Европа ўзининг ядровий қалқонини ишлаб чиқади
Олам
−
14 Февраль 423 2 дақиқа
Европа етакчилари ўз ядровий қалқонини яратиш масаласида муҳокамалардан амалий босқичга ўтди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, маълумотни Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам тасдиқлаб, Мюнхен хавфсизлик конференцияси очилишида Германия Франция билан Европа ядровий мудофаа тизимини яратиш бўйича музокараларни бошлаганини маълум қилган.
“Мен Франция Президенти Эммануэль Макрон билан Европа ядровий тийиб туриш масаласи бўйича махфий музокараларни бошладим. Европада турли даражадаги хавфсизлик зоналари пайдо бўлишига йўл қўймаймиз, деди Мерц.
Унинг айтишича, Германия 1990 йилда зиммасига олган ядровий қурол ишлаб чиқмаслик, унга эгалик қилмаслик ва уни бошқармаслик мажбуриятларига содиқ қолади. Бироқ Париж билан Франциянинг ядровий “соябони”ни Европа Иттифоқи давлатларига, жумладан, Германияга ҳам татбиқ этиш имконияти муҳокама қилинмоқда.
Манбаларга кўра, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг сиёсати туфайли Европа давлатлари АҚШ ҳимоясига тўлиқ ишонч ҳосил қила олмаётгани сабабли, улар Совуқ уруш тугаганидан буён илк бор ўз ядровий тийиб туриш тизимини яратиш масаласини муҳокама қилмоқда. “Bloomberg” суҳбатдошларидан бирининг айтишича, музокаралар юқори ҳарбий даражада олиб борилмоқда, айрим вазирлар эса бундан хабардор бўлмаслиги ҳам мумкин.
Музокаралар асосан ўзаро ишонч мустаҳкам бўлган икки ёки уч томонлама форматда ўтказилмоқда. Асосан АҚШ ҳарбий объектлари жойлашган, Россияга яқин ва унинг томонидан бевосита таҳдидни ҳис қилаётган давлатлар иштирок этмоқда. Шу билан бирга, бу ташаббус Москвага қандай сигнал беришини ҳам диққат билан кузатмоқда.
Елисей саройига яқин манбаларнинг маълумотига кўра, Макрон яқин орада Франциянинг ядровий тийиб туриш тизимини бошқа Европа давлатларига ҳам кенгайтиришни таклиф қилиши кутилмоқда. Бу эҳтимол, Мюнхен конференциясидан кейин рўй беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эммануэль Макрон Мюнхен хавфсизлик конференциясида Европа ўз хавфсизлик архитектурасини мустақил равишда қайта ишлаб чиқиши кераклигини таъкидлаган эди.
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль