“Жавоб зарбаси”. Россия Украинага тунги ҳужум уюштирди (видео)
Олам
−
18 Май 9040 1 дақиқа
Бугун, 18 майга ўтар кечаси Россия томонидан Украинага уюштирилган навбатдаги тунги ҳужумлар оқибатида 1 киши ҳалок бўлди, 30 дан ортиқ одам яраланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум бўлишича, ҳужумлар давомида Россия дронлар, ракеталар ва артиллериядан фойдаланган. Асосий зарбалар Одесса, Днепр ва Запорожье ҳудудларига берилган.
Одесса шаҳрида дронлар тураржой бинолари, мактаб ва болалар боғчасига зарар етказган. Маълумотларга кўра, бир нечта биноларда ёнғин юзага келган. Маҳаллий ҳарбий маъмурият раҳбари Сергей Лисакнинг айтишича, ҳужумда 11 ёшли бола ва 59 ёшли эркак жароҳат олган.
Днепр шаҳрига уюштирилган ракета ҳужуми оқибатида 18 киши жароҳатланган. Яраланганлар орасида 2 ёшли қиз ва 10 ёшли ўғил бола ҳам бор.
Запорожье вилояти губернатори Иван Фёдоров тунги ҳужумлар оқибатида уч киши жароҳат олганини билдирди. Херсон вилоятида эса ҳужумлар оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна тўққиз киши яраланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина кеча, 17 майга ўтар кечаси Россиянинг Москва шаҳри ва Москва вилоятига йирик дрон ҳужумини амалга оширгани тўғрисида хабар берилган эди. Ҳужум оқибатида 3 киши ҳалок бўлган, яна 17 киши жароҳат олганди.
Live
Барчаси