Педофилларга умрбод қамоқ: қонун лойиҳаси 3 ой муддатда ишлаб чиқилади

Жамият

image

Ўзбекистон Жиноят кодексида вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар ҳамда улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш билан боғлиқ жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар маълум жиноятларни содир этганда уларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади. Бу ҳақда бугун, 3 март куни Президентнинг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Унга кўра, Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура, Олий суд, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритади:

  • Жиноят кодексида вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар ҳамда улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш билан боғлиқ жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар қуйидаги жиноятларни содир этганда уларга тегишинча умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш:
  • ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш;
  • ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш;
  • ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни бир гуруҳ шахслар томонидан содир этганлик учун оғирроқ жавобгарликни белгилаш, шунингдек, тергов ва суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодекси 129-моддаси диспозициясига аниқлик киритиш;
  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шаҳвоний шилқимлик ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун жазо санкцияларини ошириш, шунингдек, жиноят ишини қўзғатиш рад этилган бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган ҳолларда жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштириш.

Эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олиш

Шунингдек, ёшларнинг ўз ҳаёт йўлини онгли равишда белгилашига кўмаклашиш, шунингдек, никоҳ шартномаси тузилишини рағбатлантириш мақсадида 2027 йилдан бошлаб ҳар иккала тараф камида 21 ёшга тўлганда биринчи маротаба никоҳ тузган ёш оилалар учун:

  • давлат томонидан қўшимча имтиёз ва бошқа шаклдаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади;
  • ушбу оилалар Ижтимоий реестрга киритилган тақдирда, оилалар аъзоларига уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, даромадларини ошириш ёки мураккаб вазиятдан чиқариш учун тақдим этиладиган молиявий кўмаклар (субсидия, ссуда, грантлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорлардан 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилади;
  • никоҳ шартномасини тузган никоҳланувчиларни никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этиш тартиби қўлланади.

Шу билан бирга, ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга олий таълим олиш учун “иккинчи имконият” яратиш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:

  • курсдан курсга қолган ёхуд талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони яратилади;
  • талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат берилади ва бошқа зарур шарт-шароитлар ташкил этилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги уч ой муддатда қуйидагилар юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади:

  • ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга академик таътил даврида, уларнинг хоҳишига кўра, масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириш имкониятини яратиш;
  • масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш бўйича таълим йўналишлари ва қабул кўрсаткичларини ошириш орқали ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга таълимни давом эттириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш;
  • академик таътилга чиққан, курсдан курсга қолган ва талабалар сафидан чиқарилган ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабалар юзасидан алоҳида статистик маълумотларни юритиш.

Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар латентлигининг олдини олиш, қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бундай ҳолатга тушиб қолган вояга етмаган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича идоралараро занжирни яратиш мақсадида тартиб ўрнатилади, унга кўра:

  • эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериш мажбурияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳамда ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакиллари зиммасига юклатилади;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакилларининг эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар ҳамда бошқа қонунбузилишлар тўғрисида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бермаслиги уларнинг маъмурий жавобгарликка тортилишига асос сифатида белгиланади;
  • эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик аниқланган хотин-қизлар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланиши ва ҳимоя қилинишини таъминлаш кафолатлари назарда тутилади.

Ички ишлар вазирлиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

  • 2026 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигининг жиноят ва ҳодисаларни рўйхатга олиш бўйича электрон тизимида эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида хабар бериш имконини берувчи “O‘smir-signal” модулини ишлаб чиқади;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, диний идора ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг ахборот тизимлари, шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимини Ички ишлар вазирлигининг жиноят ва ҳодисаларни рўйхатга олиш бўйича электрон тизимига “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилади.
  • Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари бўйича ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларини хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлайди. 

Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан хабар бериш мажбурияти юклатилган ташкилотлар билан келишган ҳолда ҳар ярим йиллик якунига кўра мазкур масала бўйича идоралараро қўшма умумлаштиришни ўтказиб, уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш амалиётини жорий этади.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига (телефон, планшет ва бошқа қурилмалар) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи (“SOS” чақирув) “my.ihma.uz” мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилади.

Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда зўравонлик ҳолатини содир этган шахснинг руҳиятида бузилиш мавжуд деб тахмин қилишга асослар бўлган тақдирда, ички ишлар органлари томонидан унинг мажбурий амбулатор психиатр кўригидан ўтказилишини ташкил этиш, руҳиятида бузилиш аниқланганда белгиланган тартибда тиббий муассасага жойлаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритади.

Бош прокуратура, Олий суд, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг қонунчиликка ўзгартириш киритиш орқали 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб қуйидаги тартибларни белгилаш ҳақидаги таклифларига розилик берилади:

  • Жиноят кодексининг 118 (номусга тегиш), 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш), 121 (шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128 (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 1281 (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш), 129 (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари томонидан амалга ошириш;
  • вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатларини қилмишда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақида прокурор томонидан қарор қабул қилинганидан сўнг судга юбориш.

Кенг жамоатчилик, эксперт ва фаолларнинг жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги таклифлари маъқулланади:

  • Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этганлик учун судланган шахсларни манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш;
  • мазкур банднинг “а” кичик бандида назарда тутилган жиноятлар учун жазони ўтаётган маҳкумларни психологик тузатиш дастуридан ўтмасдан, сақлаш шароитларини енгиллаштириш амалиётига чек қўйиш.

2027 йил 1 январдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиниши ва кўриб чиқилиши белгиланади.

Бош прокуратура, Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги 2026 йил якунига қадар ҳар бир ҳудуддаги иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда камида 1 нафар терговчи ва судья халқаро стандартларга асосланган дастур асосида махсус тайёргарликдан ўтказилиши ҳамда улар томонидан аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка оид ишлар тергов қилиниши ва кўрилишини таъминласин. Бунда қоида тариқасида махсус тайёргарликдан ўтказишда аёл терговчи ва судьяларга устуворлик берилишига эътибор қаратилсин;

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ва Одил судлов академиясида халқаро ва миллий экспертларни жалб қилган ҳолда терговчи ва судьялар учун “Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари” махсус ўқув дастурини ташкил этади.


Мақола муаллифи

Теглар

фармон тазйиқ педофил зўравонлик умрбод қамоқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг