Янги Зеландияда ёввойи мушуклар оммавий қирғин қилинади
Олам
−
25 Ноябрь 10064 2 дақиқа
Янги Зеландияда 2050 йилгача ёввойи мушукларни бутунлай йўқ қилиш режалаштирилмоқда ва улар мамлакат қутулиши керак бўлган йиртқичлар рўйхатига киритилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Табиатни муҳофаза қилиш вазири Тама Потакага таяниб, “The Guardian” хабар берди.
Давлат ёввойи мушукларни “Йиртқичларсиз – 2050” (Predator-Free 2050) дастурига киритган. Бу – 2016 йилда стратегия қабул қилинганидан бери илк бор йиртқич турининг рўйхатга қўшилиши. Ўша пайтда рўйхатга бешта асосий йиртқич кирган: каламушлар, стоат, феррет, ласалар (weasel) ва опоссумлар.
Ёввойи мушуклар Янги Зеландияда уй мушукларининг ёввойилашиши туфайли пайдо бўлган. Уларни оролга биринчи бўлиб европаликлар олиб борган.
Predator Free 2050 – бу Янги Зеландия давлатининг дунёдаги энг йирик табиатни муҳофаза қилиш ташаббусларидан бири бўлиб, унинг мақсади 2050 йилгача мамлакатга бошқа ҳудуддан олиб кирилган барча йиртқич ҳайвонларни бутунлай йўқ қилиш ҳисобланади. Янги Зеландия европаликлар боргунига қадар изоляцияда бўлган ва унда сутемизувчи йиртқичлар бўлмаган. Миллионлаб йиллар давомида маҳаллий қушлар ва ҳайвонлар йиртқичсиз дунёда яшашга мослашган, шу сабабли улар жуда ҳимоясиз. Европаликлар мамлакатга каламушлар, опоссумлар ва бошқа йиртқичларни олиб киргач, улар маҳаллий қушлар ва ҳайвонларни оммавий қира бошлаган. Масалан, ёввойи мушуклар ҳар йили тахминан 1,12 миллион қушни ўлдиради, бу кўплаб турлар йўқ бўлиб кетишига олиб келган.
Ёввойи мушуклар айрим ҳудудларда аллақачон йўқ қилинмоқда, бироқ энди улар учун янада кенг кўламли йўқ қилиш дастурлари жорий қилинади. Ҳозир мамлакатда 2,5 миллиондан ортиқ ёввойи мушук бор ва улар маҳаллий ҳайвонот дунёсига катта зарар етказмоқда. Жумладан, Стюарт оролидаги ёввойи мушуклар Руапеху тоғи яқинидаги кўршапалакларнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда. Потаканинг айтишича, биохилма-хилликни тиклаш учун мушуклардан халос бўлиш зарур, шунинг учун улар ласалар ва каламушлар каби бошқа зарарли турлар қаторига қўшилган.
Мушукларнинг стратегияга киритилиши кўп йиллик кампания натижаси бўлиб, аввалига жамоатчилик томонидан қаттиқ қаршиликка учраган. Табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги ҳозир жамоатчиликнинг кўпчилиги мушукларни назорат қилишни қўллаб-қувватлашини ва 90 фоиз одам уларни рўйхатга киритишга рози эканини маълум қилган.
Уй мушуклари стратегияга киритилмаган бўлса ҳам, улар ҳам мамлакатда биохилма-хилликка таҳдид солади. Бу эса мушуклар сони жуда юқори бўлган давлатда баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. SPCA ва Predator Free Trust каби ташкилотлар мушукларни уй шароитида сақлашни, мажбурий микрочиплаш ва стерилизация каби уй мушукларини назорат қилиш бўйича қонунчилик жорий этишни талаб қилмоқда.
Live
Барчаси