Қримда Су-30 қирувчи самолёти ҳалокатга учради
Олам
−
03 Апрель 4990 1 дақиқа
Бугун, 3 апрель куни Қримда машғулот парвози вақтида Су-30 қирувчи самолёти ҳалокатга учради. Экипаж катапульта қилишга улгурди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, ўқув машғулотлари жанговар ўқ-дориларсиз ўтказилган. Учувчилар ердаги қидирув-қутқарув гуруҳи томонидан эвакуация қилинган. Мудофаа вазирлиги уларнинг ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқлигини маълум қилган. Фавқулодда ҳолат сабаблари очиқланмаган.
Маълумот учун, Су-30 – икки ўринли кўп мақсадли қирувчи самолёт. 1980-йилларда лойиҳани ишлаб чиқишда Су-27УБ базавий машина бўлган. Янгиланган моделнинг илк парвози 1989 йил охирида амалга оширилган. Россия Қуролли кучлари ихтиёрида Су-30 нинг турли модификациядаги 130 та қирувчи самолёти мавжуд. “Коммерсантъ” нашрининг ёзишича, у ҳаводаги нишонларни йўқ қилиш, душман аэродромларини блокировка қилиш ҳамда ердаги ва денгиздаги нишонларга зарба бериш учун мўлжалланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 март куни Қримда Ан-26 самолёти ҳам қулаган эди. Ҳалокат ярим оролнинг Боғчасарой туманидаги Куйбишево қишлоғи яқинида содир бўлган. Ҳодисадан бироз олдин самолёт билан алоқа узилган. Россия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, 29 киши ҳалок бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, авиаҳалокатга техник носозлик сабаб бўлган. Вазирлик самолётга ташқи таъсир ўтказилмаганини таъкидлаган.
Live
Барчаси04 Апрель