Польшага ўтмоқчи бўлган афғонистонлик муҳожирлар ушланди
Олам
−
05 Май 2057 2 дақиқа
Польша чегара хизмати Литва билан чегарада ўтказилган бир қатор операциялар давомида 8 нафар Афғонистон фуқаросини қўлга олди. Бу ҳақда “Amu” хабар қилди.
Қайд этилишича, чегаранинг турли ҳудудларида жами 37 нафар муҳожир аниқланиб, уларнинг киришига тўсқинлик қилинган. Уларнинг барчаси тегишли ҳужжатларсиз Польшага киришга уринганликда айбланмоқда.
Яна бошқа ҳудудларда ўтказилган операциялар давомида кичик гуруҳлар ҳам ушланган. Улар орасида Афғонистон, Покистон, Бангладеш ва Жазоир фуқаролари борлиги қайд этилган. Чегара хизмати маълумотига кўра, 8 нафар афғон фуқароси ана шу гуруҳлар ичида бўлган. Дастлабки текширувлардан сўнг барча қўлга олинганлар Литва расмийларига қайтарилган.
Польша расмийлари муҳожирларни ташишга ёрдам берган деб гумон қилинаётган ҳайдовчилар ва бошқа шахслар ҳам ҳибсга олинганини, улар ноқонуний чегара кесиб ўтишни ташкил этиш ва ёрдам бериш бўйича айбловларга тортилиши мумкинлигини билдирган. Агар улар айбдор деб топилса, 8 йилгача қамоқ билан жазоланиши мумкин.
Польша қонунчилигига кўра, ноқонуний киришга уринган шахслар одатда ҳибс марказларига юборилади ёки уларнинг ишлари судда кўриб чиқилгунга қадар қўриқлов остида сақланади. Улар камида 6 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Суд жараёнлари ва жазо муддати тугагач, муҳожирлар одатда ўз ватанига депортация қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британиянинг Бракнелл шаҳрида афғонистонлик Абдул Вали Мамозай исмли собиқ ҳарбий ўлдириб кетилганди.
Live
Барчаси