50 куб метр газ учун имтиёзли нарх март ойи охиригача узайтирилди
Жамият
−
16 Март 7936 2 дақиқа
Ўзбекистон аҳолиси 16-31 март кунлари яна қўшимча 50 куб метр табиий газ учун арзонлаштирилган нархда тўллов қилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 16-20 март кунлари республика ҳудудларида ҳаво ҳарорати кундузи +22 даражагача, кечаси +10 даража бўлиши эълон қилинган. Шу муносабат билан, бугун, 16 мартдан бошлаб 1 ноябрга қадар ҳар ой учун 100 куб метргача (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1 октябргача) базавий меъёр амал қилади.
Вазирлик, шунингдек, март ойи учун муҳим эслатма бериб ўтган.
“Бир ойлик 500 куб метр базавий меъёр ойнинг биринчи ярми учун (1-15 март кунлари) тенг улушларда (пропорционал) тақсимланганда, 250 куб метрни ташкил этади. Бир ойлик 100 куб метр базавий меъёр ойнинг иккинчи ярми учун (16-31 март кунлари) тенг улушларда тақсимланганда, 50 куб метрни ташкил этади ва мана шу 50 куб метр газ учун ҳам аҳоли истеъмолчилари базавий меъёр доирасида, яъни 1800 сўмдан эмас, 1000 сўмдан тўловни амалга оширади”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, табиий газ истеъмолидаги барча ҳисоб-китоблар бўйича келиб тушаётган мурожаатларга “Ҳудудгазтаъминот” ва унинг ҳудудий филиаллари тушунтиришлар бериши айтилган.
Маълумот ўрнида, Президент қарорига асосан, эҳтиёжманд оилаларга ишлатилган электр энергияси ва табиий газ учун давлат томонидан ҳар ойда компенсация берилади.
Компенсация миқдори қуйидагича:
- Электр энергияси учун ойига базавий меъёрдан ортиқ (200 кВт соатдан кейинги) 150 кВт соатгача;
- Табиий газ учун – қиш ойларида 250 куб метргача, бошқа ойларда 150 куб метргача баъзавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган қисми учун компенсация берилади.
Илгари компенсациялар фақат қиш ойларида амал қилган бўлса, энди йил давомида ҳар ойда берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ табиий газ учун иситиш мавсумида белгиланган базавий меъёр Республиканинг барча ҳудудларида 15 мартга қадар узайтирилганди.
Live
Барчаси