Давлат экстремизм билан “гўдак”ларни қамаш орқали курашмоқчими?

Интервью

“Нашид” арабчада cўз бўлиб, қўшиқ, мадҳия деган маъноларни англатади. Нашидлар бутун ислом оламида машҳур бўлиб, одатда ислом динига эътиқод, унинг тарихи ҳақида, шунингдек, тарбиявий руҳда куйланади. Нашидлар турли одамлар томонидан турли тилларда куйланади. Аммо одатда араб тилида куйлангани сабаб, ислом динига эътиқод қиладиган барча учун ҳам тушунарли бўлавермайди. Нашидлардаги оҳанг ва куйнинг жозибадоролиги сабаб бу одамни ўзига жалб этади ва дунё бўйлаб кўплаб одамлар турли мазмундаги ҳар хил нашидларни тинглайдилар.

Лекин бундай нашидлардан террористик ва экстремистик ташкилотлар ҳам устамонлик билан фойдаланиб, ёт ғояларни сингдиришга, тарқатишга ҳаракат қилиб келади.

Тошкент вилоятида Telegram’даги 10 кишилик гуруҳга ўзбек  тилидаги “Шаҳид бўлиб кетсак рози бўлингиз” деган “жиҳод” ва “ҳижрат”га даъват қилувчи экстремистик мазмундаги арабча нашид тарқатганликда айбланиб, 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродов 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Тошкент давлат Иқтисодиёт университети талабаси бўлган бу янгийўллик йигит тергов давомида нашиднинг маъносига тушунмагани ва фақат куйи унга ёққани сабаб синфдошларига Youtube тармоғида бемалол очиқ турган видеони жўнатганини айтган.

QALAMPIR.UZ жамоаси йигитнинг оила аъзолари билан суҳбатлашиш учун Жаҳонгирнинг уйига борди. Воқеа аслида қандай бошланганини айбланувчининг онаси Гулчеҳра Умарова айтиб берди.

“Жаҳонгирни биринчи дачада содир бўлган ўғрилик бўйича чақиришди. Уйимга келган ИИБ ходимлари ўғрилар “Жаҳон” деб бақиришгани учун маҳалладаги ҳамма Жаҳонгир исмли йигитларни маҳкамага чақиришаётганини айтди. Мен ўғлимга қўнғироқ қилиб воқеани айтдим. Ўғлим қаршилик қилмай маҳкамага борди. Лекин кечқурун Жаҳонгирнинг ўртоғи онаси билан келиб, “Ўғлингиз нима қилиб қўйганини биласизми, болаларимизга қанақадир нашид жўнатибди”, деб жанжал қилиб кетди. Мен ҳеч нарсага тушунмадим, нашид нима эканини билмайман. Орадан ярим соат ўтмай, Жаҳонгир кириб келди. У бу ёмон нарса эканини билмагандим, бу шунчаки қўшиқ эди, деб айтди”, дея тушунтирди айбланувчининг онаси.

Жаҳонгир Умрзоқовнинг қамалгани ҳақидаги хабарлар тармоқларда тарқалгандан сўнг жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлди. 
Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев йигитга яна бир бор имкон бериш зарур деб ҳисоблашини айтса, тадбиркор Зафар Ҳошимов бу жазонинг ўзини радикал деб атади. Бошқа фаолларнинг ҳам айни мавзуга оид, жазо борасидаги фикрлари салбий.

Аммо Тошкент вилоят Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг Матбуот котиби Бобур Тўлаганов ҳолат юзасидан қўшимча расмий баёнот бериб, Жаҳонгир Умурзоқов бу нашиднинг маъносини тўла англаб етган ҳолда тарқатганини айтиб чиқди.
Тўлаганов тезкор-қидирув тадбирлар давомида айбланувчи Сурияда фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилот жангарилари томонидан тайёрланган маърузаларни интернет орқали тинглаши давомида уларнинг ғоявий таъсирига тушгани аниқлангани ва ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни бошлаганини айтмоқда.

“У халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида Интернет орқали “жиҳод” ва “шаҳидликка чорлов” маърузаларини ўзига таниш бўлган шахслар ва яқинлари орасида тарқатиш билан шуғулланган.
Хусусан, У.Ж. (Жаҳонгир Умурзоқов) томонидан тарқатилган материаллар орасида “Шаҳид бўлиб кетсак рози бўлингиз” номли нашид ҳам бўлиб, унда ўзбек тилига ўгирилганда “мужоҳид бўлиш насиб қилгани, карвондан қолмасдан уларга эргашиш кераклиги, шаҳид бўлиб кетиш орзулари экани, Аллоҳ берган жонни Аллоҳга сотишлари, Аллоҳ йўлида қурбонлик қилишлари, тоғутларга қарши курашиш ва мужоҳид бўлиб уларга эргашиш керак экани” мазмунидаги чорлов сўзлари келтирилган. Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг экспертлик хулосасига кўра, ушбу маълумотлар диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади”, дейилади ИИББ баёнотида.

Аммо йигитнинг ота-онаси ИИББнинг бу гапларини рад этмоқда.

“Агар ростдан ҳам мунтазам равишда шуғулланиб келган бўлса, маълум бир далилий ашъё бўлиши керакку? Судда тилга олинган ягона далил бу 4 дақиқа 38 секундлик қўшиқ. Шу бўйича жиноий иш қўзғатилган дейиляпти. Ўғлим Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда. Агар ИИББнинг гаплари рост бўлса, суд хулосасида шу ҳақида ёзилиши керак эмасмиди. Унинг телефони олиб қўйилди. Лекин бошқа ноқонуний нарса чиқмади. Менинг ўғлим фақат ўша 4 қатор шеър учун қамалиб кетяпти. Қамалганидан бери онаси ухлагани йўқ. Фақат кўзларида ёш. Мен эркак киши бўлганим учун ичимга ютиб юрибман”, дейди Жаҳонгирнинг отаси Олмос Дўстёров.

Шунингдек, биз Жаҳонгирнинг дўстлари билан ҳам гаплашдик. Нашид нима эканини биласизми? Тақиқланган ва тақиқланмаган нашидларни қандай фарқлаб оласиз? деган саволлар билан Жаҳонгирнинг дўстларига юзландик.

“Ўша 10 кишилик гуруҳимиз синфдошларнинг умумий гуруҳидаги ҳар хил сўкишлардан қочиш учун яқиндагина, чамаси 10-15 кунлар олдин очилган эди. Фақат салом-алик қилиб турардик гуруҳда. Жаҳонгир ўша тақиқланган қўшиқнинг ҳаволасини жўнатганда биз эътибор қилмаганмиз ҳам. Ҳеч ким очиб ҳам, эшитиб ҳам кўрмаган. Мен бу гапларни судда айтмоқчи эдим. Лекин мени терговга чақирмади. Унга яна имкон бериш керак. Масалан, мен ҳам нашид нималигини билмайман. Олдимдан чиқиб қолса, буни эшитиш мумкинми ёки йўқми фарқига бормайман. Бизга ўргатилмаган, ахир. Ўргатилмагандан кейин қаердан биламиз мумкин эмаслигини”, деди Жаҳонгирнинг дўсти Ҳусан Миродимов. 

Демак, Жаҳонгирнинг ўрнида ҳар бир йигит, ҳар бир фарзанд бўлиши мумкин. Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун давлат нима қилиши керак, ҳозир нима қиляпти? Ўзи умуман ақидапарастликка қарши кураш олиб боряптими? Одамлар буни сезяптими?

Адлия вазирлиги фақат 2022 йилнинг январь ойида Ўзбекистонда тақиқланган халқаро террористик ва экстремистик гуруҳлар, ташкилотлар рўйхатини эълон қилган. Бу рўйхат бугунги кунда ҳам очиқ маълумотлар порталида мавжуд бўлсада, давлат телеканаллари бу рўйхатни эълон қилиб фуқароларни огоҳлантирмаган, масъул давлат органлари ҳам бу мавзу бўйича огоҳлантириш бериб, фуқароларни хушёрликка чақирмаган.

“Адвокат ҳам айтди, бу нарса агар менинг олдимдан чиқиб қолганда ҳам мен ҳам унинг маъносига тушунмаган бўлардим, деди. Улар олий маълумотли бўла туриб, тушунмаслигини айтаяпти. Менинг ўғлим эндигина катта ҳаётга қадам қўйганди. Ўғлим араб тилини билмаса, қўшиқ экан деб эшитганда. Доим телевизор кўраман. Нега шу нарсаларни телевизорда айтиб огоҳлантирмайди. Шунча рекламалар бор, шулардан биттасинигина камайтириб, огоҳлантириш берса бўлардику. Биз қаердан биламиз, ахир”, деди айбланувчининг отаси.

Жаҳонгирнинг яна бир дўсти Самариддин эса у болаликдан қийинчиликда катта бўлгани, ўзи ишлаб, пул топиб, ўқишга тайёрлангани, грант асосида Тошкент давлат Иқтисодиёт университетига ўқишга кирганини, шунда ҳам ўқишдан бўш пайтлари ишлагани сабаб нотўғри оқимларга қўшилишга унинг вақти ҳам йўқлигини айтди.

“20 февраль куни фуқаро У.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси учинчи қисми (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу жиноят учун қонунчиликда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлсада, жорий йилнинг 8 май куни Тошкент вилояти Оққурғон туман суди томонидан У.Ж.нинг шахси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, унинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атворини инобатга олган ҳолда ЖКнинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаган ҳолда белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ бўлган 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган”, дейилади ИИБ хабарида.

Яқиндагина Қашқадарёда ИИБ ходимлари елкасига байроқ осган йигитни қамашга уринган эди. Ундан олдинроқ 3 йил олдин синфдошига нашид юборгани учун тошкентлик йигит 5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди ва 6 ой қамоқда ўтиргач, жамоатчилик талабидан сўнг у озодликка чиқарилганди.

Хўш, бу ҳолат қачонгача давом этиши мумкин? Масъуллар яна қанча ёшларнинг йўлдан адашишини пойлаяпти? Асл вазифаси жазолаш эмас, профилактика бўлган, аммо бундай ҳолатларнинг олдини олмагани, тушунтириш ишларини олиб бормагани, тақиқланган нашидларни айбланувчилардан олдинроқ топиб, уларни блокламагани учун масъул орган ва ташкилотдаги ходимлар ҳам жавобгарликка тортиладими? Наҳотки, ёшларнинг 3 йил, 1 йил олдинги хатоларини топа олган “синчков” ИИББ ходимлари, нашидларнинг маъносига ёшлардан фарқли равишда яхши тушунадиган Дин ишлари бўйича қўмита мутахассислари интернет тармоғида ҳар куни болалаётган эстремистик руҳдаги материалларни аниқлаб, уларнинг аҳоли назарига тушишининг олдини ололмаса? Ёки давлат ақидапарастликка қарши йигирма ёшли йигитларни қамаш орқали курашишда давом этаверадими?


Мақола муаллифи

Теглар

нашид Жаҳонгир Улуғмуродов Тошкент вилоят ИИББ Жиноят Кодекси 244-модда

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made