Жакарта Токиони ортда қолдириб, энг зич шаҳарга айланди
Олам
−
27 Ноябрь 4142 2 дақиқа
БМТнинг янги методология асосида тайёрлаган сўнгги тадқиқотига кўра, Жакарта дунёдаги энг зич аҳоли яшайдиган шаҳар сифатида қайд этилди. Бу ҳақда БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий департаменти ҳисоботида келтирилди.
Департамент эълон қилган “Жаҳон урбанизацияси истиқболлари – 2025” ҳисоботида келтирилишича, Индонезия пойтахтида бугунги кунда 42 миллион киши истиқомат қилади. Бангладеш пойтахти Дакка 37 миллион аҳоли билан иккинчи зич шаҳарга айланди. Токио эса 33 миллион аҳолиси билан учинчи ўринга тушди.
2018 йилги ҳисоботда Токио дунёнинг энг йирик мегаполисига айланган эди. Янги рейтингдаги фарқ шаҳарлар тузилмасини белгилашда қўлланилган мезонларнинг ўзгаргани билан изоҳланади.
БМТ демографи Патрик Герландга кўра, илгари турли давлатларнинг ўзига хос таърифлари сабаб Токио устувор кўринишда бўлган. Эндиликда барча мегаполислар бир хил аҳоли ва географик мезонлар асосида баҳоланмоқда.
БМТ Бош котиби ўринбосари Ли Жунхианинг айтишича, урбанизация замонавий даврнинг энг муҳим жараёнларидан бири бўлиб, у тўғри бошқарилган тақдирда иқлим ўзгариши, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий тенгликка ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳисоботда қайд этилишича, 1950 йилдан бери шаҳарларда аҳоли икки баравар ошган. Бугунги кунда дунёдаги 8,2 миллиард аҳолининг қарийб ярми шаҳарларда яшайди. 2050 йилга бориб бу кўрсаткич учдан икки қисмга етиши прогноз қилинмоқда.
Дунёдаги энг йирик 10 шаҳар орасидан тўққизтаси Осиё қитъасида жойлашган. Масалан, Жакарта, Дакка, Токио, Янги Деҳли, Шанхай, Гуанчжоу, Қоҳира, Манила, Калкутта ва Сеул.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда энг кўп аҳоли қайси ҳудудда яшаши ҳақида хабар берилганди. 2025 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 38 млн 069 минг 116 кишини ташкил этган. Ҳудудлар кесимида Самарқанд вилояти – 4 360 070 киши билан энг кўп аҳолили вилоят сифатида қайд этилган.
Live
Барчаси