдаланишга топшириш муддатларига;
  • муддатлар бузилганда жавобгарлик назарда тутилганлигига.

Қўмитанинг билдиришича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4732-сонли қарорига мувофиқ, кўп квартирали уйларни улуш асосида қуриш учун аҳоли ёки ташкилотларнинг пул маблағларини жалб қилиш ҳуқуқи фақат юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган, махсус электрон рўйхатга киритилган қурувчи компанияларга берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 246-сонли фармонига мувофиқ эса, харидор ва сотувчи ўртасида ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлаш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тўловлар эскроу ҳисобварағи орқали, шу жумладан банк кассалари ёки нақдсиз ҳисоб-китоб шаклида амалга оширилиши белгиланган.

Шу билан бир қаторда, Рақобат қўмитаси қурувчи корхоналарни ҳам огоҳлантирган.  Унга кўра, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, истеъмолчилар товар ва хизматларни эркин танлаш, уларнинг сифатли бўлишини талаб қилиш, шунингдек, етказилган моддий ва маънавий зарарнинг тўлиқ қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, истеъмолчи ҳуқуқларини чеклайдиган ёки қонунчиликка зид шартлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва бундай ҳолларда етказилган зарар ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи томонидан қопланиши лозим.

“Зеро, Бош қомусимиз – Конституциянинг 65-моддасига кўра, давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда тадбиркорлик эркинлигини кафолатлаши белгиланган”, дейилади қўмита ахборотида.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 9-моддасига кўра тадбиркорлик субъектлари рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка амал қилиши шартлиги қайд этилган.

“Юқоридагилардан келиб чиқиб, барча қурувчи корхоналардан қонунчилик нормаларига қатъий амал қилган ҳолда, фуқаролар билан шартнома тузишлари, қурилишни битказиш имкониятларидан келиб чиқиб, оқилона ва аниқ муддатларни белгилашлари ҳамда фуқароларнинг қонунчиликда белгиланган имтиёз ва ҳуқуқларини чекламаслик чораларини кўришлари шартлигини эслатиб ўтамиз!” дейилган хабарда. 

Шу билан бирга, белгиланган қонунчилик талабларининг бузилиши, тегишли таъсир чоралари қўлланилишига сабаб бўлиши таъкидланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Рақобат қўмитаси қурилиш корхоналари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг