Суюнчи! Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 72 млрд доллардан ошди
Жамият
−
02 Октябрь 19691 2 дақиқа
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарз ҳажми 72,2 млрд долларга етди. Бу ҳақда Марказий банкнинг “Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарзи” шарҳида келтирилган.
Унга кўра, жорий йилнинг 6 ойи якунида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарз ҳажми 72,2 млрд долларни ташкил қилиб, шундан давлат ташқи қарзи ҳажми 36,8 млрд доллар ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми 35,4 млрд долларга тенг бўлган. Давлат қарзи тўғрисидаги қонунчилик бўйича давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги зарур. Ҳозирда Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи миқдори ЯИМга нисбатан 62 фоизни, давлат қарзи эса ЯИМга нисбатан 38 фоизни ташкил этмоқда. Қайд этиш жоиз, 2024 йилнинг мос даврида мамлакат жами ташқи қарзи 56,6 млрд доллар бўлган. Шундан 31 млрд доллари давлат ташқи қарзи, 25,6 млрд доллари корпоратив ташқи қарз.
Ҳисобот даврида жорий операциялар ҳисоби 156,3 млн доллар манфий сальдо билан шаклланган (2024 йилнинг I ярмида қарийб 2,9 млрд доллар). Бу савдо баланси тақчиллигининг сезиларли даражада қисқариши ҳамда хориждан Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг ошиши билан изоҳланади.
Экспорт ҳажмининг импортга нисбатан юқорироқ суръатларда ўсиши натижасида савдо балансининг манфий сальдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга қисқариб, 6,4 млрд долларни ташкил қилган. Хусусан, жами экспорт ҳажми 29 фоизга ошиб, 16,6 млрд долларни ташкил қилган бўлса, жами импорт ҳажми 10 фоизлик ўсиш билан қарийб 23 млрд долларга етган.
2025 йилнинг I ярми давомида мамлакатга тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг соф киритилиши 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 42 фоизга ўсиб, 1,6 млрд долларга тенг бўлган. Портфель инвестицияларнинг соф жалб қилиниши асосан халқаро облигациялар билан боғлиқ операциялар ҳисобига 3,1 млрд долларни ташкил қилган. Юқоридаги таркибий омиллар ҳисобига ҳисобот даври якуни бўйича молиявий ҳисоб манфий сальдоси 895,9 млн долларни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг I чорагида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарз ҳажми 68,4 млрд долларни ташкил қилаётган эди. Шундан давлат ташқи қарзи ҳажми 35,8 млрд доллар ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми 32,6 млрд долларга тенг бўлган.
Live
Барчаси