Европа Кенгаши ЕИ’нинг 2026 йилги бюджетини тасдиқлади

Олам

image

Бугун, 24 ноябрь куни Европа Кенгаши Европа Иттифоқининг 2026 йилга мўлжалланган йиллик бюджетини расман қабул қилди. Бу ҳақда Кенгашнинг расмий сайтида маълум қилинди.

Қайд этилишича, ушбу бюджет ЕИ Кенгаши ва Европарламент ўртасида 2025 йил 15 ноябрда эришилган музокара келишуви асосида шакллантирилган. Ҳужжатга кўра, жами мажбуриятлар – 192,8 миллиард евро, умумий тўловлар – 190,1 миллиард евро этиб белгиланган.

Дания Молия вазири ва 2026 йилги бюджет бўйича бош музокарачи Николай Вамменнинг айтишича, мазкур бюджет ЕИ’нинг келаси йилги асосий устувор йўналишларини – мудофаа, миграция, рақобатбардошлик ва инқирозларга тайёргарликни қўллаб-қувватлайди ҳамда иттифоққа “фуқаролар эҳтиёжларига қатъий жавоб бериш имконини беради”.

Шунингдек, бюджетнинг мослашувчанлиги кучайтирилиб, кутилмаган ҳолатларга тезкор жавоб бериш учун 715,7 миллион евро миқдорида захира қолдирилган.

Бюджет Европарламент томонидан тасдиқлангач, якуний кучга киради. Мазкур овоз бериш жорий йилнинг 26 ноябрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Маълумот ўрнида, ушбу ҳужжат ЕИ’нинг 2021-2027 йилларга мўлжалланган кўп йиллик молиявий асос (multiannual financial framework, MFF) доирасидаги олтинчи йиллик бюджет ҳисобланади. Шунингдек, 2026 йилги бюджет NextGenerationEU дастури билан қўшимча равишда COVID-19 дан тикланиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашни давом эттиради.

Комила Қобилова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Европа Европа Иттифоқи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг