Ўзбекистонда сув ва ичимликларни маркировкалаш тизимидаги агрегация кечиктирилади

Жамият

image

Ўзбекистонда сув ва газли ичимликларга қўйилган янги маркировка тизими (яъни, маҳсулотни кузатиб бориш тизими) ҳозирча мажбуран жорий қилинмайди. Бу таклиф кеча, 5 май куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қўллаб-қувватланди. Бу ҳақда бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриев “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Қайд этиш жоиз, 1 апрелдан бошлаб сув ва алкоголсиз ичимликлар учун агрегация – яъни маҳсулотларнинг йирик партияларини рақамли тарзда кузатиш тизими жорий этилган эди. Бироқ бу янгилик бозордаги кўплаб иштирокчиларда қийинчилик ва хавотирлар уйғотди.

Бўриевнинг айтишича, бозорнинг қарийб 90 фоизини эгаллаган 10 та йирик компаниянинг ярми ҳали янги талабларни жорий этишга тайёр эмас. Шу сабабли, тизимни кечиктириш орқали бизнес учун ўтиш жараёни енгиллаштирилади.

Шунингдек, тадбиркорлар томонидан кўтарилган муҳим масалалардан бири – жарималарнинг ҳаддан ташқари юқорилиги ҳам қайта кўриб чиқилади. Президент топшириғига кўра, ишлаб чиқарувчилар, улгуржи сотувчилар ва импортчилар учун жарималар камайтирилади, умумий овқатланиш ва савдо корхоналари учун жарималар энди тушумга боғланмайди, балки қатъий белгиланган миқдорда бўлади.

Қайд этилишича, тадбиркорлар учун жарималарни камайтириш ва айрим ҳолларда уларни қўлламаслик бўйича солиқ қонунчилигига ўзгартириш киритиш, ҳатто вақтинчалик мораторий жорий этиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Йиғилишда касса чеклари, нақдсиз тўловлар, импорт ва меҳнат муносабатларига оид муаммолар ҳам муҳокама қилинган. Хусусан, ишга қабул қилиш ва бўшатиш жараёнларидаги ортиқча бюрократияни камайтириш зарурлиги таъкидланган.

Умуман олганда, кутилаётган қарорлар тадбиркорлик муҳитини яхшилаши ва бизнес билан очиқ мулоқотни давом эттиришга хизмат қилиши қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон маркировка ичимлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг