BMW уриб кетиши ортидан вафот этган ЙПХ ходими сўнгги манзилга кузатилди
Олам
−
28 Февраль 12094 2 дақиқа
Бугун, 28 февраль куни 10-синф ўқувчиси BMW’да уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлган Йўл-патруль хизмати ходими кичик сержант Хосилбек Эшназаров сўнгги манзилга кузатилди. Бу ҳақда Ички ишкар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти хабар берди.
У жорий йилнинг 25 февраль куни пойтахтнинг Миробод тумани Нукус кўчасида бегона транспорт воситасини олиб қочиб, юқори тезликда ҳаракатланаётган вояга етмаган қонунбузарнинг йўлини тўсиб, ўз жонини аямаган ҳолда юзага келиши мумкин бўлган оғир оқибатнинг олдини олган.

Қаҳрамонларча ҳаракат қилган ходим оғир тан жароҳатлари олган. Кўрсатилган тиббий ёрдам ва мутахассисларнинг ҳаракатларига қарамасдан, Хосилбек шифохонада вафот этган.

“Оиланинг кенжа фарзанди, ота-онасининг суянган тоғи, икки қиз ва бир ўғилнинг ишонган қалқони, рафиқасининг севимли турмуш ўртоғи эндигина 33 баҳорни қарши олаётганди”, дейди ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов.

Содир бўлган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қўлга олинган.


“Қаҳрамон ходим, хизматдошлари ҳамда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан сўнгги манзилга кузатилиб, оиласи давлат муҳофазасига олинади. Хосилбекнинг кўрсатган жасорати эса Ички ишлар вазирлиги шахсий таркиби, сафдошлари ҳамда у хизмат қилган халқ қалбида мангу яшайди. Она-юрт ўз қаҳрамон фарзандини ҳеч қачон унутмайди”, дейди Ғиёсов.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу ходимнинг оила аъзолари давлат муҳофазасига олиниши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси