АҚШ Европадан НАТО масъулиятининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди

Олам

image

Қўшма Штатлар Европадан 2027 йилгача НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини, жумладан, ракета ишлаб чиқариш ва разведка маълумотларини йиғишни ўз зиммасига олишни талаб қилди. Бу ҳақда “Reuters” бешта манбага таяниб хабар берди.

Пентагон расмийлари бу хабарни декабрь ойининг бошида Вашингтондаги европалик дипломатларга етказган эди. Учрашувда АҚШ Уруш вазирлиги расмийлари АҚШ Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Европанинг мудофаа салоҳиятини ошириш суръатидан норозилигини таъкидлади.

Пентагоннинг таъкидлашича, агар Европа 2027 йилга қадар белгиланган муддатни бажара олмаса, Қўшма Штатлар НАТОнинг баъзи мудофаа механизмларида иштирок этишни тўхтатиши мумкин. Кўриб чиқилаётган аниқ механизмлар кўрсатилмаган. Қўшма Штатлар Европанинг бу борадаги тараққиётини қандай баҳолаши номаълум.

Европанинг бир қанча расмийлари 2027 йилгача бўлган муддат ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади. Уларнинг таъкидлашича, АҚШ имкониятларини алмаштириш учун Европага нафақат сармоя, балки сиёсий қарорлар ҳам керак.

НАТО вакилининг “Reuters” агентлигига айтишича, европалик иттифоқчилар Европа хавфсизлиги учун катта масъулиятни ўз зиммасига ола бошлаган. У АҚШда белгиланган муддат ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.

АҚШ Президенти Дональд Трамп Европа давлатлари Вашингтонга таянмасдан, ўз хавфсизлиги учун кўпроқ маблағ сарфлаши кераклигини бир неча бор очиқ айтди.

Сентябрь ойининг бошида “Financial Times” газетаси АҚШ Россия билан можарода фронтда туриши мумкин бўлган Шарқий Европа давлатларида қўшинларни тайёрлаш ва жиҳозлаш дастурини молиялаштиришни тўхтатаётгани ҳақида хабар берган эди. “333-бўлим” деб номланувчи ушбу дастурда Пентагон бутун дунё бўйлаб иттифоқчи кучларни ўқитади ва жиҳозлайди. Европада бу ёрдамнинг асосий олувчилари Эстония, Латвия ва Литва ҳисобланади.

ЕИ 2030 йилгача жамоавий мудофаадаги бўшлиқларни ёпиш ниятида – Европа расмийларининг фикрича, бу вақтга бориб иттифоқ Россия билан эҳтимолий ҳарбий тўқнашувга тайёр бўлиши керак. Худди шу муддат Европа Иттифоқининг мудофаа бўйича оқ китобида қайд этилган бўлиб, унда Европа қитъасидаги “юқори шиддатли уруш” сценарийси тасвирланган ва Россия “асосий таҳдид” деб аталган.

Трамп ўзининг биринчи муддатида (2016–2020) Европадан кўпроқ мудофаа харажатларини талаб қила бошлади. Ўшанда у ўз иттифоқчиларини мудофаага кам маблағ сарфлаганликда айблади ва Европа Америка ҳисобидан ўз хавфсизлигини таъминлаётганидан ғазабланган эди.

2014 йилда НАТО давлатларига 2024 йилгача мудофаа харажатларини ЯИМнинг 2 фоизга етказиш учун муддат берилган эди. Ўша пайтда фақат учта давлат – АҚШ, Греция ва Буюк Британия бу талабни бажарган. Сўнгги ўн йил ичида 32 давлатдан 23 таси 2 фоизлик чегарага етди. Трамп энди НАТО давлатларидан ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизини мудофаага сарфлашни талаб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Атлантика альянсининг Европадаги Қўшма қуролли кучлари қўмондони Алексус Гринкевич НАТО Дания, Швеция ва Финландия мудофаа режасини тайёрлаш бўйича масъулиятни Нидерландияда жойлашган штабдан АҚШдаги қўмондонликка ўтказишини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ НАТО Дональд Трамп Украина Уруш вазирлиги 333-бўлим

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг