Яна уруш эҳтимоли ёхуд Венесуэла сценарийси такрорланадими?

Таҳлил

image

Ҳали январь ойи тугамасиданоқ АҚШ ўзининг навбатдаги қурбонига ҳужум қилишга тайёр кўринади. Венесуэлага қилинган ҳужум сценарийси такрорланмоқда. Бир қанча таҳдидлар, жиддий огоҳлантиришлар ва ана энди, АҚШнинг улкан авиаташувчиси Ҳинд океанида қорни оч наҳанг каби ўлжасини кутмоқда.

Баъзилар буни шунчаки АҚШ Презеденти Дональд Трампнинг навбатдаги қўрқитув механизми деб таъкидлашмоқда. Аммо, кўплаб мутахассислар фикрича, Трамп аллақачон амалий ҳужум режалари ҳақида бош қотирмоқда,чунки бундай улкан ҳарбий кема одатий таҳдидлар учун хос эмас. Эрон ҳам тайёр, АҚШ ҳарбий базалари нишон остида.

Демак, дунё яна бир урушга тайёр туриши керакми?

Эронга таҳдид

Эрон яқинига АҚШ улкан армадани (ҳарбий кемалар флоти) жойлаштирмоқда. АҚШ арсеналининг яна бир қудратли “ўйинчоғи”, Авраам Линколн (CVN-72) авиаташувчиси Жанубий Хитой денгизида фаолият юритиб келаётганди, энди эса у Яқин Шарқ қирғоқлари яқинида турипти.

CVN-72 ёки АҚШнинг 16-президенти шарафига номланган Авраам Линколн авиаташувчиси "Нимитз" классига мансуб (атом энергияси билан ишлайдиган) бешинчи кема ҳисобланади. CVN-72 85-90 та самалёт ёки верталёт, 5 600 нафарга яқин кишини олиб юра олади. Узунлиги – 332,8 метр, кенглиги – 76,8 метр ва 56 км/соат тезликда ҳаракатланиш имкониятига эга. Кема иккита Westinghouse A4W атом реактори билан ишлайди. Бу унга ёқилғи қуйишсиз 20-25 йил давомида, деярли чексиз масофага сузиш имконини беради.

Сўнгги вақтларда Эрон ва АҚШ ўртасидаги алоқалар ҳар галгиданда кескинлашиб, қисқа муддатли ҳарбий можарога ҳам айлангани эсинггизда бўлса керак. Ўтган 2025 йилнинг 13-24 июнь кунларида содир бўлган Эрон-Исроил уруши ва сўнгида Вашингтоннинг аралашуви икки йирик куч марказлари ўртасидаги нозик алоқаларга жиддий шикаст етказган эди. Буни қарангки, қисқа муддат ичида АҚШ яна Эрон томонга қурол билан келмоқда.

2025 йилнинг 28 декабрь санасида Эронда бошланган норозилик намойишлари ва бу ҳаракатларни ҳукумат томонидан куч билан бостиришга уринишлар, Трамп учун навбатдаги ҳарбий ҳаракатларни бошлашга баҳона бўлган кўринади. Гўёки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи суперқаҳрамон каби Трампнинг эълон қилган кескин талаблари Эрон маъмуриятини ғазаблантирган бўлса ажаб эмас.

"Мен, агар улар одамларни ўлдиришни бошласа, одатда тартибсизликлар пайтида Эрон шундай қилади, биз уларга жуда қаттиқ зарба беришимизни айтдим", деган эди Трамп, 8 декабрь санасидаги интервьюсида.

Эрон ҳукумати бу талабга жавобан, намойишлар вақтида ҳеч ким ўлдирилмаганлиги ва бу ҳатто режада ҳам йўқлигини эълон қилган. Ваҳолангки бироз аввал, Теҳроннинг жамоат ва инқилобий прокурори Али Солиҳий инқилобчиларга ўлим билан таҳдид қилиб, уларни “давлатга қарши уруш”да айблаган. Гарчи АҚШ тазйиқларидан кейин расмий қатллар содир этилмаган бўлсада, ўлганлар сони ошиб борди. АҚШда жойлашган Инсон ҳуқуқлари фаоллари янгиликлар агентлиги (HRANA) 25 январь куни эълон қилган хабарга кўра, намойишлар давомида қарийб 5800 дан ортиқ намойишчи ҳалок бўлган. Ҳисоботда 17091 кишининг ўлими ҳали ҳам кўриб чиқилётгани айтилган эди. Аммо, расмийлар томонидан тақдим этилган рақамлар ўзгача, Ички ишлар вазирлиги ва Шаҳидлар ҳамда фахрийлар жамғармаси қўшма баёнотига кўра, қурбонлар сони 3117 нафар.

Мана энди Вашингтон Эронга ростакамига қурол билан таҳдид қилмоқда. Гарчи Оқ уй раҳбари ҳар қанча тинчлик исташини такрорламасин, унинг қилаётган амаллари бунинг аксини кўрсатмоқда. Трамп 27 январь куни Аёва штатида сўзлаган нутқида Эронга қараб АҚШ ҳарбий кемаларининг қўшимча "армадаси" сузиб кетаётганини эълон қилди.

“Июнь ойида биз “Midnight Hammer” операциясида Эроннинг ядровий салоҳиятини йўқ қилдик. Ҳозир эса Эрон томон яна бир гўзал армада гўзал тарзда сузиб кетмоқда”, дейди Трамп.

Исроил Мудофаа армияси Бош штаби бошлиғи, генерал Эял Замир Исроил ҳар қандай таҳдид солувчи душманга қарши ҳаракат қилишга тайёр эканини маълум қилган. 27 январь куни кечаси Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху эса Теҳронга алоҳида огоҳлантириш берди.

“Исроилга қилинган ҳар қандай ҳужум сиз тасаввур ҳам қила олмайдиган даражадаги жавоб зарбасига сабаб бўлади. Президент Трамп нима қарор қабул қилишини ўзи ҳал қилади; Исроил давлати нима қарор қабул қилишини ўзи ҳал қилади. Биз ҳар қандай сценарийга тайёрмиз", дейди Нетаняху.

Қисқа қилиб айтганда, Яқин Шарқ яна АҚШ ва Исроил босими остида қолмоқда. Хўш, Эрон бунга қандай жавоб беради?

Эрон урушга тайёр

Эрон бу шубҳасиз ўз минтақасининг энг қудратли давлатидир. АҚШнинг асосий рақиблари билан яқин алоқаларга эга бўлган ушбу давлат, бугун Трамп маъмуриятининг “оёғига кирган зирапчадек” гўё. Трамп маъмуриятининг таҳдидларига парво ҳам қилмаётган Теҳрон айни дамдаги воқеаларга қандай муносабат билдирмоқда?

Шоу қилишни севувчи АҚШ раҳбари, бир неча бор Теҳрон музокараларга тайёрлигини билдирганини айтиб чиққан эди. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса сўнгги кунларда АҚШнинг махсус элчиси Стив Уиткофф билан боғланмаганини ёки музокаралар ўтказишни сўрамаганини эълон қилди.

"Сўнгги кунларда мен ва Уиткофф ўртасида ҳеч қандай алоқа бўлмади ҳамда биз томондан музокаралар олиб бориш бўйича ҳеч қандай сўров юборилмади. Бизнинг позициямиз аниқ, музокаралар таҳдидлар билан бирга кетмайди. Музокаралар фақат таҳдидлар ва ортиқча талаблар йўқолгандагина амалга оширилиши мумкин", деди Ароқчи.

Бироз олдинроқ эса Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони, генерал Мохаммад Пакпур АҚШ ва Исроилни “ҳар қандай хатоларни чуқур ўйлаб кўришга” чақирган эди. Унинг айтишича, ҳар қандай ҳужум оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

“Қўриқчилар корпуси ва Эрон ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ жанговар шай ҳолатда. Биз Олий бош қўмондоннинг буйруқ ва кўрсатмаларини бажаришга тайёрмиз”, деган Пакпур.

Айни дамда Эроннинг ҳарбий салоҳияти ҳам жиддий муҳокама қилинмоқда. Ҳатто, ядро қуролисиз ҳам Эрон АҚШга жиддий қаршилик қилиши мумкинлиги америкалик ҳарбийлар томонидан ҳам тан олинмоқда. “Draganfly” номли дрон ишлаб чиқарувчи компания асосчиси Камерон Челлнинг Fox.news нашрига берган интервьюсига кўра, Эрон ўзининг дронлар флоти орқали юқори технологияли ҳарбий тизимларга қарши самарали асимметрик таҳдид ярата олиши мумкин.

Эрон бир вақтнинг ўзида АҚШга қарши мафкуравий кураш ҳам бошлаган. 25 январь куни Теҳрон шаҳар ҳокимияти пойтахт марказидаги Энгҳелаб (Инқилоб) майдонида улкан реклама тахтаси очилди ва унда палубасидаги қирувчи самолётлари яксон қилинган авиаташувчининг тепадан кўриниши ва сувда АҚШ байроғи шаклини ҳосил қилиб оқаётган қон акс эттирилган. Тасвир остида эса инглиз ва форс тилларида "Агар шамол эксанг, бўронни ўрасан", деб ёзилган. Мамлакатда эса бундай суратлар, инсталляциялар сон-саноқсиз.

Шу жумладан, Эрон ҳам ёлғиз эмас. Ҳизбуллоҳ раҳбари ҳам АҚШнинг ҳужумларига жим қараб турмаслигини билдирди. 26 январь куни “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати етакчиси Наим Қосим агар Эронга ҳужум қилинса, бу Ливандаги ҳаракатга ҳам таъсир қилишини айтди ва гуруҳ жавоб қайтаришга тайёр эканини эълон қилди.

“Биз ҳар қандай эҳтимолий агрессиянинг нишонига айланамиз ва ўзимизни ҳимоя қилишга тайёрмиз”, деган Қосим ўз тарафдорларига қилган мурожаатида.

Авраам Линколн авиаташувчисининг Яқин Шарқ қирғоқларига яқинлашуви халқаро майдонда ҳам муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бироқ, Россия ва Хитой каби Эроннинг қудратли дўстлари ҳали сукутда. Доимий ҳамкор Хитой ҳам фақатгина томонларни тинчликка чақиришдан нарига ўтгани йўқ. Туркия эса бу борада алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. 28 январь куни Туркия ташқи ишлар вазири Хакан Фидан АҚШни Эрон билан бўлган низоларни ялпи келишув орқали эмас, балки бирма-бир, қадам-бақадам ҳал қилишга чақирди. Унинг таъкидлашича, бу усул Эрон расмийларини таҳқирлашдан қочиш имконини беради. Шунингдек, вазир Теҳрон ўзининг ядровий дастури бўйича музокараларга тайёр эканлигини қўшимча қилди.

“Америкалик дўстларимга доимги маслаҳатим: эронликлар билан боғлиқ файлларни бирма-бир ёпинг. Ядровий файлдан бошланг, уни ёпинг, кейин бошқасини. Агар уларнинг барчасини бир пакетга солсанггиз, эронлик дўстларимиз учун ҳазм қилиш жуда қийин бўлади. Баъзан бу улар учун шармандали туюлиши мумкин. Урушни қайта бошлаш нотўғри”, дейди Фидан.

Аммо, икки томоннинг ҳеч бири ён бериш ниятида эмас. Вашингтон Эронни бўғзига пичоқ тираб музокара столига ўтирғизмоқчи, Эрон эса пичоқдан қўрқмаслигини таъкидлаяпти. Агар барчаси шу йўсинда давом этаверса, Венесуэла тақдири такрорланиши мумкин. Эсласанггиз, Трамп Мадурони ўғирлаш оператсиясини ҳам худди шундай авиаташувчи билан бошлаган эди. Аммо, Эрон Венесуэла каби президентни сўраса қўшқўллаб бериб юборадиганлардан эмас. Шундай экан, АҚШ ҳам кейинги қадамни ўйлаб босиши лозим. Хуллас, халқаро майдонда вазият нозик, дунё ҳар қандай сценарийга тайёр туриши лозим.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Исроил Теҳрон Ҳизбуллоҳ Али Солиҳий Авраам Линколн CVN-72 армада

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг