Туркий давлатлар етакчилари Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилди
Олам
−
15 Май 4040 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар делегациялари раҳбарлари билан биргаликда Туркистон шаҳрининг тарихий-маданий марказида бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, олий мартабали меҳмонлар Марказий Осиёдаги ислом меъморчилигининг ёрқин ёдгорликларидан бири, Қозоғистоннинг бош маънавий маркази бўлган Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилган.

XIV аср охирида Амир Темур фармойишига биноан барпо этилган ушбу мақбара бугунги кунда UNESCO’нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлиб, Марказий Осиёдаги ўрта аср ислом меъморчилигининг энг ноёб ва муҳташам намуналаридан бири ҳисобланади. Унинг қурилиши 1389-1391 йилларда бошланиб, XIV аср охирига қадар давом этган. Мажмуани бунёд этишда Мовароуннаҳр усталари, шунингдек, бошқа ҳудудлардан келган меъмор ва наққошлар қатнашган.

Етакчилар буюк сўфий шоир ва мутафаккир хотирасига ҳурмат бажо келтирган.

Шунингдек, делегациялар раҳбарлари “Ҳазрат Султон” музей-қўриқхонасининг ташрифлар маркази билан танишган. Бу ерда зиёратчилар ва меҳмонларни қабул қилиш, кўргазмалар ташкил этиш ҳамда Туркистоннинг бой тарихий-маданий меросини намойиш қилиш учун замонавий шароитлар яратилган. Марказда ўрта асрлар даврига оид ноёб меросни сақлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган доимий музей экспозицияси – “Ноёб экспонатлар зали” алоҳида ўрин тутади.

Экспозицияда Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси билан боғлиқ нодир тарихий ёдгорликлар, жумладан, XIV-XV асрларга мансуб осори атиқалар, ўрта асрлар меъморий ва амалий безак санъати ҳамда кулолчилик намуналари ўрин олган. Мақбаранинг асл эшиги, Хожа Аҳмад Яссавий қабри устидаги ёпинчиқ, Амир Темур томонидан ҳадя қилинган бронза шамдонлар, шунингдек, Туркистоннинг қадимий тарихини очиб берувчи археологик ва керамик топилмалар шулар жумласидан.

Бундай ёдгорликлар ва маданий лойиҳалар маънавий меросни асраб-авайлаш, тарихий хотирани мустаҳкамлаш, муштарак илдизлар, эътиқод ва анъаналар билан боғланган қардош халқларни янада яқинлаштиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тўқаев билан биргаликда Туркистон шаҳрида Ўзбекистон томонидан бунёд этилган масжид билан танишган эди. Кейинроқ, Ўзбекистон етакчиси Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашув ўтказди.
Live
Барчаси