“АҚШ ҳудуди деб тан олинади”. Америка Гренландия бўйича Дания билан музокара бошлади
Олам
−
12 Май 3656 2 дақиқа
АҚШ вакиллари Гренландия оролида ҳарбий базалар очиш бўйича Дания билан музокараларнинг янги босқичини бошлади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ Гренландияда янги базалар очиш бўйича юқори даражадаги музокараларни олиб бормоқда.
“Муҳокамалар жараёнидан хабардор бўлган бир неча расмий шахснинг сўзларига кўра, АҚШ Президент Дональд Трампнинг Гренландияни куч билан тортиб олиш таҳдиди туфайли юзага келган дипломатик инқирозни ҳал қилиш ҳаракатлари доирасида ушбу ҳудуднинг (Даниянинг ярим автоном қисми) жанубида учта янги база очишга интилмоқда”, дейилади хабарда.
Оқ уй маъмурият Гренландия ва Дания билан юқори даражада музокаралар олиб бораётганини тасдиқлаган, бироқ тафсилотларни очиқлашдан бош тортган. Шу билан бирга, “музокаралар тўғри йўналишда кетаётгани” қайд этилган.
Дания Ташқи ишлар вазирлиги ҳам АҚШ билан музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлаган.
“Қўшма Штатлар билан доимий дипломатик мулоқот мавжуд. Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча тафсилотларга тўхталмайди”, дейди вазирлик вакили.
Бундан ташқари, Гренландия Бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен АҚШ билан музокараларда “тўғри йўналишда бир неча қадам ташланганини” айтган.
Музокаралар жараёни билан таниш бўлган манбага кўра, Америка расмийлари “учта янги ҳарбий база расман АҚШнинг суверен ҳудуди деб тан олиниши” вариантини таклиф қилган.
“Базалар Гренландия жанубида жойлашади ва асосан Гренландия, Исландия ва Буюк Британия ўртасидаги Атлантика океанининг шимолий қисмида (GIUK-gap деб аталадиган ҳудуд) Россия ва Хитойнинг эҳтимолий денгиз фаолиятини кузатишга қаратилади”, дейилади хабарда.
Ҳозирча томонлар расман ҳеч нарсани келишиб олмаган ва базаларнинг якуний сони ўзгариши мумкин. Янги базалардан бири, эҳтимол, Нарсарсуакда – илгари Америка ҳарбий базаси жойлашган ва кичик аэропорт мавжуд бўлган ерда ташкил этилади.
Шунингдек, музокаралар давомида Америка расмийлари Гренландия устидан қандайдир тарзда назорат ўрнатиш масаласини кўтармаган. Бу масала аввалроқ Дания ва у аъзо бўлган НАТО ҳарбий альянси томонидан оммавий равишда рад этилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ маъмурияти НАТО ва Гренландия билан ҳамкорликда Қўшма Штатлар учун “ҳайратланарли” бўлган келишув устида ишлаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси