Жиззах ва Самарқандда дорифурушлар қўлга тушди
3-саҳифа
−
22 Октябрь 3876 2 дақиқа
Жиззах ва Самарқанд вилоятида ноқонуний дори воситаларини сотаётган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Жиззах шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 1993 йилда туғилган 2 фуқаро тегишли ҳужжатлари бўлмаган 400 дона “MISOPROSTOL” таблеткалари, 139 дона капсулалар, 2 дона бальзам ва уларни қадоқлаш учун мўжалланган 26 дона қутиларни 5 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор тадбир давомида Жиззах шаҳрида жойлашган аёллар фитнесс-клуби ҳам кўздан кечирилиб, у ерда қўлга олинганлар томонидан ташкил қилинган яширин цех аниқланган. Мазкур цехда ушбу шахслар турли хил дори воситаларини қўлбола усулда қадоқлаш, тақсимлаш ва сотувга тайёрлаш билан шуғулланиб келган.
Текширувлар ортидан 1 дона қадоқлаш ускунаси, сотувга тайёрланган жами 141 дона капсулалар, 1 040 дона хитой ва инглиз тилида ёзилган сохта галограммалар, 237 дона сохта штрих кодлар, 1 014 дона бўш капсулалар, турли хилдаги қути ва пакетлар процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Самарқандда ўтказилган тезкор тадбирда эса Самарқанд шаҳрида яшовчи, фармацевтика маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ менеджери Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган ҳамда таркибида психотроп моддалар мавжуд бўлган жами 9800 дона дори воситаларини шартли харидорга 25 млн сўмга сотган вақтида ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида Қирғизистондан олиб келинган 14700 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинганди.
Live
Барчаси