АҚШ қўмондонлиги Европадаги қўшинлар сонини ошкор қилди
Олам
−
01 Май 3428 2 дақиқа
АҚШ Қуролли кучларининг Европа қўмондонлиги EUCOM маълумотига кўра, Европада тахминан 80 минг нафар америкалик ҳарбий хизматчи жойлаштирилган. Уларнинг қарийб ярми Германия ҳудудида хизмат қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ қўмондонлиги вакили TACC нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Унинг айтишича, ҳозирда Европа ҳарбий ҳудудида 80 мингга яқин АҚШ ҳарбийлари жойлашган. Шундан қарийб 38 минг нафари доимий ва ротацион асосда Германияда хизмат қилмоқда.
Америка томонининг таъкидлашича, қўшинлар сони ва таркиби халқаро вазиятга қараб доимий равишда ўзгариб туради.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтон Германиядаги ҳарбийлар сонини қисқартириш имкониятини кўриб чиқаётганини билдирган эди. Унинг айтишича, бу борадаги қарор яқин вақт ичида қабул қилинади.
Трампнинг Германиядаги ҳарбий контингентни қисқартириш ҳақидаги баёнотлари Германия канцлери Фридрих Мерц билан муносабатлар кескинлашган фонида янгради. АҚШ раҳбари Германия Украинадаги можарога кўпроқ эътибор қаратиши кераклигини, Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги қарама-қаршиликка аралашмаслиги лозимлигини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Трамп АҚШ қўшинларини Италия ва Испаниядан ҳам чиқариш эҳтимолини истисно қилмаган. У буни ушбу давлатлар АҚШнинг Эронга қарши урушида ёрдам беришдан бош тортгани билан изоҳлаган. Хусусан, улар АҚШ ҳарбий самолётлари учун базалар тақдим этмаган.
Германия АҚШнинг Европадаги асосий ҳарбий таянч нуқтаси ҳисобланади. Америка қўшинлари бу ерда Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери жойлашган, Совуқ уруш даврида эса мамлакат НАТОнинг СССРга қарши асосий таянчига айланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Эронга қарши уруши ҳозиргача 25 миллиард долларга тушгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси