Тошкент катта бокс мусобақасига мезбонлик қилади
Спорт
−
27 Ноябрь 5250 1 дақиқа
2026 йилги World Boxing ташкилоти кубоги баҳсларининг финал жангларига Тошкент мезбонлик қиладиган бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Ливерпулда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати доирасида World Boxing ташкилоти кубогининг финал босқичи мезбонлигини қабул қилиш бўйича аризалар топширилиши бошланган эди. Ўзбекистон бокс федерацияси вакиллари ҳам мезбонлик учун ўз тақдимотларини World Boxing Ижроия Қўмитасига тақдим этган.
Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан қўмитага тақдим этилган ариза World Boxing директорлар кенгаши томонидан маъқулланиб, Ўзбекистонга ишонч билан топширилди. Эндиликда, 2026 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган World Boxing ташкилоти кубоги баҳсларининг финал жангларига Тошкент мезбонлик қиладиган бўлди.
Кубок баҳсларининг биринчи босқичи апрель ойида Бразилияда ўтказилса, иккинчи босқич июнда Хитой давлатида бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Ливерпулда бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 6 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 11 та медални қўлга киритган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қозоғистонлик бокс юлдузи Геннадий Головкин World Boxing президентлигига сайланиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси