Маош 3500 доллар: ўзбекистонликлар АҚШда мавсумий ишларга жалб қилинади
Жамият
−
23 Март 12839 2 дақиқа
Ўзбекистонликлар АҚШда мавсумий ишларга жалб қилинади. Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев бу бўйича АҚШнинг USA Farm Labor ташкилоти раҳбари Мануэль Фик билан музокара олиб борди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур ташкилот 22 йилдан буён H-2A дастури доирасида Қўшма Штатлардаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий ишларга хорижий ишчиларни жалб қилиш билан шуғулланади. Ҳозирда Шимолий Америка ҳудудида 1 400 дан ортиқ фермер хўжаликлари ва ранчолар билан ҳамкорлик шартномасига эга.
Онлайн тарзда ўтган мулоқотда ўзбекистонлик номзодларни илк бор АҚШдаги мавсумий ишларга жалб этиш тартиблари муҳокама қилинган.
- Иш муддати: 9–10 ой;
- Ўртача ойлик: 3 500 $;
- Тураржой: иш берувчи ҳисобидан;
- Малакали мутахассисларга устуворлик берилади.
Учрашув якунида ўзаро келишув имзоланган ҳамда ҳамкорликни кейинги босқичларини энг тез муддатларда амалга оширишга келишиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сиддиқовга АҚШдаги мавсумий ишчилар жалб қилинадиган давлатлар рўйхатига Ўзбекистонни киритиш бўйича музокаралар ўтказиш топширилганди.
H-2A визаси
Маълумот учун, АҚШ ҳукумати 2026 йил бошида қишлоқ хўжалиги ишчилари учун мўлжалланган H-2A визаси тизимини соддалаштириш ва фермерлар учун харажатларни камайтиришга қаратилган бир қатор ўзгаришларни эълон қилди.
АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA), Меҳнат вазирлиги (DOL) ва Миллий хавфсизлик вазирлиги (DHS) аризаларни бир вақтнинг ўзида (симультан тарзда) топшириш имкониятини яратиш устида ишламоқда. Бу аризаларни кўриб чиқиш вақтини қисқартириб, тизимни янада самаралироқ қилиши кутилмоқда.
Меҳнат вазирлиги 2026 йил учун H-2A ишчиларининг минимал иш ҳақи ставкаларини (AEWR) қайта кўриб чиқди. Янги ҳисоб-китобларга кўра, 2026 йилда фермерлар ишчиларига соатига 15-20 доллар ўрнига 8-17 доллар атрофида ҳақ тўлаши мумкин бўлади.
2025 йил охири ва 2026 йил бошидан бошлаб USCIS аризаларни (I-129H2A формаси) онлайн тарзда қабул қилишни кенгайтирди, бу эса қоғозбозликни камайтиради.
Ҳозирда Конгрессда H-2A визасини нафақат мавсумий, балки йил давомида ишлайдиган соҳалар (масалан, чорвачилик) учун ҳам қўллаш бўйича таклифлар муҳокама қилинмоқда. H-2A дастурида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхати АҚШ Миллий хавфсизлик вазирлиги (DHS) томонидан ҳар йили янгиланади. 2025 йилги охирги рўйхатга асосан, дастурда иштирок этишга рухсат берилган айрим давлатлар қуйидагилар:
• Мексика
• Филиппин
• Таиланд
• Эквадор
• Гондурас
• Гватемала
• Ямайка
• ва бошқа кўплаб давлатлар.
Live
Барчаси