Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни табриклади

Жамият

image

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров бугун, 6 декабрь куни 57 ёшга тўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев уни туғилган куни билан табриклаб, табрикнома юборди. 

“Сизнинг оқилона ва келажакка қаратилган сиёсатингиз, аҳоли фаровонлигини оширишга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотларингиз, шунингдек, мамлакатингиз нуфузи ва обрўсини халқаро майдонда мустаҳкамлашга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларингиз туфайли Қирғиз Республикаси барча соҳаларда жадал ривожланмоқда.

Сўнгги йилларда бизнинг биргаликдаги қатъий ҳаракатларимиз, икки томонлама ва кўп томонлама форматлардаги самарали ва фаол мулоқотлар натижасида қардош халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ва мустаҳкам дўстлик руҳига асосланган стратегик шериклик муносабатлари мутлақо янги босқичга кўтарилганидан катта мамнуният билан қайд этамиз.

Олий даражадаги учрашувларимиз чоғида эришилган барча муҳим келишувлар ва йирик режалар, шунингдек бошланган йирик минтақавий инфратузилма лойиҳалари бизнинг умумий саъй-ҳаракатларимиз билан тўлиқ амалга ошишига шубҳа йўқ.

Шу қувончли кунда Сизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва фаровонлик, масъулиятли давлат фаолиятингизда муваффақият тилайман, қардош қирғиз халқига эса тинчлик, тотувлик, доимий фаровонлик ва равnaq тилайман”, дейилади табрикномада.

Маълумот учун, Қирғизистоннинг амалдаги Президенти Садир Жапаров 1968 йилда Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти, Тюп туманидаги Кен-Суу қишлоғида туғилган. У иш фаолиятини “Сантош” колхозининг ишчиси сифатида бошлаган. Кейинчалик Жапаров йиллар давомида деҳқон хўжаликлари ва нефть компанияларига раҳбарлик қилган. 2005 йилда Туп сайлов округидан 3-чақириқ Республика Жогорку Кенеши (парламенти) депутати, “Келечек” (“Келажак”) парламент фракцияси раҳбари (2005-2007) этиб сайланган.

2020 йилнинг 6 октябрига ўтар кечаси Бишкекда оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган – фуқаролар парламент сайловлари натижаларидан норози эди. Намойишчилар мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ҳамда ҳибсдаги собиқ депутат Садир Жапаровни озод қилишни талаб қилди. 6 октябрь куни собиқ депутат Садир Жапаров Қирғизистон президентлигига номзод сифатида кўрсатилиши таклиф қилинди.

Қирғизистонда 2021 йил январь ойида сайловлар бўлиб ўтди ва унда Жапаров ғалаба қозонди. Шундай қилиб, Садир Жапаров 2021 йил 20 январдан буён Қирғизистон Президенти лавозимида ишлаб келмоқда.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қирғизистон Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг