Сурхондарёда “замҳоким” ўқитувчилардан пул йиғишга топшириқ берди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Жарқўрғон туманидаги 33-сонли умумтаълим мактаби педагог ходимларидан пул маблағлари мажбурий тартибда йиғилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ушбу хабарларга кўра, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ўқитувчилардан “Рамазон эҳсони” баҳонаси билан пул йиғиш кераклиги айтилади.

Ҳолат тумандаги 33-умумтаълим мактабида кузатилган. 20 февраль куни муассаса директори Ойсара Узоқова томонидан мактабнинг Telegram’даги гуруҳида топшириқ берилган.

Топшириқни Жарқўрғон тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Анвар Ражабов бергани айтилган.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан тегишли идоралар масъуллари иштирокида хизмат текшируви ўтказилган. Текширув давомида барча ҳолатлар атрофлича ўрганилиб, ҳужжатлар таҳлил қилинган ҳамда масъул шахсларнинг тушунтиришлари олинган.

Ўрганиш натижаларига кўра, мансабдор шахс томонидан берилган кўрсатма амалдаги қонунчилик талабларига тўлиқ мувофиқ келмагани аниқланиб, ихтиёрийлик тамойилига риоя этилмагани хизмат текшируви хулосасида қайд этилган.

Мазкур хулосага асосан масъул шахсга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чора қўлланилган. Шунингдек, масъул шахсга келгусида хизмат ваколатларини амалга оширишда қонунийлик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилиш юзасидан расмий огоҳлантириш берилган.

“Шу ўринда ҳар қандай хайрия ёки эҳсон тадбирлари фақат ихтиёрийлик асосида, ҳеч қандай босим ва мажбурлашсиз, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида амалга оширилиши шартлигини эслатиб ўтамиз ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча раҳбар ва масъул ходимлар билан қўшимча ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилаётгани, ички назорат тизими янада кучайтирилганини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё Жарқўрғон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг