Зоминда аҳоли 10 йилдан бери электр, газ ва сув муаммоси билан яшаяпти (видео)
Жамият
−
08 Февраль
4740Аввалроқ, Жиззах вилоятининг Зомин туманида яшовчи аҳоли томонидан 10 йилдан бери электр, газ ва сув муаммоси бартараф этилмай келинаётгани ҳақида QALAMPIR.UZ'га мурожаат келиб тушганди. Мурожаатда туманнинг Ғаллакор қишлоғи “Обод маҳалла” дастурига киритилиб, чала ташлаб кетилгани айтилади. Шу сабабли аҳоли 2015 йилдан бошлаб газ тармоғидан узилиб қолган, симёғочлар охиригача тортилмагани ортидан электр билан боғлиқ муаммо бор. Ҳаттоки ичимлик суви учун ётқизилган қувурлар ҳам тўлиқ таъмирланмаган.
Бундан ташқари, қишлоқ врачлик пункти, замонавий мактаб, боғчалар мавжуд эмаслиги, қинғир-қийшиқ йўл муаммоси одамларни муттасил қийнаб келаётгани маълум қилинган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Жиззах ҳудудий филиали ушбу қишлоқда электр билан боғлиқ муаммоларга муносабат билдирди. Тақдим қилинган маълумотга кўра, Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Ғаллакор қишлоғида электр таъминотини яхшилаш мақсадида вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси” ДУК буюртмачилиги асосида қурилиш-монтаж ишларини амалга оширган.
Бироқ ушбу лойиҳаларни амалга оширишда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ вилоят филиали билан келишилмаган. Шу туфайли аҳоли хонадонларининг тармоққа уланиш қисми лойиҳа-смета ҳужжатларига киритилмагани сабабли ҳозирги кунда амалга оширилган ишларни фойдаланишга топшириш имконияти мавжуд эмас.
Ташкилот, ўз навбатида, қишлоқнинг электр таъминотини яхшилаш доирасида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар берганини маълум қилди. Билдирилишича, ушбу объектнинг қурилиш-монтаж ишларини бажариш мақсадида ажратилган маблағлар маҳаллада тўлиқ электр узатиш тармоғини тортиш учун етмаслиги сабабли маҳалланинг энг оғир қисмини бажариш таклифи бир неча бор берилганига қарамасдан аҳоли томонидан эътирозларга сабаб бўлгани сабабли қарор доирасида белгиланган темир бетон устунлари ва трансформатор пунктлари ўрнатилган.
“Юқоридаги камчиликларни бартараф этиш учун бугунги кунда “Ҳудудий электр тармоқлари” вилоят филиалининг 2025 йил манзилли дастури 2024 йил якуни билан тасдиқланганини инобатга олиб, ушбу объектларни келгуси йилларда манзилли дастурга киритилган ҳолда бажарилишини, бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонлари асосида республика ёки маҳаллий бюджет маблағлари ажратилгандан сўнг бажарилишини маълум қиламиз”, дейилади муносабатда.
LiveБарчаси