Франция собиқ президенти Каддафийнинг молиявий ишида айбдор деб топилди
Олам
−
25 Сентябрь 3851 2 дақиқа
Париж суди бугун, 25 сентябрь куни Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозини сайловолди кампаниясини молиялаштириш билан боғлиқ иш бўйича Ливия расмийлари билан жиноий тил бириктиришда айбдор деб топди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Саркози Ливиянинг марҳум раҳбари, полковник Муаммар Каддафийдан миллионлаб ноқонуний маблағларни олиш билан боғлиқ иш бўйича жиноий тил бириктиришда айбдор деб топилган.
Суд Саркозини 2005-2007 йиллардаги “жиноий фитнада иштирок этиш”да айбдор деб топди, бироқ уни давлат маблағларини ўғирлаш ва пассив коррупцияда оқлади.
Прокурорлар Саркозига 7 йиллик қамоқ жазоси, 300 минг евро жарима ва давлат лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан 5 йилга ман этишни сўраган эди. У беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳукм у апелляция берган тақдирда ҳам қамоқда ўтиришини билдиради. Ҳукм кўпчилик кутганидан қаттиқроқ бўлди ва замонавий Франциянинг сиёсий тарихида биринчи бўлди.
Бу ишда Саркозидан ташқари яна 11 киши, жумладан ҳукуматнинг собиқ аъзолари ҳам бор.
Саркозининг собиқ аппарат раҳбари Клод Геан (у учун бу биринчи судланганлик эмас) 500 минг евро олганлик учун пассив коррупция, шунингдек, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва “таъсир ўтказиш”да айбдор деб топилди.
Собиқ вазир Брис Ортфе “жиноий тил бириктиришда иштирок этиш”да айбдор деб топилди, бироқ бошқа айбловлар бўйича оқланди.
Саркози ва Каддафийнинг яқин доиралари ўртасида воситачи бўлиб ишлаган тадбиркор Александр Жухри коррупция ва таъсир ўтказишда айбдор деб топилди.
Маълумот учун, Саркози Францияни 2007-2012 йилларда бошқарган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция прокуратураси республиканинг собиқ президенти Николя Саркозини 2007 йилги сайловолди кампаниясини Ливиядан молиялаштиргани бўйича етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишни талаб қилгани ҳақида хабар берилганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь