Нафақахўрлар учун энг яхши давлат аниқланди
Бу қизиқ
−
05 Декабрь 5968 2 дақиқа
Минглаб гўзал оролларга эга Греция 2026 йилда нафақахўрлар учун дунёдаги энг яхши манзил деб топилди. Бу ҳақда “International Living” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, ҳозирги кунда ўртача умр давомийлиги 1950 йилларга нисбатан қарийб 20 йилга ошган. Ҳозирги кунда кўплаб нафақахўрлар ҳаётининг сўнгги ўн йилини чет элда ўтказмоқда.
Уй-жойларини сотиб, яқинларидан узоқда, чет элда янги ҳаёт бошлаш учун пухта изланиш ва жиддий тайёргарлик зарур. Нашр эса бу омилларни ҳисобга олиб, йиллик глобал нафақа индексини эълон қилди. Индекс нафақахўрлар учун энг мақбул манзилдаги яшаш харажатлари, соғлиқни сақлаш сифати, уй-жой бозори, визалар, иқлим ва маҳаллий жамиятга мослашиш қулайлиги каби мезонларга кўра шакллантирилган.
2026 йил учун биринчи ўрин Жанубий Европанинг қуёшли мамлакати – Грецияга насиб этди. Минглаб бетакрор ороллари туфайли мамлакат аллақачон машҳур туристик ҳудуд ҳисобланади. Бундан ташқари Греция доимий яшаш учун ҳам барча зарур шароитларга эга.
Йиллар давомида Португалия ва Испания етакчи бўлиб келган, бироқ яқинда жорий этилган виза чекловлари ва яшаш харажатларининг ошиши нафақахўрларнинг бошқа вариантларни кўриб чиқишига сабаб бўлмоқда. Греция эса кўпчилик излаётган меҳмондўст, арзон ва ҳар жиҳатдан бой ҳаёт тарзига эга Европа базасини, шунингдек, мослашувчан резидентлик имкониятларини беради.
Давлатнинг “Олтин виза” дастури чет элликлар учун энг камида 250 минг евро кўчмас мулк сармояси эвазига яшаш рухсатномасини олиш имкониятини беради. Шунингдек, мамлакат иқлим, соғлиқни сақлаш ва уй-жой бўйича юқори рейтингни эгаллаган. Рўйхатдан Италия, Малайзия ва Франция каби давлатлар ҳам ўрин олган.
Маълумот ўрнида, “Яшаш учун энг яхши 10 та мамлакат рўйхати” 200 дан ортиқ экспертлар ва хориждаги аҳолининг баҳолари асосида аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Туризм томонидан ўтказилган “Энг яхши туризм қишлоқлари” (Best tourism villages) лойиҳаси ғолиблари қаторидан ўзбек қишлоғи ҳам ўрин олганди.
Нигора Махаммадиева