Норвегиялик футболчи ноқонуний видео тарқатгани учун судланади
Спорт
−
12 Ноябрь 1288 2 дақиқа
Норвегия терма жамоаси ҳужумчиси Андреас Шельдеруп ноқонуний видеони тарқатгани учун суд қилинади. Футболчининг иши бўйича суд жорий йилнинг 19 ноябрь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Super sport” нашри хабар берди.
Манбага кўра, 21 ёшли Шельдеруп икки йил олдин, 19 ёшида ва Дания Суперлигасида “Норшелланн” жамоасида ўйнаган пайтда, вояга етмаганлар билан жинсий мазмундаги ноқонуний видеони баҳам кўрганлиги учун айбланмоқда. Шельдеруп айбини тан олиб, ижтимоий тармоқлар орқали жамоатдан узр сўради. Бу воқеалар сабаб, футболчига 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этолмаслиги мумкин.
“Шельдеруп шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинса, бу унинг АҚШ визаси олишини қийинлаштиради”, дейди даниялик адвокат Мартин Даҳлгаард.
Агар Шельдерупда ҳозир визаси бўлмаса, у Ослодаги Америка элчихонасида ҳолатни тушунтириши лозим бўлади. Элчихона ходимлари “маънавий бузуқлик” категориясида ишни баҳолайди ва қарор қабул қилади. Даҳлгаарднинг фикрича, бу жиддий жиноят бўлиши шарт эмас, лекин жараён узоқ давом этиши мумкин.
Дания қонунчилигига кўра, болалар иштирокидаги шаҳвоний суратларни улашиш жарима ёки икки йилгача қамоқ жазоси билан жазоланади. Дания матбуоти хабарига кўра, Шельдеруп шартли жазога тортилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Барселона” жамоасининг собиқ афсонаси Андрес Иньеста Перу прокуратураси томонидан фирибгарлик иши доирасида тергов остига олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси