Фаррух Зокировга Россиянинг “Дўстлик” ордени топширилди
Жамият
−
30 Май 5468 2 дақиқа
Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировга кеча, 29 май куни Россия Федерациясининг “Дўстлик” ордени топширилди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги маълум қилди.
Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон” форумлар саройида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг Маданият бўйича қуйи комиссиясининг бешинчи мажлиси бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Россия Маданият вазири Ольга Любимова иштирок этди.
Фаррух Зокировга орденни Россия Маданият вазири Ольга Любимова топширди.
Қайд этиш жоиз, “Дўстлик” ордени Россияда 1994 йил баҳорида таъсис этилган. У Россия ва чет эл фуқароларига халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги хизматлари, фан ва маданият соҳасидаги ютуқлари учун берилади. Россия Президенти Владимир Путин ўтган йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировни “Дўстлик” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.
Маълумот учун, 78 ёшли Фаррух Зокиров бир вақтнинг ўзида 8 та – Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Ингушетия, Татаристон ва Бошқирдистоннинг халқ артисти ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Россия Президенти Владимир Путин номидан “халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун” “Дўстлик” ордени билан тақдирланганди. Орденни Норбоевага Россия Федерацияси Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко 28 октябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси сессиясининг ялпи мажлисида топширганди. Ўшанда Норбоева “Бу орденга албатта муносиб бўламиз” (Мы этот орден обязательно отработаем), деб ваъда берганди.
Live
Барчаси