Йил охиригача экологик жамғармага 900 млрд ажратилади

Жамият

image

Ўзбекистонда ҳавони яхшилаш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар учун қанча маблағ ажратилиши назарда тутилаётгани очиқланди. Бу ҳақда кеча, 3 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис қонунчилик палатасининг мажлисида маълум қилинди.

Мажлисда “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинган. Хусусан, депутат Моҳира Хўжаева лойиҳа доирасида: “Биринчи ва иккинчи тоифадаги саноат корхоналарини замонавий филтрлаш ва тозалаш иншоотлари билан таъминлаш, жиҳозлаш учун қанча маблағ ажратилганини, бу маблағлар ҳавони соғломлаштириш бўйича қилиниши лозим бўлган ишларнинг натижадорлигига етадими?”, деб сўраган.

Саволга Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков жавоб берди.

“2026 йилга қўшимча тушумлар ҳам даромадлар бизнинг прогноз қилишимиз бўйича 548 миллиард сўмни ташкил қилади. Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссия иш олиб боряпти, 24 соат ишлайдиган штаб тузилган. Учта йўналишда ишлар олиб бориляпти. Яқин мақсадли ва узоқ мақсадли тизимли масалалар бўйича кеча топшириқ бўлди. Улар илмий асослантирилган, ҳисоб-китобларга асосланган бўлиши керак. Шунинг учун сиз кўтарган, айтилган масалалар ҳаммаси ҳисобга олинган. Унинг режасини қиляпмиз ва унинг натижадорлигини таъминлаш бўйича мана шу янги тизим шуни тўлиқ олиб боради деб ишонтираман”, дейди у.

​Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳам бу саволга ўз фикрини билдирган.

“Бизга шундай топшириқ бўлганки, қарор билан 900 миллиард сўм 2025 йилнинг ўзида буларга ажратиб, жамғармага (Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармасини назарда тутилмоқда) ўтказиб бериш кўзда тутилган. Биз йил якунигача 900 миллиард сўмни жамғармага ўтказиб берамиз. Бюджетнинг келгуси ўқишларида шунинг ҳаммасини жой-жойига қўйиб, ўйлаймизки, Моҳира Мирзаҳматовада ҳам ва бошқа депутатларимизда ҳам бу соҳа учун ажратилаётган маблағларнинг етарли, етарли эмаслиги ҳақида ҳеч қандай шубҳа қолмайди”, дейди вазир.

​Маълумот учун, Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилиши Президентнинг 2025 йил 18 ноябрдаги қарорида кўзда тутилган. Ҳужжатда ушбу жамғарма экология соҳасидаги умуммиллий лойиҳалар, экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида ўтказиладиган тадқиқотлар ва амалга ошириладиган лойиҳалар дастурларини молиялаштириш учун Экология қўмитаси ҳузурида ташкил этилиши, унинг даромадларини шакллантириш манбалари этиб 2025 йилда республика бюджетидан ажратиладиган 900 миллиард сўм, 2026 йилда Республика бюджетидан ажратиладиган 548 миллиард сўм белгиланган.

2026 йил 1 январдан бошлаб углерод бирликлари савдосидан тушумларнинг 20 фоизи, атроф-муҳитга етказилган зарар учун жарима ва компенсация тўловларининг белгиланган қисмлари ҳамда импорт қиладиган транспорт воситалари учун тўланадиган утилизация йиғимининг 10 фоизи ҳам жамғармага йўналтирилади

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева раислигида Тошкент шаҳридаги ҳаво ҳолати бўйича махсус комиссия йиғилишини ўтказилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

экологик жамғарма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар