Зўрланган ва хўрланган болалар
Таҳлил
−
01 Июнь 5238 3 дақиқа
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Бу галги бир йил давомида катталарнинг совуққонлиги ва ваҳшийлиги оқибатидан азият чеккан, педофиллар қурбонига айланган, тенгдошлари томонидан ваҳшийларча “самосуд” қилинган болаларнинг аччиқ қисмати ҳақида маълумот берамиз.
Одатда “болажон халқмиз” деган гапни фахр билан айтамиз. Лекин кейинги бир йил ичида болалар билан боғлиқ тарқалган хабарларга назар ташласак, бу ибора ортида жуда кўп саволлар пайдо бўлади. Чунки бугун болани фақат бегона одамдан эмас, айрим ҳолатларда ўз яқинларидан, қўшнисидан, ўқитувчисидан, тарбиячисидан ва ҳатто ота-онасидан ҳам ҳимоя қилишга тўғри келмоқда.
Жорий йилнинг май ойида Тошкентда она ўзининг 3 яшар фарзандини 10 минг долларга сотмоқчи бўлганида қўлга олинди. Самарқанд вилоятида эса аёл ўғли билан жанжаллашган биринчи синф ўқувчисини мактабнинг ўзида калтаклагани ҳақида хабар тарқалди. Маълум бўлишича, болалар дарсдан кейин ўзаро тортишиб қолган. Орадан бир неча кун ўтгач эса ўқувчилардан бирининг онаси мактабга келиб, синфхона ичида болаларни ҳақорат қилган ва уларга нисбатан куч ишлатган. Сурхондарё вилоятидаги мактаблардан бирида юқори синф ўқувчиси кичик синфда ўқийдиган болага нисбатан жинсий зўравонлик қилгани маълум бўлди.
Энг ачинарлиси, бу каби ҳолатлар алоҳида ёки кам учрайдиган воқеалар эмас. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 15 ёшгача бўлган болалар сони 8,8 миллион нафардан ошган. 2025 йил давомида эса 3 мингдан зиёд вояга етмаган шахс турли жиноятларнинг қурбони бўлган. Уларнинг 1225 нафари 12 ёшгача бўлган болалардир. Яъни ҳар куни ўртача бир нечта бола турли кўринишдаги жиноятлардан жабр кўрмоқда.
Сўнгги ойларда болаларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар ҳақидаги хабарлар деярли ҳар ой тарқалмоқда. Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида 13 ёшли қиз 53 ёшли эркак томонидан зўравонликка учради. Бухорода 13 ёшли қиз она бўлиб қолгани ҳақида маълумот тарқалди. Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида эса 14 ёшли қиз бир гуруҳ шахслар томонидан зўравонликка учрагани маълум қилинди.
Болаларга нисбатан зўравонлик фақат жинсий жиноятлар билан чекланмайди. Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида икки нафар қизалоқ ўз васийси томонидан мунтазам равишда калтакланиб келгани аниқланди. Аёл уларнинг чет элда ишлаётган онасидан пул ундириш мақсадида болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказган, ҳатто бу жараёнларни видеога ҳам олган. Сурхондарё вилоятида эса 36 ёшли аёл невараси билан жанжаллашган 8 ёшли болани калтаклаган. Баъзан катталарнинг болалар ўртасидаги оддий келишмовчиликларга аралашуви шунчалик кескин тус оладики, оқибатда жабр кўрувчи яна болаларнинг ўзи бўлиб қолади.
Болаларга нисбатан зўравонлик фақат катталар томонидан содир этилмайди. Кейинги йилларда ўсмирлар орасидаги агрессия ҳам жиддий муаммога айланиб бормоқда. Фарғона вилоятида мактаб ўқувчилари ва бошқа фуқароларни қўрқитиб келган жиноий гуруҳ фош этилди. Унинг таркибида вояга етмаган шахслар ҳам бўлган. Улар одамларни таҳдид қилиш, мол-мулкларини тортиб олиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар билан шуғулланган. Қизлар ўртасида ҳам вазият унчалик яхши эмас. Бухорода бир нечта қиз тенгқурини уриб, бу жараённи видеога олгани ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Кейинчалик уларнинг бошқа жанжалларга ҳам алоқадорлиги маълум бўлди. Самарқандда ва бошқа ҳудудларда эса йигит талашиш ёки ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалар сабаб чиққан жанжаллар оқибатида қизлар бир-бирини калтаклагани ҳақидаги хабарлар кузатилди.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.
Live
Барчаси