Фожиа. Туркияга саёҳатга борган 4 кишилик оила заҳарланиб вафот этди
3-саҳифа
−
19 Ноябрь 26706 2 дақиқа
Германиянинг Гамбург шаҳридан саёҳат учун Туркиянинг Истанбулига келган 4 киши (оила аъзолари) – ота Сарват Бўжек (32 ёш), она Чиғдам Бўжек (27 ёш), 6 ёшли Муҳаммад Бўжек ва 3 яшар Масал Бўжек мидия, шўрва, колбаса ва товуқ гўшти еганидан кейин заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда маҳаллий ва халқаро матбуот бонг урмоқда.
Гап шундаки, оила жорий йилнинг 9 ноябрь куни Сарват Бўжек турмуш ўртоғи Чиғдам Бўжек ҳамда фарзандлари Муҳаммад ва Масал билан Истанбулга келади ва сайёҳлар энг гавжум Фотиҳ туманидаги “Harbour Suites Old City” меҳмонхонасига жойлашади.
11 ноябрь куни оила аъзолари кўча таомлари билан машҳур Ортакўй мавзесига бориб, мидия, колбаса, шўрва ва товуқ гўшти, кумпир (картошка) еб, кейин меҳмонхонага қайтиб, овқатдан заҳарланиш гумони билан шифохонага ётқизилди. Улар бироз ўзига келгач, шифохонадан чиқариб юборилган, бироқ меҳмонхонага қайтгач, яна тоблари қочган. Шундан сўнг, оила аъзолари яна шифохонага ётқизилган. Кўрилган чоралар ва муолажалар самара бермай, 12 ноябрь куни болалар оламдан кўз юмган. Орадан икки кун ўтиб, 14 ноябрь куни уларнинг онаси ҳам вафот этган. Кейинчалик оила боши Сарват Бўжек ҳам вафот этди.

Ҳолат ортидан Истанбул Бош прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилди. Тергов доирасида тўрт киши, жумладан, мидия дўкони, турк локумлари дўкони ва оила овқатланган рестораннинг эгаси ҳибсга олинди, ресторан муҳрланди. Истанбул шаҳар полицияси эса яқин атрофдаги пиширилган картошка (кумпир) дўконларида текширувлар ўтказди. Меҳмонхона хонаси, ресторан ва кўча таомлари сотувчиларидан таҳлиллар олинган ва хавфсизлик камераси тасвирлари кўздан кечирилган.

Ҳибсга олинганлар орасида меҳмонхонанинг икки ходими ва зараркунандаларга қарши дезинфекция ходими ҳам бор. Тергов доирасида қўлга олинганлар жами 11 кишини ташкил этмоқда.
“Тергов доирасида оиланинг овқатланиш жойларидан зарур намуналар олинган ва бу жойлар учун масъул бўлган тўрт киши ҳибсланган. Воқеа жойини текшириш гуруҳлари томонидан олинган намуналар Суд-тиббиёт экспертизасига юборилган, икки бола ва онанинг ўлими сабабини аниқлаш учун тергов ишлари давом этмоқда”, дейди Адлия вазири Йилмаз Тунч.
Шунингдек, Бўжек оиласи жойлашган меҳмонхонада тунаб қолган яна икки сайёҳ ҳам кўнгил айниши ва қусиш шикояти билан шу шифохонага ётқизилган. Ўша хонада тунаб қолган ва беморларга ҳамроҳлик қилаётган учинчи шахс ҳам юрак уриш тезлигининг пастлиги сабабли текширувга ётқизилган.
Полиция томонидан олиб борилган текширувдан сўнг, меҳмонхона эвакуация қилинди ва меҳмонлар бошқа меҳмонхоналарга йўналтирилди. Меҳмонхона муҳрланди.
Live
Барчаси