Зироат Мирзиёева Албания етакчисининг рафиқаси билан учрашди
Жамият
−
16 Июнь 5665 1 дақиқа
Бугун, 16 июнь куни Албания Республикаси Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ҳамда Албания Республикаси Биринчи хоними Арманда Бегайнинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда икки давлат раҳбарларининг рафиқалари Ўзбекистон ва Албания халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган.

Маданий дастур давомида олий мартабали меҳмон ўзбек амалий санъати усталарининг ижод намуналари, жумладан, ёғоч ўймакорлиги, қадимий сўзана каштачилиги техникаси ҳамда анъанавий кулолчилик буюмлари билан танишган.

Дастурнинг ёрқин лаҳзаларидан бири анъанавий ўзбек либослари намойиши, шунингдек, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига хос жиҳатларни акс эттирган “Келин салом” маросими тақдимоти бўлган. Олий мартабали меҳмон ўзбек халқининг миллий анъана ва урф-одатларига самимий қизиқиш билдириб, уларнинг чуқур тарихий илдизлари, гўзаллиги ва бетакрорлигини алоҳида таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 16 июнь куни Кўксарой қароргоҳида мамлакатга расмий ташриф билан келган Албания Республикаси Президенти Байрам Бегайни расмий кутиб олиш маросими бўлганди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий кутиб олиб, шоҳсупага таклиф қилган.
Live
БарчасиАҚШ ва Эрон меморандум имзолади
18 Июнь